Исамиддинов Мумин Муҳаммадовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Экспортга мўлжалланган ўрик (Armeniaca vulgaris), шафтоли (Persica) меваларини дастлабки совитиш ва сақлашнинг замонавий усуллари”, 06.01.11 – Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2023.2.PhD/Qx1152.
Илмий раҳбар: Одинаев Мирзамад Исаевич, қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат аграр университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети, DSc.05/29.04.2022.Qx.13.04.
Расмий оппонентлар: Муминов Нажмиддин Шамсиддинович, техника фанлари доктори, профессор; Джамалов Зохид Зафарович, техника фанлари бўйича фалсафа доктори.
Етакчи ташкилот: Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ўрик (Armeniaca vulgaris), шафтоли (Persica) меваларини дастлабки совитиш ва сақлашнинг замонавий усулларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Ўзбекистонда ўрик ва шафтоли меваларини совуткичли омборларда сақлашда 20% плескилл 200 г/кг тиабендазол фумиганти ва метилциклопропен бирикмаси (1-МСП) билан дастлабки ишлов берилиши натижасида сақланувчанлик 18-20% га ошиши исботланган;
сақлаш учун ўрикнинг Исфарак ва шафтолининг Элберта навлари мақбул эканлиги, дастлабки совитиш жараёнида фаол шамоллатиш тизимини қўллаш натижасида меваларнинг ҳароратини терим пайтидаги ҳарорати (25-28°C) дан 2°C туширишда сарфланадиган вақт 360 дақиқадан 160 дақиқага камайиши, шунингдек маҳсулот таркибининг сифати сақланиб қолиши аниқланган;
сақлаш камерасидаги нисбий намлик даражаси дастлабки совитиш жараёнида меваларнинг ҳароратини пасайиши жадаллигига таъсир қилиши, ҳавонинг нисбий намлиги 95% бўлиши мевалардаги ҳароратини пасайтириш жадаллигини 12-15% тезлаштирилиши, сақлаганда умумий йўқотишлар оддий совутиш камерасида сақланган ўрик мевалари учун 3-5 марта, шафтоли мевалари учун 2-3,5 марта кам бўлиши, биокимёвий таркибининг ўзгариши оддий усулга нисбатан кам бўлиши аниқланган;
сақлаш ва экспортга жўнатишдан олдин ўрик ва шафтоли меваларига метилсиклопропен препарати билан ишлов беришда энг мақбул усули тутатиш эканлиги, шунингдек, энг самарали ҳарорат 4-8°C оралиғида бўлиши исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўрик ва шафтоли меваларини сақлаш жараёнларини такомиллаштиришни илмий асослаш бўйича олиб борилган илмий-тадқиқот натижалари асосида:
Наманган вилояти Турақўрғон тумани “Абдугаффор Яндама Минилогистика” МЧЖ да 60 тонналик совитиб сақлаш омборхонасида ўрикнинг Шалах, Исфарак, Курсодиқ ва Хурмаи ва шафтолининг Элберта, Малиновый ва Лола навлари меваларини сақлашда дасталабки совитиш технологияси жорий қилинган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2023 йил 26 августдаги № 07/34-06/938 сон маълумотномаси). Натижада маҳсулотни 4000 сўм оралиғида сотиш ҳисобига ялпи даромад 240 000 000 сўм, иқтисодий самарадорлик 125% ни ташкил этган.
Андижон вилояти Булоқ боши тумани “Дуланалик боғбон” Фермер хўжалигига қарашли 15 тонналик совитиб сақлаш омборхонасида ўрикнинг “Шалах, Исфарак, Курсодиқ, ва Хурмаи” ва Шафтолининг “Элберта, Малиновый ва лола” навлари меваларини сақлаш, сақлашга совитиш ва совитиш жараёнида меваларини терилганидан кейин биринчи 12 соат ичида маҳсулот ҳароратини +27°C дан +2°C га тушириш, фумигацион шашка (тиабендазол таркибли) ва метилциклопропен билан ишлов бериш технологияси жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2023 йил 26 августдаги № 07/34-06/938 сон маълумотномаси). Натижада маҳсулотни 5000-6000 сўм оралиғида сотиш ҳисобига 75 000 000 ялпи даромад олинган, иқтисодий самарадорлик 145% ни ташкил этган.
Фарғона вилояти Олтиариқ тумани “Хайрулла Бахром Бойматов” фермер хўжалигига қарашли 80 тонналик совитиб сақлаш омборхонасида ўрикнинг Шалах, Исфарак, Курсодиқ ва Хурмаи ва шафтолининг Элберта, Малиновый ва Лола навлари меваларини терилганидан кейин дастлаб 12 соат ичида маҳсулот ҳароратини +27°C дан +2°C га тушириш, фумигацион шашка (тиабендазол таркибли) ва метилциклопропен билан ишлов бериш технологияси жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2023 йил 26 августдаги № 07/34-06/938 сон маълумотномаси). Натижада, маҳсулотни 5000-6000 сўм оралиғида сотиш ҳисобига 400 000 000 ялпи даромад олинган, иқтисодий самарадорлик 147%ни ташкил этган.