Муродов Алишер Шарофхоновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ички ишлар органларининг оиладаги зўравонлик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар профилактикасини такомиллаштириш», 12.00.08–Жиноят ҳуқуқи. Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш. Криминология. Жиноят-ижроия ҳуқуқи (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.3.PhD/Yu134.
Илмий раҳбар: Исмаилов Исамиддин, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси, DSc.27.06.2017.Yu.25.01.
Расмий оппонентлар: Тохиров Фарход, юридик фанлар доктори, профессор; Абдуқодиров Шерзод Ёқубжонович, юридик фанлар номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ички ишлар органларининг оиладаги зўравонлик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
оиладаги зўравонликнинг олдини олишга доир асосий тушунчаларни, ушбу фаолиятни ташкил этишнинг принципларини, бу соҳада фаолият олиб борувчи субъектларнинг тизимини, ваколатларини, шунингдек мазкур соҳада амалга ошириладиган профилактик чора-тадбирларни белгилайдиган уларни мувофиқлаштиришни тартибга соладиган қонун қабул қилиш зарурати асослантирилган;
оила турмуш муносабатлари доирасидаги ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва профилактика қилиш самарадорлигини оширишда бу борадаги чора-тадбирларга ҳудуднинг хусусиятини инобатга олган ҳолда илмий нуқтаи назардан комплекс ёндашиш зарурлиги асослантирилган;
оиладаги зўравонликдан жабрланган шахсларга ўз вақтида манзилли ёрдам кўрсатиш ва ҳимоя қилиш, уларга нисбатан ҳуқуқбузарлик содир этилишига йўл қўймаслик мақсадида жабрланганлар учун ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларини ташкил этиш зарурлиги асослантирилган;
оилалардаги низоли вазиятлар, маиший зўрлик ишлатиш, оила-турмуш доирасидаги зўравонликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида давлат, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва фуқаролар билан ҳамкорлигининг (низоли оилаларни яраштириш, ишсизларни иш билан таъминлаш ва ҳ.к.) йўналишлари асослантирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ички ишлар органларининг оиладаги зўравонлик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар профилактикасини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
оиладаги зўравонликнинг олдини олишга доир асосий тушунчаларни, ушбу фаолиятни ташкил этишнинг принципларини, бу соҳада фаолият олиб борувчи субъектларнинг тизимини, ваколатларини белгилашга доир таклифлар асосида Ўзбекистон Республикасининг «Маиший зўравонликнинг олдини олиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқишда фойдаланилган, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси муҳокамасига қабул қилинган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2018 йил 20 июндаги 06/1-05/1604вх-сон маълумотномаси). Мазкур қонуннинг қабул қилиниши оиладаги зўравонлик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар профилактикасини такомиллаштиришга хизмат қилади;
оила турмуш муносабатлари доирасидаги ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишга оид таклифлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартдаги ПҚ-2833-сон «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида республика идоралараро комиссия раиси томонидан 2017 йил 6 июль куни тасдиқланган «Оиладаги зўравонликнинг олдини олиш бўйича 2017-2018 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар»ни ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармасининг 2017 йил 21 декабрдаги 26/4273-сон маълумотномаси). Мазкур таклифлар оила турмуш доирасида содир этиладиган қасддан одам ўлдириш, қасддан баданга турли даражада шикаст етказиш, қийнаш жиноятларининг олдини олишга хизмат қилган;
Ўзбекистон Республикасида оиладаги зўравонликдан жабрланганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларини ташкил этишга оид таклифлардан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 июлдаги ПҚ-3827-сон «Ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот марказининг 2018 йил 18 июлдаги 397-сон маълумотномаси). Мазкур таклифлар оиладаги зўравонликдан жабрланганларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларини ташкил этиш ва уларда жабрланган шахсларга ижтимоий, ҳуқуқий, тиббий ва психологик ёрдам кўрсатилишини таъминлашга хизмат қилган.