Даминова Шахло Шариповнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Рангли ва нодир металларни P,S,О,N-сақлаган қаттиқ экстрагентлар билан сорбциялаш қонуниятлари ва уларнинг ўзига хосликлари», 02.00.01–Ноорганик кимё, 02.00.04–Физик кимё (кимё фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.DSc/К2.
Илмий маслаҳатчи: Шарипов Хасан Турабович, кимё фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент кимё-технология институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, DSc.27.06.2017.К.01.03.
Расмий оппонентлар: Парпиев Нусрат Агзамович, кимё фанлари доктори, профессор, академик; Ибрагимов Бахтияр Туляганович, кимё фанлари доктори, профессор, академик; Хасанов Абдурашид Солиевич, техника фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Умумий ва ноорганик кимё институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: рангли ва нодир металларни P,S,О,N-сақлаган қаттиқ экстрагентлар билан сорбциялаш қонуниятлари ҳамда уларнинг физик-кимёвий ва комплекс ҳосил қилиш хоссаларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор таркибида диалкилдитиофосфат-ионлари ва МАВ бўлган 30 та янги аралаш лигандли комплекс бирикмалар синтез қилинган;
спектроскопик маълумотлар ва квант-кимёвий ҳисоблаш натижаларига кўра аралаш лигандли янги комплексларда DADTР ва MAB молекулаларининг координацияланиш қобилиятлари, тузилиши хамда комплекс ҳосил қилувчи ва лигандлар табиатига боғлиқ ҳолда термик ўзгаришлардаги хусусиятлари аниқланган;
илк бор 3 та онийли бензимидазол бирикмалари, Co(II), Cd(II), Bi(III) диизопропилди-тиофосфатларининг МАВ билан 3 та янги координацион бирикмаларининг кристалл тузилишлари аниқланган ҳамда комплекс [MAB+H]×(iC3H7O)2PS2 ва [MAB+H]×Cl×3H2O таркибли иккита барқарор полиморфлар учун бензимидазолий ион жуфтининг ҳосил бўлиши, полиморфлар органик катионнинг сув молекулалари ва хлорид ионлари билан ўзаро таъсири табиати билан фарқ қилиши исботланган;
металл иони радиуси ва ташқи электрон поғонасига боғлиқ ҳолда дитиофосфат ион билан монодентат координацияланган тетраэдрик N2S2-конфигурациядан ([Cd(MAB)2((iC3H7O)2PS2)2]) бидентат координацияланган бузилган пентагонал бипирамидали N1S6-конфигурация ([Bi(MAB)((iC3H7O)2PS2)3]) ва бузилган тетрагонал-пирамидали N1S4-конфигурацияга [Co(MAB)((iC3H7O)2PS2)2] ўтиши аниқланган, шунингдек водород боғланишсиз алоҳида мономер молекуляр тузилишнинг барқарорлашуви содир бўлиши исботланган;
илк бор ноионоген стирол-дивинилбензол сополимери асосидаги полимер матрицага DADTF ва MAB ларни импрегнирлаб, хоссалари олдиндан белгиланган янги қаттиқ экстрагентлар олинган;
илк бор олинган қаттиқ экстрагентларнинг металл ионларига нисбатан сорбцион ва кинетик хусусиятлари, сорбция жараёнинг қулай шароити аниқланган;
сорбент фазасида ҳосил бўладиган комплекслар таркиби ва тузилишининг Zn(II), Cd(II), Cu(II), Ni(II), Fe(III), Ag(I), Au(III), Pt(II) металл ионлари сорбциясига таъсири кўрсатилган, сорбция механизми, десорбцион хоссалар ва мультикомпонентли эритмаларда сорбция селективлиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Рангли ва нодир металларни P,S,О,N-сақлаган қаттиқ экстрагентлар билан сорбциялаш қонуниятларини аниқлаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
олтита янги бирикмаларнинг рентген тузилиши таҳлили натижалари Кембриж кристаллографик маълумотлар базасига киритилган (Cambridge Structural Database, https://www.ccdc.cam, CCDC, 1847610, 1847963, 1847965, 1847609, 1846854, 1847608). Натижада базага киритилган янги кимёвий бирикмалар ўхшаш бирикмаларни синтез қилишда, тузилишини тавсифлаш имконини берган;
импрегнирланган қаттиқ экстрагентларда металл ионлари сорбцияси ва комплекс ҳосил бўлиши бўйича олинган маълумотлардан юқори инпакт-факторли (IF) 5 та хорижий журналларда намуналарнинг кристалл ва молекуляр тузилиши, қаттиқ экстрагентларнинг физик-кимёвий ва спектрал таҳлили учун фойдаланилган (Journal of Structural Chemistry, 2008, V.49, Springer, IF-0.579; Contemporary Engineering Sciences, 2018, V.11, ResearchGate, IF-0,59; Journal of Environmental Chemical Engineering, 2018, V.6, ResearchGate, IF-3.42; Applied Surface Science, 2019, V.266, Elsevier, IF-4.44; Journal of Cleaner Production, 2019, V.213, Elsevier, IF-5,65). Натижада таркибида N, P, S бўлган органик лигандлар асосидаги импрегнирланган сорбентларни йўналтирилган синтезини амалга ошириш, металл ионларини аниқлаш имконини берган;
сувни тозалашни тезлаштириш ва тозалик даражасини ошириш бўйича услубий тавсиянома Сурхондарё вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси амалиёти маиший чиқинди сувларни сорбцион тозалаш жараёнига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2018 йил 29 январдаги 03-03-751-сон маълумотномаси). Натижада маиший чиқинди сувларни тозалаш самарадорлиги ва тезлигини ошириш имконини берган;
PAD600-MAВ сорбенти “Навоий кон-металлургия комбинати” ДКда технологик эритмаларидан рений ионларни ажратиб олиш жараёнига жорий этилган (“Навоий кон-металлургия комбинати” ДКнинг 2018 йил 28 ноябрдаги 02-06-04/15010-сон маълумотномаси). Натижада ренийнинг масса концентрациясини спектрофотометрик усулда аниқлаш имконини берган;
PAD600 асосидаги сорбент “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ қарашли «Хандиза» кон бойитиш комплексида саноат оқава сувларини тозалаш жараёнига жорий этилган (“Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖнинг 2018 йил 29 ноябрдаги OП-10955-сон маълумотномаси). Натижада чиқинди сувларни тозалаш жараёнини яхшилаш имконини берган;
қаттиқ экстрагентларни олиниш усуллари ва уларнинг сорбцион хамда комплекс ҳосил қилиш хоссалари Япониянинг Мейжи университетининг мақсадли илмий тадқиқотида фойдаланилган (Япония Мейжи университетининг 2018 йил 25 ноябрдаги маълумотномаси). Натижада ноионоген стирол-дивинилбензол сополимери асосида янги сорбцион полимерлар олиш имконини берган;
олинган қаттиқ экстрагентлар ва сорбентлар ОТ-Ф7-48 рақамли “Полимер материаллар сиртига иммобилланган металлар нанозаррачаларининг фазавий ўзгаришлари механизмини тадқиқ қилиш” мавзусидаги лойиҳада технологик ва экологик мақсадлар учун янги сорбцион материалларни яратиш ва чиқинди сувлардан металл ионларини тозалашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 7 декабрдаги 89-03-4261-сон маълумотномаси). Натижада нодир металларни сорбентлар ёрдамида концентрлаб спектрофотометрик аниқлаш имконини берган.