Sayt test rejimida ishlamoqda

Якубов Шухрат Умматалиевичнинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Давлат ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлигининг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш», 12.00.02–«Конституциявий ҳуқуқ. Маъмурий ҳуқуқ. Молия ва божхона ҳуқуқи» ихтисослиги бўйича тайёрланган (юридик фанлар).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.3.DSc/Yu60.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, DSc.27.06.2017.Yu.23.01.

Расмий оппонентлар: Тошқулов Жўрабой Ўринбаевич, юридик фанлар доктори, профессор; Исмаилова Гулноза Сайдиганиходжаевна, юридик фанлар доктори, доцент; Миракулов Миравзал Миродилович, юридик фанлар доктори, доцент.

Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси.

Диссертация йўналиши: амалий ва назарий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: давлат ва фуқаролик жамияти институт-лари ҳамкорлигининг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришга оид таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашларини жамоатчилик назоратининг субъекти сифатида ҳуқуқий мақомини белгилаш ҳамда қонунга киритиш зарурати асослантирилган;

сиёсий партияларнинг Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан ҳамкорлиги, шунингдек партия ташкилотларининг ҳудудий дастурлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларнинг ижросини назорат қилиш ваколатини қонунларда белгилашнинг амалий аҳамияти асослантирилган;

фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқ ижодкорлиги жараёнидаги иштироки, хусусан, қонун лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамаси ҳамда жамоатчилик экспертизасини амалга оширишда парламент билан ҳамкорлиги таъсир даражасини ошириш зарурати асослантирилган;

давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш эҳтиёжини таҳлил этиш асосида, алоҳида қонун қабул қилиш зарурлиги илмий ва амалий жиҳатдан асослантирилган;

тадбиркорлик субъектларининг ижтимоий шерикликдаги иштирокини ҳуқуқий тартибга солиш, уларнинг ҳуқуқ ва ваколатларини аниқлаштириш ҳамда мазкур шериклик муносабатларининг ҳуқуқий механизмларини қонун ҳужжатларида белгилаш зарурати асослантирилган;

фуқаролик жамияти институтлари ривожланишининг узоқ муддатли мақсадлари ҳамда устувор йўналишларини белгиловчи стратегик ҳужжатни қабул қилиш зарурати асослантирилган.

IV. Тадқиқотнатижаларинингжорийқилиниши.

Давлат ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлигининг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:

Давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашларини жамоатчилик назоратининг субъекти сифатида ҳуқуқий мақомини белгилашга оид таклифлар Ўзбекистон Республикасининг «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги Қонунининг 3-моддасига киритилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг 2018 йил 16 майдаги №05/02-66-сон маълумотномаси). Илмий натижалардан фойдаланиш жамоатчилик кенгашлари мақомини қонунда аниқ белгиланишига хизмат қилган.

Нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида сиёсий партияларнинг Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан ҳамкорлиги, шунингдек партия ташкилотларининг ҳудудий дастурлар лойиҳаларини тайёрлаш ва улар ижросини назорат қилиш бўйича ваколатларини кенгайтиришга қаратилган таклифлардан Ўзбекистон Республикасининг «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги Қонунининг 5 ва 7-моддаларини тайёрлашда фойдаланилган (Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2018 йил 8 августдаги №06/1-05/1881 вх-сон маълумотномаси). Илмий натижалардан фойдаланиш сиёсий партияларнинг ҳудудий дастурлар ижроси бўйича назоратни амалга ошириш ваколатларини кенгайтиришга хизмат қилган.

Жамоат бирлашмаларининг давлат органлари билан ҳамкорлигини қонунчиликда мустаҳкамлаш зарурлигига оид таклифлардан «Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонунининг 16-моддасини шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 2018 йил 24 августдаги №06/2-06/619-сон маълумотномаси). Илмий натижалардан фойдаланиш қонунда давлат ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлиги белгиланишига хизмат қилган.

Фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқ ижодкорлиги жараёнидаги иштироки, шунингдек уларнинг қонун чиқарувчи орган билан ўзаро ҳамкорлигининг ҳуқуқий механизмларини янада кучайтиришга оид таклифларнинг 2018 йил 8 августдаги Ўзбекистон Республикасининг «Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш Концепцияси»нинг иккинчи бўлими 3-бандини (фуқаролар, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, тадбиркорлик субъектлари ва илм-фан вакилларини жалб этиш ишларини самарали ташкил этиш орқали норма ижодкорлиги жараёнига жамоатчилик муҳокамаларининг таъсир даражасини ошириш) тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтининг 2018 йил 25 августдаги №01/1-579-сон маълумотномаси) Илмий натижалардан фойдаланиш норма ижодкорлиги жараёнида фуқаролик жамияти институтларини иштирокининг белгиланишига хизмат қилган.

Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирокини янада кенгайтириш, «Давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш, тадбиркорлик субъектларининг ижтимоий шерикликдаги иштироки ҳуқуқий механизмларини белгилаш, мамлакатда фуқаролик жамияти институтлари ривожланишининг устувор йўналишларини белгиловчи стратегик ҳужжатни қабул қилишга оид таклифлар «Тараққиёт стратегияси» маркази томонидан фуқаролик жамиятини ривожлантиришга оид давлат дастурларини тайёрлашда, давлат ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлигининг устувор йўналишларини белгилашда инобатга олинган (2018 йил 30 май куни тақдим этилган №001/54-455-сон маълумотнома). Илмий натижалардан фойдаланиш фуқаролик жамиятини ривожлантиришга оид давлат ва ҳудудий дастурларни тайёрлашда, давлат ва фуқаролик жамияти институтлари ўзаро ҳамкорлигининг устувор йўналишларини белгилашда методологик манба сифатида хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish