Каримов Улугбек Расуловичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Очиқ бурчакли глаукома турларининг клиник-функционал асослари ва уларни даволашда дифференциал ёндашув», 14.00.08–Офтальмология (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.3.PhD/Tib271.
Илмий раҳбар: Бахритдинова Фазилат Арифовна, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент тиббиёт академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент давлат стоматология институти, DSс.28.12.2017.Tib.59.01.
Расмий оппонентлар: Юсупов Амин Азизович, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Ковалевская Мария Александровна, тиббиёт фанлари доктори, профессор (Россия Федерацияси).
Етакчи ташкилот: Анқара ўқув ва илмий-текшириш касалхонаси (Туркия).
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: минтақада глаукомада кўзнинг клиник-функционал ўзига хослигини аниқлаш йўли билан даволаш усулларининг гипотензив самарадорлигини баҳолаш ва бирламчи очиқ бурчакли глаукоманинг турли шаклларида дифференциал даволаш тактикасини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги.
минтақада глаукоманинг очиқ бурчакли оддий, псевдоэксфолеатив, пигментли клиник кўринишлари ва ривожланишнинг ёндош касалликларга боғлиқ хавф омиллари аниқланган;
бирламчи очиқ бурчакли глаукоманинг оддий, псевдоэксфлиатив, пигментли шаклларининг ҳар бирида кўз босимини туширишда энг самарали ва хавфсиз даволаш комбинациялари тавсия этилган;
очиқ бурчакли глаукоманинг турли шаклларини ташхислаш ва даволашнинг дифференциал тизими ишлаб чиқилган;
очиқ бурчакли глаукоманинг оддий, пигментли ва псевдоэксфолиатив шаклларида комбинациялашган даволаш усулларини танлаш мезонлари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Очиқ бурчакли глаукома турларининг клиник-функционал асослари ва уларни даволашда дифференциал ёндашув бўйича олинган илмий натижалар асосида:
«Очиқ бурчакли глаукомада гипотензив дорилар бириккан комбинациялар танлаш ва даволаш тактикаси» услубий қўлланмаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2017 йил 17 февралдаги 8н-g/9-сон маълумотномаси). Мазкур услубий қўлланма очиқ бурчакли глаукоманинг турли шаклларида самарали консерватив дори воситаларини танлашнинг тизимли тартибини шакллантириш имконини берган;
очиқ бурчакли глаукома турларининг клиник-функционал асослари ва уларни даволашда дифференциал ёндашувнинг самарали тизимини ишлаб чиқиш ва такомиллаштиришга қаратилган илмий тадқиқот натижалари соғлиқни сақлаш амалиётига, жумладан, Гулистон шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси, Жиззах вилояти офталмологик шифохонасининг клиник амалиётига жорий қилинган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 7 июлдаги 8н-z/159-сон маълумотномаси). Олинган тадқиқот натижаларининг клиник амалиётга жорий қилиниши очиқ бурчакли глаукомали беморларда ҳаёт сифатини 30%га яхшиланишига имкон яратган.