Дилафруз Хусан қизи Ахмедованинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар:
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармогʻи номи): “Минг – Манғит – Қўнғирот сулолаларининг расмий ёзишмалари тарихий манба сифатида”. 07.00.08 – “Тарихшунослик, манбашунослик ва тарихий тадқиқот усуллари”
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақами: В2023.3.PhD/Tar1623
Илмий раҳбар: Аллаева Ашировна Нигора, тарих фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Фанлар академияси Тарих институти.
ИК фаолият коʼрсатаётган муассаса, ИК рақами: Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти. DSc.02/30.12.2019.Tar.56.01.
Расмий оппонентлар: Ойбек Абдурасулович Кличев, тарих фанлари доктори;
Нурёғди Искандарович Тошев, тарих фанлари номзоди.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат шарқшунослик университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Минг – Манғит – Қўнғирот сулолалари ўртасидаги ёзишмалар ва нодир ҳужжатларни муҳим тарихий манба сифатидаги илмий муомалага киритиш ҳамда Бухоро, Хива, Қўқон хонликлари ўзаро алоқаларига доир янги маълумотларни очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Минг – Манғит – Қўнғирот сулола вакиллари ўртадаги муносабатларни мустаҳкамлашда “сулолавий никоҳ” воситасидан фойдаланилганлиги ва ёзишмаларнинг унвон қисмида ҳукмдорларнинг бир-бирларига нисбатан “биродар”, “тоға” ва “ини” каби мурожаатлари томонларнинг “устунлик ёки тенглик” даражаси ҳамда манфаатдор қўшничилик сиёсатини юритганлиги далилланган;
Хонликларда турли ички ёзишмалардан фарқ қилувчи халқаро ҳужжат юритиш тизими шаклланган бўлиб, ташқи алоқа учун ҳукмдорларнинг махсус муҳри (Бухоро амирлигида думалоқ кунгура ҳошияли, Хива хонлигида юлдузсимон думалоқ, Қўқон хонлигида кўзасимон ва чўққили бодомсимон) қўйилганлиги ва бу дипломатик муносабатга киришувчи томоннинг расмий мақомини ҳамда ҳужжатнинг тасдиғини англатувчи дипломатик рамз эканлиги аниқланган;
Қўқон хонлиги ҳужжатлари орасида шахсларнинг мавқеи ва даражасини аниқлаб берадиган муҳрлар мавжуд бўлиб, жумладан, мингбоши сифатида тилга олинган Мусулмонқулининг қўшбеги мансабида ҳам хизмат қилганлиги ва у маълум вақт қуйироқ мақомда бўлса-да, давлат бошқарувидаги таъсирини ҳамда халқаро ҳужжатларга муҳр қўйиш ваколатини сақлаб қолганлиги далилланган;
мактублар мазмун-моҳиятига кўра дўстлик ва бирдамликни ифодаловчи: ихлоснома (ишонч билдириш), истимолатнома (даъватнома), садоқатнома, муҳаббатнома, таҳниятнома (табрикнома), фатҳнома; ҳамда зиддият ва қарама-қаршиликни билдирувчи: маъзиратнома (узр сўраш) ва сулҳнома каби мактуб турларига бўлиниши ҳамда бу мактуб турлари Бухоро, Хива ва Қўқон хонликлари ўртасидаги муносабатлар ривожини белгиловчи восита эканлиги далилланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Мавзу юзасидан ишлаб чиқилган илмий хулоса ва таклифлар асосида:
Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Минг – Манғит – Қўнғирот сулолаларининг ўзаро алоқаларига доир ёзишмаларни ўрганиш доирасида тўпланган маълумотлар, илмий таклиф ва хулосалар асосида: ҳукмдорлар ўртадаги муносабатларни мустаҳкамлашда “сулолавий никоҳ” воситасидан фойдаланилганлиги ва ёзишмаларнинг унвон қисмида ҳукмдорларнинг бир-бирларига нисбатан “биродар”, “тоға” ва “ини” каби мурожаатлари томонларнинг “устунлик ёки тенглик” даражаси ҳамда манфаатдор қўшничилик сиёсатини юритганлиги оид маълумотлардан “Ўзбекистон тарихи” телеканалида намойиш этилган “Қисмат” кўрсатувининг ссенарийсини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Маърифат” ижодий бирлашмаси давлат муассасининг 2025-йил 6-февралдаги 01-33-53-сон маълумотномаси). Тадқиқот натижалари хонликлар ўртасидаги дипломатик алоқалар тарихига доир янги маълумотлар билан бойитган.
Хонликларда турли ички ёзишмалардан фарқ қилувчи халқаро ҳужжат юритиш тизими шаклланганлиги ва ташқи алоқа учун ҳукмдорларнинг махсус муҳри (Бухоро амирлигида думалоқ кунгура ҳошияли, Хива хонлигида юлдузсимон думалоқ, Қўқон хонлигида кўзасимон ва чўққили бодомсимон) қўйилганлиги ҳамда бу дипломатик муносабатга киришувчи томоннинг расмий мақом-мавқеини шунингдек, ҳужжатнинг тасдиғини англатувчи дипломатик рамз эканлиги ҳақидаги маълумотлар ПЗ-20170928402 “Ўзбекистоннинг ўрта асрлар тарихи расмий ҳужжатларда: муаммоли жиҳатлар, талқин ва таҳлил (ВИИ-ХИХ асрнинг биринчи ярми)” мавзусидаги лойиҳа доирасида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2025-йил 4-февралдаги 3/1255-395-сон маълумотномаси). Натижалар ўзбек давлатчилиги тарихининг муҳим босқичи бўлган хонликлар даврида ҳужжат юритиш ва муҳрларнинг ташқи алоқалардаги ўрни ҳақидаги маълумотларни бойитишга хизмат қилган.
Қўқон хонлиги ҳужжатлари орасида шахсларнинг мавқеи ва даражасини аниқлаб берадиган муҳрлар мавжуд бўлиб, жумладан, мингбоши сифатида тилга олинган Мусулмонқулининг қўшбеги мансабида ҳам хизмат қилганлиги ва у маълум вақт қуйироқ мақомда бўлса-да, давлат бошқарувидаги таъсирини ҳамда халқаро ҳужжатларга муҳр қўйиш ваколатини сақлаб қолганлиги тўғрисидаги маълумотлардан “Ўзбекистон тарихи” телеканалининг “Мавзу” кўрсатувининг ссенарийсини тайёрлашда фойдаланилди (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Маърифат” ижодий бирлашмаси давлат муассасининг 2025-йил 6-февралдаги 01-33-53-сон маълумотномаси). Натижалар хонлик бошқарув тизимидаги унвон ва мансабларининг фаолияти ва ваколати ҳақидаги билимларни кенгайтиришга хизмат қилган.
Бухоро, Хива ва Қўқон хонликлари ўртасидаги ёзишмалар мазмун-моҳиятига кўра, дўстлик ва бирдамликни ифодаловчи: ихлоснома (ишонч билдириш), истимолатнома (даъватнома), садоқатнома, муҳаббатнома, таҳниятнома (табрикнома), фатҳнома; ҳамда зиддият ва қарама-қаршиликни билдирувчи: маъзиратнома (узр сўраш) ва сулҳнома каби мактуб турларига бўлиниши ҳамда бу мактуб турлари сулолалар ўртасидаги муносабатлар ривожини белгиловчи восита эканлигига оид хулосалардан ПЗ-20170928402 “Ўзбекистоннинг ўрта асрлар тарихи расмий ҳужжатларда: муаммоли жиҳатлар, талқин ва таҳлил (ВИИ-ХИХ асрнинг биринчи ярми)” мавзусидаги лойиҳа доирасида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2025-йил 4-февралдаги 3/1255-395-сон маълумотномаси). Натижалар хонликлар ўртасидаги муносабатларни ёритувчи ҳужжатларни илмий муомалага киришига имкон беради.