Sayt test rejimida ishlamoqda

Козинская Любовь Константиновнанинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Гриньяр реакцияси бўйича дибензо-18-краун-6нинг янги ҳосилалари синтези ва ҳоссалари», 02.00.03–Органик кимё (кимё фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.2PhD/K111.

Илмий раҳбар: Ташмухамедова Айниса Каримовна, кимё фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Миллий университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, DSc.27.06.2017.К.01.03.

Расмий оппонентлар: Зиядуллаев Одилжон Эгамбердиевич, кимё фанлари доктори; Кадиров Хасан Иргашевич, техника фанлари доктори.

Етакчи ташкилот: Ўсимлик моддалар кимёси институти.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: Гриньяр реакцияси бўйча дибензо-18-краун-6нинг янги ҳосилаларини синтез қилиш ва уларнинг хоссаларини аниқлашдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

илк бор Гриньяр реакцияси асосида 4´,4´´(5´´)-диацетилдибензо-18-краун-6нинг учламчи спиртларини олиш методикаси ишлаб чиқилди ҳамда 4´,4´´(5´´)-дийоддибензо-18-краун-6 нинг магнийли комплекс билан мувофиқли синтезлари ёрдамида 4´,4´´(5´´)-ди-(диметилоксиметил)-дибензо-18-краун-6 ва 4´,4´´(5´´)-ди-(метилэтилоксиметил)- дибензо-18-краун-6 олинган;

4´,4´´(5´´)-дийоддибензо-18-краун-6 билан карбонат ангидриди таъсирлашиши реакциясида 4´,4´´(5´´)-дибензо-18-краун-6-дикарбон кислотасининг липофил (бензол) ва классик Гриньяр эритувчиларида (диэтил эфир) ҳосил бўлиши аниқланган;

илк бор 4´,4´´(5´´)-дийоддибензо-18-краун-6 асосида Гриньяр реактиви ситез қилинган ва турли шароитларда унинг реакцион қобилияти аниқланган;

синтез қилинган бирикмаларнинг экстракцион, транспорт ва микробиологик хоссалари аниқланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Гриньяр реакцияси натижасида краун эфирларнинг ҳосилаларини синтез қилиш ва хоссаларини аниқлаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:

дибензо-18-краун-6 ва унинг ҳосилалари «Электрокимё» АЖда амалиётга жорий этилган («Электрокимё» АЖнинг 2018 йил 25 сентябрдаги 609-сон маълумотномаси). Натижада аммоний, калий ва натрий катионлари концентрацияларини аниқлашда сорбент сифатида фойдаланиш имконини берган;

4´,4´´(5´´)-ди-(диметилоксиметил)-дибензо-18-краун-6 эфири «Истиқболли тиббиёт технологиялари» АЖда (Россия Федерацияси) тиббиёт буюмларини ишлаб чиқиш ва тайёрлаш бўйича юрак хасталигида ишлатиладиган тиббиёт буюмларини модификациялаш учун олиб борилган мақсадли илмий тадқиқотларида фойдаланилган («Истиқболли тиббиёт технологиялари» АЖнинг 2018 йил 26 июлдаги маълумотномаси). Натижада краун эфирлари билан модификацияланган янги тиббиёт буюмлари яратиш имконини берган;

дибензо-18-краун-6 асосидаги учламчи спиртларнинг синтези ва кимёвий ўзгаришлари бўйича олинган натижалардан ФА-А6-Т106 рақамли «Нефт, табиий газ ва газ конденсатини қазиб олишда ишлатиладиган жиҳозлар, нефт қувурлари, магистрал газ тармоқларини ҳимоя қилишда кўлланиладиган биокоррозия ингибиторларини яратиш» мавзусидаги лойиҳада коррозияга қарши ингибиторлар сифатида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг 2018 йил 23 октябрдаги 4/1255-2794-сон маълумотномаси). Натижада нефть қазиб олишда ва нефтни қайта ишлаш саноатида қўлланиладиган биоингибиторлар яратиш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish