Исроилов Аброржон Адилжоновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Болаларда икки томонлама ингвинал крипторхизмнинг хирургик даво тактикасини такомиллаштириш”, 14.00.35 – Болалар хирургияси (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйҳатга олинган рақам: B2022.1.PhD/Tib1306.
Илмий раҳбар: Рахматуллаев Акмал Абадбекович, тиббиёт фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент педиатрия тиббиёт институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Болалар миллий тиббиёт маркази, DSc.04/01.02.2022.Tib.147.01.
Расмий оппонентлар: Агзамходжаев Саиданвар Талатович, тиббиёт фанлари доктори (DSc); Сапаев Отабек Қодирович, тиббиёт фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот номи: Болалар саломатлиги миллий тиббий тадқиқот маркази (Россия).
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга эга.
II. Тадқиқотнинг мақсади: икки томонлама ингвинал крипторхизм билан туғилган болаларни жаррохлик йўли билан даволаш усулларини такомиллаштириш орқали даволаш натижаларини яхшилашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
болаларда икки томонлама крипторхизмнинг чов шаклини жарроҳлик йўли билан даволашнинг замонавий ёндашувлари асосида босқичма-босқич икки томонлама орхиопексия ва Clouter J. усули бўйича трансскротал бир босқичли икки томонлама орхиопексиянинг олиб бориш такомиллаштирилган;
Крипторхизмнинг икки томонлама чов шаклларида лапароскопик ассистентлик билан трансскротал бир босқичли икки томонлама орхиопексия усули қўлланилганда, моякларнинг физиологик қон таъминоти сақланиб қолиши ва уларнинг гипо- ҳамда атрофияси ривожланишининг камайиши исботланган;
узоқ муддатли кузатув даврида биринчи маротаба сақланиб қолган аъзодаги қон оқимини акс эттирувчи эхографик маълумотлар тақдим этилган, ҳамда икки томонлама чов крипторхизмини даволаш жараёнида пастга туширилаётган мояклар ишемиясига олиб келиши мумкин бўлган босқичли орхиопексия усулларини қўллаш хавфи асосланган;
уруғ тизимчасининг кучли таранглашуви ва моякнинг краниал йўналишда силжиши кузатилганда, узоқ муддатли даврда моякнинг иккиламчи малъпозицияси ҳамда атрофиясининг олдини олиш учун, моякларнинг эркин ҳолда ёрғоққа туширилишини таъминлаш мақсадида, тестикуляр қон томирларининг қорин бўшлиғи қисми ва уруғ йўлини лапароскопик усулда ажратиб олиш зарурлиги асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг амалиётга жорий этилиши.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Илмий-техник кенгашнинг 2025 йил 15 февралдаги 12/42-сонли хулосасига кўра:
биринчи илмий янгилик: болаларда икки томонлама крипторхизмнинг чов шаклини даволашда замонавий жарроҳлик ёндашувлари таҳлил қилинган, мавжуд усуллар, жумладан Clouter J. усули бўйича трансскротал бир босқичли икки томонлама орхиопексиянинг олиб бориш такомиллаштирилган. Тадқиқот натижалари Сурхондарё вилояти кўп тармоқли болалар тиббиёт марказининг жарроҳлик бўлимида 2024 йил 13 июлдаги 164-1-сонли буйруқ асосида амалиётга жорий этилган. Тадқиқотга 2024 йил январъ-август ойларида даволанган 21 нафар бемор (1-14 ёш, ўртача ёши 6,3±0,5) киритилган. Асосий гуруҳни 10 нафар (бир босқичли транскротал орхиопексия), таққослаш гуруҳини 11 нафар ўғил бола (босқичма-босқич чов орқали орхиопексия) ташкил этган. Ижтимоий аҳамияти: болаларда икки томонлама крипторхизмнинг чов шаклини даволашнинг жарроҳлик усулларини такомиллаштириш бепуштлик ва онкологик касалликлар хавфини минималлаштиришга, келажакда беморларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга ва психо-ижтимоий мослашувини оширишга қаратилганлиги сабабли юқори ижтимоий аҳамиятга эга. Иқтисодий самарадорлиги: Болаларда икки томонлама чов крипторхизмида орхиопексия ва операциядан кейинги даволашнинг янги усулини жорий этиш асоратларни 27,3% дан 10% гача камайтириш ва касалхонада даволаниш муддатини 1,8 кундан 1,2 кунгача қисқартириш имконини берган (P<0,05). Крипторхизмни даволашнинг такомиллаштирилган жарроҳлик тактикасининг иқтисодий самарадорлиги битта ҳолат учун ишлаб чиқариш харажатлари фарқини (мавжуд усул учун 1150000 сўм ва янги усул учун 580000 сўм) беморлар сонига (n=21) кўпайтириш орқали баҳоланган. Бу даволаниш курси учун стасионар харажатларни 12155000 сўмга тежашга ва шу билан бирга тиббий ёрдам сифатини оширишга имкон берган. Амбулатор босқичда қўшимча тежаш асоратлар частотасининг пасайиши билан боғлиқ: таққослаш гуруҳида 3 нафар беморда асорат ҳар бири учун 255000 сўм харажатни талаб қилган бўлса, асосий гуруҳда асорат фақат 1 нафар беморда 150000 сўм харажат билан қайд этилган. Хулоса: янги даволаш ёндашуви асоратлар ва ётоқ кунларини сезиларли даражада камайтирган, яққол ижтимоий самара (бепуштлик ва саратон хавфини камайтириш) ва харажатларни қисқартириш орқали сезиларли иқтисодий самарадорликни таъминлаган.
иккинчи илмий янгилик: икки томонлама крипторхизмнинг чов шакллари бўлган ўғил болаларда лапароскопик ассистентли бир босқичли трансскротал икки томонлама орхиопексия гонадаларнинг физиологик қон таъминотини сақлаш ва уларнинг гипо- ҳамда атрофияси ривожланиш эҳтимолини пасайтириш имконини бериши исботланган. Тадқиқот натижалари Қашқадарё вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг жарроҳлик бўлимида 15.07.2024 йилдаги 61-4-сонли буйруқ асосида амалиётга жорий этилган. Тадқиқотга 2024 йилнинг январъ-август ойларида даволанган 21 нафар беморлар (1-14 ёш, ўртача ёши 7,6±1,2 ёш) киритилган. Асосий гуруҳни 11 нафар (бир босқичли транскротал орхиопексия), таққослаш гуруҳини эса 10 нафар ўғил болалар (босқичли чов орқали орхиопексия) ташкил этган. Ижтимоий аҳамияти: ишлаб чиқилган усулнинг икки томонлама крипторхизм билан оғриган ўғил болаларда жорий этилиши жинсий безлар гипо- ва атрофиясининг олдини олиш орқали репродуктив саломатлик ва гормонал функцияни яхшилаб, бепуштлик ва гипогонадизм хавфини камайтирган, натижада беморларнинг тўлақонли физиологик ривожланиши, узоқ муддатли хаёт сифати ва ижтимоий мослашуви таъминланган. Иқтисодий самарадорлиги: болаларда икки томонлама чов крипторхизмида орхиопексия ва операциядан кейинги даволашнинг янги усулини жорий этиш асоратларни 30% дан 9,1% гача камайтириш ва касалхонада даволаниш муддатини 2,3 кундан 1,12 кунгача қисқартириш имконини берган (P<0,05). Крипторхизмни даволашнинг такомиллашган жарроҳлик тактикасининг иқтисодий самарадорлиги бир ҳолат учун ишлаб чиқариш харажатларининг фарқи (мавжуд усул учун 1300000 сўм ва янги усул учун 650000 сўм) беморлар сонига (n=21) кўпайтмаси сифатида баҳоланган. Бу тиббий ёрдам сифатини ошириш билан бир вақтда даволаниш курси учун стационар харажатларни 13650000 сўмга тежашга эришиш имконини берган. Амбулатория босқичида қўшимча тежаш асоратлар частотасининг пасайиши билан боғлиқ: таққослаш гуруҳида 3 нафар беморда асоратларни даволаш харажатлари ҳар бирига 275000 сўмни ташкил этган бўлса, асосий гуруҳда эса асорат фақат 1 нафар беморда кузатилиб, харажатлар 150000 сўмни ташкил этди. Хулоса: ўтказилган тадқиқот асосида лапароскопик ёрдамли бир босқичли трансскротал орхиопексия гонадаларнинг қон билан таъминланишини самарали сақлаб қолиб, асоратларни камайтириши, бу орқали болаларнинг репродуктив саломатлиги ва ҳаёт сифатини яхшилаши ҳамда даволаниш харажатларини камайтириб, 54.5% иқтисодий фойда келтириши исботланган.
учинчи илмий янгилик: узоқ муддатли кузатув даврида сақланиб қолган аъзо қон оқимини кўрсатувчи эхографик маълумотлар илк бор тақдим этилди ва икки томонлама чов крипторхизмини даволашда пастга туширилаётган гонадалар ишемиясига олиб келадиган босқичли орхиопекцияларни қўллаш хавфи асосланган. Тадқиқот натижалари Сурхондарё вилояти Болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг 2024 йил 13 июлдаги 164-1-сонли ва Қашқадарё вилояти Болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг 2024 йил 15 июлдаги 61-4-сонли буйруқлари асосида жарроҳлик бўлимларининг амалий фаолиятига жорий этилган. Ижтимоий аҳамияти босқичли орхиопексияларда жинсий безлар ишемиясининг илмий асосланган хавфи билан боғлиқ бўлиб, бу қон таъминотини сақлайдиган ва жинсий безлар атрофияси, бепуштлик, ҳамда гипогонадизмнинг олдини олишга ёрдам берадиган усулларни танлаш муҳимлигини таъкидлайди. Бу эса узоқ муддатда ўғил болаларнинг репродуктив саломатлиги, гормонал функцияси, ҳаёт сифати ва ижтимоий мослашувини сезиларли даражада яхшилайди. Иқтисодий самарадорлиги: эхография усулини қўллашга оид тадқиқот натижаларининг жорий этилиши гонадаларнинг ишемик атрофияси каби асоратларни камайтиришга ёрдам берган. Бу асоратлар кейинчалик бепуштликни даволаш ёки гормонал ўрин босувчи даво заруриятини келтириб чиқариши мумкин эди. Босқичли орхиопексияларга илмий асосланган ёндашув оптимал усулларни танлашни таъминлаган, бу эса такрорий аралашувларга бўлган эҳтиёжни камайтирган, реабилитация муддатларини қисқартиргани ва соғлиқни сақлаш тизими ҳамда оилалар учун умумий иқтисодий харажатларни пасайтирган. Хулоса: босқичли орхиопексияларнинг илмий асосланган хавфлари аъзоларда қон оқимини сақлаш муҳимлигини кўрсатиб, бу икки томонлама крипторхизм билан оғриган ўғил болаларнинг прогнозини яхшилаш ва репродуктив саломатлигини сақлаш орқали болалар урологиясида жарроҳлик стратегияларини оптималлаштириш учун муҳим аҳамият касб этган.
тўртинчи илмий янгилик: уруғ тизимчасининг сезиларли даражада таранглашуви ва моякнинг краниал силжиши билан кечувчи ҳолларда, уларни ажратиб олгандан сўнг фиксациясиз жарроҳлик коррексияси пайтида, ретенцияланган моякни ёрғоққа эркин тушириш ва узоқ муддатли даврда иккиламчи малпозиция ҳамда гонадалар атрофиясини олдини олиш имконини берувчи мояк қон томирлари ва уруғ чиқарувчи йўлнинг қорин бўшлиғи қисмини лапароскопик усулда ажратиш зарурлиги асосланган. Тадқиқот натижалари Сурхондарё вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг 2024 йил 13 июлдаги 164-1-сонли ва Қашқадарё вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг 2024 йил 15 июлдаги 61-4-сонли буйруқлари асосида жарроҳлик бўлимларининг амалий фаолиятига жорий этилган. Ижтимоий аҳамияти: моякларнинг иккиламчи малъпозиция ва атрофиясининг олдини олишда намоён бўлиб, бу ўғил болаларда репродуктив функция ва гормонал мувозанатни сақлаш, уларнинг тўлиқ физиологик ривожланишини таъминлаш, бепуштлик ва гипогонадизм хавфини камайтириш, шунингдек, беморларнинг ҳаёт сифатини сезиларли даражада яхшилаш ва муваффақиятли ижтимоий мослашувини таъминлаш учун муҳим аҳамиятга эга. Иқтисодий самарадорлиги: анъанавий даволаш усули қўлланилганда, икки томонлама чов чурраси бўлган беморларни жарроҳлик йўли билан даволаш икки босқичда амалга оширилар эди. Бунда ҳар бир босқич учун сарфланадиган операцион харажатлар миқдори 857212 сўмни ташкил этган. Шунга мувофиқ, икки босқичли анъанавий даволаш курсининг умумий қиймати бир бемор учун 1714424 сўмга тенг бўлган. Таклиф этилаётган муаллифлик услубида эса, асосий гуруҳдаги беморларда икки томонлама чов чуррасини лапароскопик ассистентлик ёрдамида бир босқичда коррекция қилиш имкони яратилган. Бунинг натижасида, бир бемор учун операция харажатлари 1151352 сўмгача камайган. Янги услубнинг иқтисодий самарадорлигини аниқлаш мақсадида, анъанавий ва янги услублар ўртасидаги харажатлар фарқи ҳисоблаб чиқилган (1714424 сўм – 1151352 сўм = 563072 сўм). Ушбу фарқ асосий гуруҳдаги беморлар сонига (n=92) кўпайтирилиб, янги муаллифлик усулининг умумий иқтисодий тежамкорлик миқдори аниқланган: 563072 сўм×92=51802624 сўм. Хулоса: Икки томонлама чов крипторхизми билан оғриган беморларда орхиопекцияни лапароскопик ассистентлик ёрдамида бажаришнинг илмий асосланган янги муаллифлик услуби, 51802624 сўм миқдоридаги маблағнинг тежалишини таъминлаган.