Ражабов Алишер Юсуповичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.Умумий маълумотлар
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Бойсунтовнинг қадимги тош даври ёдгорликлари», 07.00.06 – Археология (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B.2024.1. PhD/Tar1849
Илмий раҳбар: Сайфуллаев Бахтиёр Қурбонович, тарих фанлари доктори, бош илмий ходим. 
Диссертация бажарилган муассаса номи: Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Самарқанд археология институти, DSc.01/10.01.2024.Tar.169/01
Расмий оппонентлар: Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети Археология кафедраси профессори, тарих фанлари доктори, Холматов Нормуҳаммад Ўрозович ва ЎзР ФА Миллий археология маркази илмий ходими, PhD Муҳаммадиев Акмал Ғаниевич.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Миллий университети
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Тешик-тош-1-2 ҳамда янги очилган Мачай-2 ва Қоронғудара ёдгорликларининг археологик материалларини замонавий стратиграфик, техник-типологик ва морфологик усуллар ёрдамида тадқиқ қилишдан иборат. 
III.  Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
 Бойсунтовдан топилган қадимги тош даври ёдгорликлари археологик материалларининг техник-типологик хронологияси ҳамда уларнинг тарқалиш харитаси ишлаб чиқилди;
Тешик-тош-1 макони индустриясининг леваллуа технологиясига асосланган миндел-рисс даври, Тешик-тош-2 ғори эса сўнгги палеолит даври артефактларига эга топилмажой эканлиги аниқланди;  
Янги топилган Қоронғудара топилмажойи ўрта палеолитга оидлиги ва унинг тош буюмлари ҳудуддаги Тешик-тош макони индустрияларига ўхшашлиги, Мачай-2 ғор макони эса сўнгги палеолит даврининг бошларига оидлиги исботланди; 
Бойсунтов ҳудуди қадимги тош даври аҳолисининг маданий-даврий жиҳатдан ўрта палеолит даврининг леваллуа маданияти асосида ривожланганлиги ва маҳаллий асосда илк сўнгги палеолит даври маданиятига ўсиб ўтганлиги ҳамда Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари леваллуа ёдгорликларининг шаклланишида катта таъсир кўрсатганлиги аниқланди.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: «Бойсунтовнинг қадимги тош даври ёдгорликлари» мавзусидаги фалсафа доктори илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертасия бўйича қўлга киритилган қуйидаги илмий натижалар асосида:
Тешик-тош-1 макони тош ашёлари орасида леваллуа элементларининг мавжудлиги асосида уларни ўрта палеолит даври маданиятларининг леваллуа вариантига оид эканлиги тўғрисидаги маълумотлардан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон телерадиоканали” давлат муассасасининг “Ўзбекистон тарихи” телеканалида эфирга узатилаётган “Кўҳна манзиллар” телекўрсатуви ссенарийсини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг 2024-йил 2-октябрдаги №02-28/1077-сонли маълумотномаси). Натижалар томошабинларнинг Бойсунтов ҳудуди тош даври аҳолиси тарихи, моддий ва маданий ҳаётига доир янги маълумотларга эга бўлишига хизмат қилади. 
Тадқиқотнинг амалиётга жорий қилинишида Тешик-тош 1 ва 2, Мачай-2 ва Қоронғудара ёдгорликларидаги қазишмалар жараёнида топилган моддий маданият ашёлари Термиз археология музейининг қадимги тош даври маданияти билан боғлиқ экспозицияларини бойитишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг 2024-йил 19-июлдаги №04-07/2701-сонли маълумотномаси).
Тешик-тош 1 ва 2, Мачай-2 ва Қоронғудара ёдгорликлари ҳамда улардан йиғилган тош қуроллар, бифаслар, қирғичлар, тишсимон-кертилган қуроллар, нуклеуслар ва бошқа моддий-маданий буюмлардан Жанубий Ўзбекистоннинг энг қадимги тарихи бўйича кўргазмалар ташкил қилишда кенг фойдаланилган (Термиз археология музейининг 2024-йил 16-июлдаги №122-сонли маълумотномаси). Натижалар Жанубий Ўзбекистоннинг қадимги тош даври даври моддий маданияти, тарихи ва маданий меросини музейга ташриф буюрувчи маҳаллий ва хорижий сайёҳларга кўрсатиш ва келажак авлод онгида миллий меросга бўлган ғурур туйғусини уйғотишга хизмат қилади.
Термиз археология музейи экспонатлари орасидан жой олган артефактлар жанубий Ўзбекистон ҳудудидаги тош даври ёдгорликларининг ўрганилиш тарихини яратиш, Бойсунтов ҳудуди палеолит даври индустриялари тошга ишлов бериш техникасида, жумладан, тош қуроллари орасида қирғичлар, бифаслар ва тош пичоқлар мажмуасидан Термиз археология музейида экспозицияларни яратилишида фойдаланилди. (Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг 2024-йил 24-июлдаги №04-05/2765-сонли маълумотномаси). Натижалар Сурхондарё қадимги тарихи ва маданий меросини кенг жамоатчиликга яни музейга ташриф  буюрувчиларга қадим Бойсунтов тўғрисидаги маълумотлар беришга ҳамда тарғибот қилишга хизмат қилади.  

Yangiliklarga obuna bo‘lish