Эшқобилов Олим Холиқуловичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Машинасозлик композицион полимер материалларнинг антифрикцион хоссаларини ўрганиш учун методика ва қурилмани ва улар асосида толали масса (пахта мисолида) таъсирида ишлайдиган қопламаларни олиш технологиясини ишлаб чиқиш», 02.00.07–Композицион, лок-бўёқ ва резина материаллари кимёси ва технологияси, 05.02.01–Машинасозликда материалшунослик. Қуймачилик. Металларга термик ва босим остида ишлов бериш. Қора, рангли ва ноёб металлар металлургияси (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.4.PhD/T851.
Илмий раҳбарлар: Негматов Сойибжон Содикович, техника фанлари доктори, профессор, акдемик; Абед Нодира Сойибжоновна, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат техника университети «Фан ва тараққиёт» ДУК.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Тошкент давлат техника университети «Фан ва тараққиёт» ДУК, DSc.27.06.2017.K/T.03.01.
Расмий оппонентлар: Михридинов Рисқидин, техника фанлари доктори, профессор; Солиев Рустам Хакимжонович, техника фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Андижон машинасозлик институти.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: пахта толаси ва машинасозлик композицион полимер материалларнинг (КПМ) антифрикацион хоссаларини аниқлаш учун унификацияланган методика ва қурилмани яратиш ва улар асосида пахта толаси билан ўзаро таъсирда ишловчи композицион полимер қопламаларни олиш технологиясини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
тола массаси билан ўзаро таъсирда ишлайдиган машинасозлик КПМнинг антифрикцион-электр-иссиқлик-физик хоссаларини аниқлаш учун унификацияланган методика ва таколмиллаштирилган қурилма ишлаб чиқилган;
полимер-пахта жуфтлиги ишқаланиш коэффициентини ўрганиш учун унификацияланган методика ва такомиллаштирилган қурилмани ишлаб чиқиш имконини берадиган материалларнинг фрикцион ўзаро таъсир схемасини баҳолаш мезони ишлаб чиқилган;
полимер материаллар ва пахта хомашёси контакт зонасида фрикцион ўзаро таъсирда ишқаланиш коэффициентини ортишига таъсир кўрсатадиган электростатик заряд ва ҳароратни ҳосил бўлиши аниқланган;
полимер материаллар таркибига углеграфит тўлдирувчилар киритиш билан композицияда электростатик заряд ва ҳарорат ҳосил бўлиши олдини олиш ёки минимал даражагача камайтириш мумкинлиги исботланган;
пахтани қайта ишлаш машиналарининг ишчи режими ва параметрларини антифрикцион хоссаларга таъсири аниқланган ва янги композицион полимер қоплама олиш технологияси ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Пахта хомашёси билан ўзаро таъсирда ишлайдиган машинасозлик КПМнинг комплекс антифрикацион хоссалари бўйича олинган илмий натижалар асосида:
толали масса (пахта) билан ўзаро таъсир қилувчи антифрикцион машинасозлик КПМнинг ишқаланиш зонасидаги ишқаланиш коэффициенти, тампература ва электростатик заряд миқдорини аниқлаш методлари бўйича Ўзбекистон Давлат стандарти (Oʻz DSt 3330:2018) тасдиқланган («OʻZSTANDART» агентлиги «Ахборот-маълумот маркази» давлат корхонасининг 2018 йил 26 октябрдаги 1187/40-сон маълумотномаси). Натижада дискли трибометрда машинасозлик КПМни толали материаллар билан фрикцион таъсирдаги ишқаланиш коэффициенти, ишқаланиш зонасидаги ҳарорат ва трибоэлектрик зарядларни бир вақтнинг ўзида аниқлаш имконияти яратилган;
яратилган дискли трибометр (Oʻz DSt 3330:2018) пахта саноат тизимига, жумладан, «Paxtasanoat ilmiy markazi» АЖ, «KB-KOMPOZIT», «KOMPOZIT NANOTEXNOLOGIYASI», «МЕХАNOKIMYO ТЕХNОLОGIYA» МЧЖларда ҳамда антифрикцион композицион қопламалар Пискент пахта тозалаш заводи машина ва механизмлари ишчи органларида жорий этилган (мос равишда) (03.12.2018 й., 432-сон; 02.09.2018 й., 19-сон; 12.09.2018 й., 7-сон маълумотномалар). Натижада пахтани қайта ишлаш машина ва механизмларининг иш унумини ошириш ҳамда электроэнергиянинг сарф бўлишини камайтириш имконини берган.