Райимов Оҳунжон Ҳамид ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Фарғона вилояти шароитида қорамоллар трематодозларининг тарқалиши ва олдини олиш чоралари”, 03.00.06 – Зоология (ветеринария фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.4.PhD/В70
Илмий раҳбар: Тайлаков Толип Исакулович, ветеринария фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети, DSc.06/30.12.2019.В.12.01.
Расмий оппонентлар: Мавлонов Собир Ибодуллаевич, ветеринария фанлари доктори, профессор; Исаев Жасур Музаффарович, ветеринария фанлари бўйича фалсафа доктори, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: СамДТУ ҳузуридаги И.М.Исаев номидаги микробиология, вирусология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Фарғона вилояти шароитида қорамоллар трематодоз қўзғатувчиларининг эпизоотологияси ва келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ҳамда қарши кураш чораларини такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Фарғона вилоятининг суғориладиган ва тоғолди-тоғ биоценозларида турли ёшдаги қорамоллар трематодозларининг тур таркиби (фассиолёз, гастротиляксоз, каликофороз, лиорхоз), инвазия экстенсивлиги ва интенсивлик даражаси аниқланган;
қорамоллар трематодозлари жигар ҳажмини катталашганлиги ва қотганлиги (цирроз), ошқозон ости безининг шишганлиги, жигар паренхимаси юзасининг нотекислиги ва бир нечта тешилган яралар бўлиши каби патологоанатомик ўзгаришлар билан характерланиши тадқиқотларда асосланган;
трематодозларнинг қорамолларда токсемия ва жигар фаолиятининг бузилишлари ҳамда қондаги гемоглобиннинг 16,8%, умумий оқсилнинг 8,2%, глюкозанинг 13,6% ва Т-лимфоцитларнинг 19,75 % га камайиши, билирубиннинг 44,2%, АсАТ фаоллигининг 42%, АлАТ фаоллигининг 25,0% ва Б- лимфоцитларнинг 44,4% га ошиши билан кечиши илмий асосланган;
қорамол трематодозларини даволаш ва олдини олишда замонавий антгелминтик препаратлар (Гелминтол, Довермер-10%, Роленол ва Флуcоних-340) ни қўллаш усуллари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Фарғона вилояти шароитида қорамоллар трематодозларининг тарқалиши ва олдини олиш чоралари бўйича олиб борилган илмий тадқиқот натижалари асосида:
«Қишлоқ хўжалик ҳайвонларининг трематодозлари, уларни даволаш ва олдини олиш чоралари бўйича тавсиянома» ишлаб чиқилиб, республикамизнинг қорамолчилик хўжаликларига жорий этилган (Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг 2024-йил 08-июлдаги 02/23-392-сон маълумотномаси). Ушбу тавсияларни амалиётга жорий этилиши натижасида қорамолларнинг трематодалар билан зарарланишининг олдини олиш эвазига юқори самарадорликка эришилган;
қорамолларнинг трематодозларини клиник, гемоморфологик, гемобиокимёвий, иммунобиологик ва патологоанатомик ўзгаришларига асосланиб ташхис қўйиш усуллари такомиллаштирилган ва амалиётга жорий этилган (Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг 2024-йил 08-июлдаги 02/23-392-сон маълумотномаси). Натижада қорамоллар трематодоз касалликларини аниқ ва қиёсий ташхислашга эришилган;
қорамоллар трематодозларини даволаш ва олдини олишда Гелминтол, Довермер-10%, Роленол, ва Флуcоних-340 препаратларини қўллаш усуллари Фарғона вилоятининг Ўзбекистон, Фурқат ва Бешариқ тумани қорамолчилик хўжаликларида амалиётга жорий этилган (Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг 2024-йил 08-июлдаги 02/23-392-сон маълумотномаси). Натижасида, профилактика усулининг қўлланилиши сарфланган бир сўм харажат ҳисобига 10,34 сўм иқтисодий самара олиш имконини берган.