Sayt test rejimida ishlamoqda

Бабаджанов Фархад Курбанбаевичнинг фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.  
“Давлат тилида иш юритиш ва ҳужжатчилик тараққиётининг  илмий-назарий асослари”, 10.00.01 – Ўзбек тили. (Филология фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2022.3.DSc/Fil456 
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қорақалпоқ давлат университети.
Илмий маслаҳатчи: Қозоқбой ЙЎлдошев, педагогика фанлари доктори, профессор. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институти, DSc.02/30.12.2019.Fil.46.03 рақамли Илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: филология фанлари доктори, профессор Лутфуллаева Дурдона Эсоновна, филология фанлари доктори, профессор Маматов Абдугафур Эшонкулович, филология фанлари доктори, профессор Собиров Абдулхай Шукирович.
Етакчи ташкилот: Урганч давлат университети. 
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ўзбек тилида иш юритиш услубини такомиллаштириш ва ҳужжат қолиплари моделларини модернизация қилишнинг илмий-назарий асосларини ёритиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
ҳужжатларнинг бирхиллаштирилган тизимини шакллантириш, матн қолипларини стандартлаштириш ва ҳужжат номларини такомиллаштириш ҳужжатда узатилаётган ахборотни идрок этишни осонлаштириши далилланган;
иш юритиш тизимида ҳужжатларнинг таснифланиш масалалари таҳлил қилиниб, ҳужжатларни тоифаларга, гуруҳларга ва турларга ажратиш тамойиллари ишлаб чиқилган ҳамда ҳужжатларни таснифлаш мезонлари такомиллаштирилган; 
ҳужжатнинг шакл ва мазмунига қўйиладиган когнитив талаблар, матнга қўйиладиган коммуникатив талаблар, матн шаклининг техник талаблари, матннинг тузилиши ва жумла қурилишида прагматик мақсадни ифодалаш усуллари такомиллаштирилган ва илмий асосланган;
маъмурий-бошқарув ҳужжатлари матнларининг композицион қурилиши асословчи ва асосий қисмдан иборат бўлиши, асосий қисм етакчи ахборот, аниқлик киритувчи ахборот ва қўшимча маълумот бўлакларидан ташкил топиши илк бор очиб берилган ва илмий асосланган;
ўзбек тили ҳужжатчилигида ҳужжат матнлари устида олиб бориладиган лингвистик экспертиза тадқиқотларининг моҳиятига аниқлик киритилган, шаклий ва мазмуний экспертиза тадқиқотлари фарқланган, лингвистик экспертиза хулосаларини тайёрлаш жараёни, усуллари, босқичлари ва талаблари илмий асослаб берилган;
ҳужжатларни мунтазам ва эркин қолипли ҳужжат моделларига ажратиш тамойиллари белгиланган, уларнинг ўхшаш ва фарқли жиҳатлари очиб берилган, ҳужжат моделларини такомиллаштириш бўйича таклиф этилган механизмлар асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: 
Давлат тилида иш юритиш ва ҳужжатчилик тараққиётининг илмий-назарий тадқиқи бўйича олинган илмий натижалар асосида:
“60230100 – филология ва тилларни ўқитиш (тиллар бўйича)” таълим йўналиши учун “Давлат тилида иш юритиш” ўқув адабиёти яратилган ва Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан талабаларга дарслик сифатида тавсия этилган (Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2024-йил 25-июндаги 218-271 рақамли гувоҳномаси);
Алишер Навоий номидаги ТошДЎТАУ ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказининг ўқув режаларига киритилган “Давлат тилида иш юритиш” фани бўйича ўқув дастурларини тузишда тадқиқотнинг илмий натижаларидан фойдаланилган, хусусан, “Давлат тилида иш юритиш” фани доирасидаги “Расмий услубнинг ўзига хослиги”, “Шартнома матнини тайёрлаш”, “Буйруқ матни ва буйруқдан кўчирма тайёрлаш”, “Фармойиш ва кўрсатма лойиҳасини тайёрлаш” каби мавзулар бўйича ўқув материаллари тайёрлашда диссертациянинг хулосаларига таянилган (Алишер Навоий номидаги ТошДЎТАУ ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказининг  2025-йил 22-январдаги 15-сон маълумотномаси);
тадқиқот иши бўйича олинган илмий-амалий натижалар асосида “журналистика (фаолият турлари бўйича)” таълим йўналиши учун ҳаммуаллифликда “Óзбекше-қарақалпақша сóзлик” ўқув қўлланмаси яратилган ва Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан талабаларга ўқув қўлланмаси сифатида тавсия этилган (Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2023-йил 22-декабрдаги 537570 рақамли гувоҳномаси);
туркий тилларга хос тарихий ҳужжатчилик атамаларининг қорақалпоқ фолклори ва адабиёти жанрларида акс этиши, ўзбекча-қорақалпоқча ҳужжат номларининг ўзаро уйғунлиги, ҳужжатчилик билан боғлиқ жанрлар, нома жанрининг ҳужжатчилик билан алоқалари, бошқа жанрларда расмий ахборотни тақдим қилиш усуллари каби масалаларни ёритишдаги назарий маълумотлардан ЎР Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими, Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтида ФА-Ф-1-005 рақамли “Қорақалпоқ фолклоршунослиги ва адабиётшунослик тарихини тадқиқ этиш” мавзусидаги фундаментал тадқиқот лойиҳасида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси ФА Қорақалпоғистон бўлими, Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтининг 2024-йил 5-декабрдаги 563/1-сон маълумотномаси). Тадқиқотда келтирилган назарий хулосалар мазкур фундаментал тадқиқот лойиҳасини  бойитишга ёрдам берган ва лойиҳа илмий базасининг янада мукаммал бўлиши учун хизмат қилган;
ўзбек тилида луғат яратиш бўйича тажрибалари, иш юритиш терминологияси тараққиёти бўйича амалга оширилган тадқиқотлар шарҳи, соҳавий луғатларни яратишдаги аҳамиятли масалалар, атамаларни давлат тилида изоҳлаш тамойиллари, атамалар ҳархиллигига барҳам бериш усуллари хусусидаги масалаларни ёритишда Алишер Навоий номидаги ТошДЎТАУ ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказининг 2022–2023-йилда бажарилган АЛ-442105872 рақамли “Кимё атамаларининг изоҳли луғатини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳасида фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги ТошДЎТАУ ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказининг  2024-йил 11-декабрдаги 1674-сон маълумотномаси). Натижада лойиҳа материаллари янги манба ва маълумотлар билан янада бойиган;
давлат тилининг ҳуқуқий мақомини тушунтириш, тарғиб этиш, “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг ижроси, реклама ва пешлавҳа ёзувларини тартибга солиш, давлат идораларида иш юритишни давлат тилида олиб бориш, ҳужжатларни лотин ёзувида тўғри расмийлаштириш, давлат ташкилоти ходимларини ҳужжатчилик ва иш юритиш йўналиши бўйича ўқитиш каби масалаларни кенг оммага тарғиб қилиш мақсадида диссертация ишининг натижаларидан Қорақалпоғистон телевидениесининг “Ассалому алайкум, Қорақалпоғистон”, “Хабар”, “Муносабат” кўрсатувларини тайёрлаш жараёнида фойдаланилган, хусусан, 2022-йил октябр ойида “Ассалому алайкум, Қорақалпоғистон”, “Хабар” дастурларида, 2023-йил 5-январда “Ассалому алайкум, Қорақалпоғистон” дастурида, 2023-йил 9-июнда “Муносабат” дастурида, 2024-йил ноябрда “Хабар” дастурларида диссертант иштирок этиб, давлат тилида иш юритиш масалаларининг тарғиботини амалга оширган ва илмий ишларининг хулосалари билан таништирган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Қорақалпоғистон Республикаси телерадиоканали” ДМнинг 2025-йил 31-январдаги 05-22/58-сонли маълумотномаси). Натижада, мазкур телекўрсатувларнинг материаллари мазмун жиҳатдан янада мукаммаллашган, уларнинг илмий далилларга бой бўлиши таъминланган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish