Бойманов Фарход Холбоевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Миллий ўзбек пичоқлари билан етказилган санчилган-кесилган жароҳатларнинг морфологик ва метрик хусусиятлари», 14.00.24–Суд тиббиёти (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.3.PhD/Tib370.
Илмий раҳбар: Индиаминов Сайит Индиаминович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат тиббиёт институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент тиббиёт академияси, DSc.27.06.2017.Tib.30.03.
Расмий оппонентлар: Гиясов Зайнитдин Асомитдинович, тиббиёт фанлари доктори профессор; Хван Олег Иннокентиевич, тиббиёт фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Тошкент врачлар малакасини ошириш институти.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади: жароҳатловчи восита идентификацияси мақсадида миллий ўзбек пичоқлари конструктив хусусиятларини ҳамда биологик ва нобиологик тўқималарга етказилган санчилган-кесилган жароҳатларнинг ўзига хос хусусиятларини тизимлаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
кенг тарқалган ошхона пичоқларидан фарқ қилувчи ўзбек миллий пичоқларининг тузилиш жиҳатдан ўзига хос шакллари ҳамда бошқаларидан фарқли хусусиятлари асосланган;
ўзбек миллий пичоқларининг терида қолдирган суд тиббий ташхисоти, морфологик ва метрик белгилари экспертиза материаллари асосида тизимлаштирилган;
экспериментал материалда миллий ўзбек пичоқларнинг биологик тўқималардаги тери, тоғай, ички органларда қоладиган трассологик тавсифи баҳоланган;
миллий ўзбек пичоқларнинг кенг тарқалган ошхона пичоқларига нисбатан нобиололгик тўқималарни жароҳатлашда кўрсатадиган таъсирининг ўзига хос хусусиятлари исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Миллий ўзбек пичоқлари билан етказилган санчилган-кесилган жароҳатларнинг морфологик ва метрик хусусиятларини баҳолаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
«Миллий ўзбек пичоқлари таъсирида етказилган санчилган-кесилган жароҳатларнинг суд тиббий экспертизаси» услубий қўлланмаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 2 ноябрдаги 8н-д/238-сон маълумотномаси). Мазкур услубий қўлланма санчилган-кесилган жароҳатларда из хосил бўлиш механизми, миллий пичоқларни нафақат санчувчи-кесувчи, балки санчувчи-чопувчи хусусиятлари ҳисобига юқори даражадаги жароҳатловчи таъсири экспериментал жиҳатдан асосланишини ўрганиш имконини берган;
«Санчилган-кесилган жароҳатларнинг суд тиббий экспертизаси» услубий қўлланмаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 2 ноябрдаги 8н-д/238-сон маълумотномаси). Мазкур услубий қўлланма айнан ошхона пичоғининг морфологик ва метрик ҳусусиятларини ва жароҳатга қараб конструкциясини аниқлаш имконини берган;
Миллий ўзбек ва ошхона пичоқлари билан етказилган санчилган-кесилган жароҳатларнинг морфологик ва метрик хусусиятларини баҳолаш бўйича олинган илмий натижалар соғлиқни сақлаш амалиётига, жумладан, Фарғона ва Наманган вилоятлари суд-тиббий экспертиза Бюролари морфологик ва тиббий-криминалистик бўлимлари экспертлари суд-тиббий экспертиза амалиётига татбиқ қилинган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 8 ноябрдаги 8н-з/199-сон маълумотномаси). Олинган тадқиқот натижаларининг амалиётга жорий қилиниши суд тиббий экспертиза сифатини яхшилаш имкониятини яратган.