Sayt test rejimida ishlamoqda

Бобокулов Шохназар Очиловичнинг
докторлик диссертация (DSc) ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри: “Ердан фойдаланиш ва муҳофаза қилишни ҳуқуқий тартибга солиш муаммолари” 12.00.06 – Табиий ресурслар ҳуқуқи. Аграр ҳуқуқ. Экологик ҳуқуқ  (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2024.1.DSc/Yu290.
Илмий раҳбар: Усмонов Муҳаммади Баҳритдинович, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат юридик университети, DSc.07/03.06.2023.Yu.22.04.
Расмий оппонентлар: юридик фанлар доктори, профессор Жураев Юлдаш Ачилович, юридик фанлар доктори, доцент Сафаров Джахонгир Исмоилович, юридик фанлар доктори, профессор Узакова Гузал Шариповна.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Тадқиқотнинг мақсади Ўзбекистон Республикасининг ер қонунчилиги ҳужжатларини такомиллаштириш билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатларни комплекс таҳлил қилиш, назарий ва амалий жиҳатларини ўрганиш асосида аниқланган муаммоларнинг ечимини топиш, ушбу соҳада қонун ҳужжатлари тегишли нормаларини такомиллаштириш ва уни қўллаш амалиёти самарадорлигини ошириш йўлларини топишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: қуйидагилардан иборат:
ижарага берилган ер участкасини ёки унинг бир қисмини иккиламчи ижарага беришнинг қонуний тартибини белгилаш ҳамда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасини иккиламчи ижарага бериш шартлари, муддатлари, иккиламчи ижарага берганлик учун ҳақ ундириш тартиби ва миқдорларини белгилаш ҳамда иккиламчи ижарага бериш шартномасини давлат рўйхатидан ўтказилиши зарурлиги асослантирилган;
ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишга асос бўладиган мақсадлар ҳамда ер участкаларини  хусусийлаштириш субъектлари томонидан ўзига доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ёхуд мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини сотиб олиш каби  шакллари илмий асослантирилган;
ер участкаси қурилиш ишларини амалга ошириш ҳуқуқи билан реализация қилинганда бино, иморат, иншоотларни қуриш жараёнида ер участкасини сақлаш вазифасини бажариш мажбурияти ер участкаси эгаси, фойдаланувчиси ва мулкдорига юкланиши, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари тоифасига ва фойдаланиш мақсадига кўра хусусийлаштирилиши асослаб берилган;
жамоат эҳтиёжлари учун ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқи (оммавий сервитут) белгиланиши зарурати мавжудлиги, сервитут учун ҳақ тўлаш, сервитут белгиланган ер участкаси учун ер солиғи (ижара ҳақи) суммасини, шунингдек сервитутдан фойдаланиш жараёнида ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкаларининг ижарачилари ва мулкдорларига етказилган зарарни (бой берилган фойдани) компенсация қилиш мақсадида белгиланиши асослаб берилган;
чет эл юридик ва жисмоний шахсларининг мулки бўлган ер участкасини савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объекти ёхуд турар жой ҳамда бошқа бино билан бирга ёки бинонинг бир қисми билан бирга жамоат эҳтиёжлари учун қайта сотиб олиш, қонун ҳужжатларида назарда тутилган кафолатлар таъминланган ҳолда халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг қарорига ёхуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра амалга оширилиши муҳимлиги асослантирилган;
тупроқ ернинг унумдор қатлами ва умуман қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб берувчи асосий органик моддаларни сақловчиси эканлигини ҳисобга олган ҳолда тупроқ унумдорлигини таъминлаш соҳасидаги фаолиятни молиялаштириш, тупроқ унумдорлигини таъминлаш устидан назорат, тупроқ унумдор қатламини сидириб олиш ва сақлаш ҳамда тупроқ унумдорлигини меъёрлаш каби масалаларни тартибга солиш зарурлиги илмий-ҳуқуқий жиҳатдан асослантирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ердан фойдаланиш ва муҳофаза қилишни ҳуқуқий тартибга солиш муаммолари мавзусидаги диссертация иши бўйича олинган илмий натижалардан қуйидагиларда фойдаланилган:
ижарага берилган ер участкасини ёки унинг бир қисмини иккиламчи ижарага беришнинг қонуний тартибини белгилаш ҳамда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасини иккиламчи ижарага бериш шартлари, муддатлари, иккиламчи ижарага берганлик учун ҳақ ундириш тартиби ва миқдорларини белгилаш ҳамда иккиламчи ижарага бериш шартномасини давлат рўйхатидан ўтказилиши ҳақидаги таклифлардан Ўзбекистон Республикасининг ер кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг 2023-йил 23-октябрдаги ЎРҚ-871-сонли қонунининг 5-моддаси 5-бандини ҳамда 2021-йил 21-апрелдаги ЎРҚ-683-сонли қонунини 88-моддаси 16-бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 24-моддаси еттинчи ва 242-моддаси бешинчи ва олтинчи қисмларида ўз ифодасини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти 2024- йил 28-мартдаги 01/қ-08-39-сон далолатномаси). Ушбу таклифларнинг амалга оширилиши ердан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олишга ва ердан фойдаланиш самарадорлигини оширишга хизмат қилган;
 ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишга асос бўладиган мақсадлар ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикасининг 2022-йил 29-июнда ЎРҚ-781-сон “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида” қонунининг 4-моддасида ҳамда ер участкаларини хусусийлаштириш шакллари ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикасининг «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонунининг 14-моддасида ўз ифодасини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти 2024-йил 28-мартдаги 01/қ-08-39-сон далолатномаси). Ушбу таклиф ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишга асос бўладиган мақсадларни ҳамда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш шаклларини аниқ белгилашга  хизмат қилган;
ер участкаларидан иморат қуриш учун фойдаланиш ҳақидаги таклифдан Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг 2021-йил 21-апрелдаги ЎРҚ-683-сонли қонунини 88-моддаси 18-бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 26-моддасида ўз ифодасини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти 2024-йил 28-мартдаги 01/қ-08-39-сон далолатномаси). Ушбу таклифнинг амалга оширилиши ер қонунчилигини такомиллаштиришга хизмат қилган;
ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқи (сервитут) ҳақидаги ва жамоат эҳтиёжлари учун ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқи (оммавий сервитут) белгиланиши ҳақидаги ҳамда сервитут учун ҳақ тўлаш тўғрисидаги таклифлардан Ўзбекистон Республикасининг ер кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг 2023-йил 23-октябрдаги ЎРҚ-871-сонли қонунининг 5-моддаси 11- ва 12-бандларини ишлаб чиқишда фойдаланилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси ер кодексининг 30-, 305- ва 306-моддаларида ўз ифодасини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институтининг 2024-йил 28-мартдаги 01/қ-08-39-сон далолатномаси). Ушбу таклиф жамоат эҳтиёжлари учун ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқи (оммавий сервитут) белгиланишига хизмат қилган;
ер участкасини жамоат эҳтиёжлари учун қайта сотиб олиш ҳақидаги таклифдан Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 29 июндаги ЎРҚ-782-сонли қонунининг 5-моддаси 8-бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 371-моддасида ўз ифодасини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти 2024 йил 28 мартдаги 01/қ-08-39-сон далолатномаси). Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ёхуд Вазирлар Маҳкамасига ушбу  ваколатнинг берилиши ер мулкдорларининг ҳуқуқлари кафолатларини таъминлашга хизмат қилган;
тупроқ унумдорлигини таъминлаш соҳасидаги фаолиятни молиялаштириш, тупроқ унумдорлигини таъминлаш устидан назорат ва  тупроқ унумдор қатламини сидириб олиш ва сақлаш ҳамда тупроқ унумдорлигини меъёрлаш ҳақидаги таклифлардан Ўзбекистон Республикаси “Тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш тўғрисида” қонунининг 8-, 15-, 18- ва 19-моддаларини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти 2024-йил 23-декабрдаги 3/08-262-сон далолатномаси). Ушбу таклифлар тупроқ унумдорлигини таъминлаш соҳасидаги фаолиятни молиялаштириш, тупроқ унумдор қатламини сидириб олиш ва сақлаш ҳамда тупроқ унумдорлигини меъёрлаш ва давлат назоратини тизимли равишда амалга оширилишини таъминлашга хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish