Шомиров Азизбек Абдурашидовичнинг 
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.      Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Иқтисодиётга инвестицияларни жалб қилишда қимматли қоғозлар бозори ролини ошириш», 08.00.07 – «Молия, пул муомаласи ва кредит».
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: Б2024.1.DSc/Iqt650.
Илмий маслаҳатчи: Омонов Акром Абдиназарович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат иқтисодиёт университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат иқтисодиёт университети, DSc.03/30.12.2019.I.17.01.
 Расмий оппонентлар: иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Ҳайдаров Низамиддин Хамраевич; иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Элмирзаев Самариддин Эшкуватович; иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Хамидова Фарида Абдулкарим қизи.
Етакчи ташкилот: Г.В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети Тошкент шаҳри филиали. 
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Иқтисодиётга инвестициялар жалб қилишда қимматли қоғозлар бозори ролини ошириш юзасидан илмий таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
хусусийлаштириладиган давлат мулклари, шу жумладан давлат акция пакетлари бўйича инвесторлар томонидан тўланадиган шартнома суммаси савдо санасидаги белгиланган БҲМнинг 20 минг бараваридан ошган тақдирда тўловларни 3 йилгача бўлган муддатда бўлиб тўлашга имконият бериш таклиф этилган; 
тижорат банкларининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида халқаро молиявий институтларидан жалб қилинган кредит маблағларини банк акцияларига конвертация қилиш асосида банклар капиталлашувида хорижий стратегик инвесторлар иштирокини таъминлаш асосланган;
маҳаллий қимматли қоғозлар бозорида янги молиявий инструментлар орқали инвестициялар диверсификациясини таъминлашда фонд биржаси “Stock market” акциялар бозорининг мавжуд листинг тоифаларига киритилган эмитентларга муддати 1 йилдан кўп бўлмаган биржа облигацияларини чиқариш имкониятини бериш таклиф этилган;
Ўзбекистон Республикасининг норезиденти бўлган юридик шахсларнинг акциялар бўйича ҳисобланган дивидендлар тарзидаги даромадларига Ўзбекистон Республикасининг резиденти бўлган юридик шахслар каби фойда солиғининг 5 фоиз ставкасини қўллаш муддатини узайтириш таклиф этилган; 
қимматли қоғозлар бозори орқали инвестициялар жалб қилишда СПО  амалиётидан фойдаланиш жараёнида акциядорлик жамиятлари устав капиталининг 4 фоиздан кам бўлмаган миқдордаги акция пакетини жойлаштириш таклиф этилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Иқтисодиётга инвестицияларни жалб қилишда қимматли қоғозлар бозори ролини ошириш юзасидан олиб борилган тадқиқотлар натижасида ишлаб чиқилган таклиф ва тавсиялар асосида:
хусусийлаштириладиган давлат мулклари, шу жумладан давлат акция пакетлари бўйича инвесторлар томонидан тўланадиган шартнома суммаси савдо санасидаги белгиланган БҲМнинг 20 минг бараваридан ошган тақдирда тўловларни 3 йилгача бўлган муддатда бўлиб тўлашга имконият бериш таклифи Ўзбекистон Республикасининг 2024-йил 14-февралдаги “Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида”ги ЎРҚ-907-сон Қонунининг 31-моддаси 3-бандида ўз аксини топган (Давлат активларини бошқариш агентлигининг 2025-йил 11-мартдаги 03/08-1-12/1048-сон маълумотномаси). Натижада, 2024-йил давомида қиймати 20 минг БҲМдан ортиқ бўлган 103 та давлат мулклари “Э-ауксион” электрон савдо платформаси орқали ҳамда 13 та давлат акция пакетлари “Тошкент” Республика фонд биржасида оммавий савдоларга чиқарилишига эришилган;
    тижорат банкларининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида халқаро молиявий институтлардан жалб қилинган кредит маблағларини банк акцияларига конвертация қилиш асосида банклар капиталлашувида хорижий стратегик инвесторлар иштирокини таъминлаш бўйича таклифидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2023-йил 31-июлдаги ““Ўзсаноатқурилишбанк” акциядорлик тижорат банкининг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш ва хусусийлаштиришни жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-253-сон қарорини ишлаб чиқишда фойдаланилган  (Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг 2025-йил 18-апрелдаги 04-72-2-00417-сон маълумотномаси). Натижада, 2023-йил якунига келиб “Ўзсаноатқурилишбанк” акциядорлик тижорат банки томонидан Осиё тараққиёт банки билан банк оддий акцияларига конвертация қилинувчи 50 млн. АҚШ доллари миқдоридаги кредит линияси жалб қилиниши тўғрисида битим имзоланишига эришилган;
    маҳаллий қимматли қоғозлар бозорида янги молиявий инструментлар орқали инвестициялар диверсификациясини таъминлашда фонд биржаси “Стоcк маркет” акциялар бозорининг мавжуд листинг тоифаларига киритилган эмитентларга муддати 1 йилдан кўп бўлмаган биржа облигацияларини чиқариш имкониятини тақдим қилиш юзасидан таклифидан “Тошкент” Республика фонд биржаси Кузатув кенгашининг 2023-йил 12-майдаги 6-сонли Баённомаси билан тасдиқланган ““Тошкент” Республика фонд биржаси акциядорлик жамиятида биржа облигацияларини рўйхатдан ўтказиш, жойлаштириш ва муомалага киритиш Тартиби”ни ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг 2025-йил  18-апрелдаги 04-72-2-00417-сон маълумотномаси). Натижада 2025-йил бошига келиб “Тошкент” РФБ “Стоcк маркет” акциялар бозорининг “Премиум”, “Стандарт” ва “Транзит” листинг тоифаларига киритилган 65 та эмитент биржа облигацияларини эмиссия қилиб, соддалаштирилган тартибда фақатгина фонд биржаси рўйхатидан ўтган ҳолда қисқа муддат ичида инвестицияларни жалб этиш имкониятига эга бўлган;    
    Ўзбекистон Республикасининг норезиденти бўлган юридик шахсларнинг акциялар бўйича ҳисобланган дивидендлар тарзидаги даромадларига Ўзбекистон Республикасининг резиденти бўлган юридик шахслар каби фойда солиғининг 5 фоиз ставкасини қўллаш муддатини узайтириш юзасидан таклифи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023-йил 2-сентябрдаги ПҚ-291-сон “Капитал бозорини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг                2025-йил 18-апрелдаги 04-72-2-00417-сон маълумотномаси). Натижада, 2028-йил                  31-декабрга қадар Ўзбекистон қимматли қоғозлар бозорида юридик шахс мақомидаги хорижий инвесторларга маҳаллий юридик шахс тоифасидаги инвесторлар билан тенг шароит ва имтиёзларнинг яратилишига ҳамда мамлакат фонд бозорининг инвестициявий жозибадорлигини оширишга эришилган ҳамда 2024-йил натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикасининг норезиденти ҳисобланган 171 нафар юридик шахслар акциялар бўйича ҳисобланган дивидендлар тарзидаги даромадларига 5 фоиз ставкада солиқ тўлаб, ўзларининг ихтиёрида 751,8 млрд. сўм миқдоридаги маблағни тежаб қолган;
қимматли қоғозлар бозори орқали инвестициялар жалб қилишда СПО амалиётидан фойдаланиш жараёнида акциядорлик жамиятлари устав капиталининг 4 фоиздан кам бўлмаган миқдордаги акция пакетини жойлаштириш таклифи Давлат активларини хусусийлаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш давлат комиссиясининг 2024-йил 13-сентябрдаги 84-сон баёнида ўз аксини топган (Давлат активларини бошқариш агентлигининг 2025-йил 11-мартдаги 03/08-1-12/1048-сон маълумотномаси). Натижада, “Халқчил ИПО” дастури доирасида “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ устав капиталидаги 4,44 фоизга тенг давлат акция пакетини хусусийлаштириш мақсадида маҳаллий фонд биржасида иккиламчи оммавий жойлаштириш (СПО)га чиқарилишига ва 42,9 млрд. сўм миқдоридаги инвестициялар жалб қилинишига эришилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish