Хмиров Павел Викторовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Бешкент эгилмасининг геологик тузилишининг ўзига хос хусусиятлари ва углеводород ресурс базасини кўпайтириш истиқболлари», 04.00.07 – Нефть ва газ конлари геологияси, уларни қидириш ва разведка қилиш (геология-минералогия фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2022.4.PhD/GM170.
Илмий раҳбар: Богданов Александр Николаевич, геология-минералогия фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Нефть ва газ конлари геологияси ҳамда қидируви институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Нефть ва газ конлари геологияси ҳамда қидируви институти, DSc.24/30.12.2019.GM.41.01.
Расмий оппонентлар: Долгополов Феликс Геннадьевич, геология-минералогия фанлари доктори, Закиров Равшан Тулкунович, геология-минералогия фанлари номзоди, профессор.
Етакчи ташкилот: «Ўзбекгеофизика» АЖ.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Бешкент эгилмасининг геологик тузилишининг хусусиятларини аниқлаш ва углеводород ресурс базасини кўпайтириш истиқболларини асослашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Бешкент эгилмасидаги мезозой ётқизиқларининг стратиграфик мажмуалари устки юзаси бўйлаб геологик тузилишининг структурали-тектоник хусусиятлари аниқланган;
углеводород заҳираларининг турлича баҳоланиши ва ортиши натижаларини, шунингдек, ресурс базасини саноат миқёсидаги тоифаларга айлантириш коэффициентларини қўллаш асосида башорат қилинаётган ресурсларни қайта баҳолаш зарурлиги исботланган;
Бешкент эгилмасининг углеводород конларини тутқичлар генетик турлари бўйича таснифлаш бажарилган, бу таснифлаш ўхшаш объектларни танлаш ишлаб чиқилган;
башорат қилинган углеводород ресурсларини тақсимлаш ва уларни қайта баҳолашдан келиб чиқиб, уларнинг концентрация даражасини ҳисобга олган ҳолда Бешкент эгилмасидаги мезозой қатламларининг нефть ва газга салоҳияти ва истиқболлиги харитаси ишлаб чиқилган;
уч ўлчовли геологик моделлар асосида углеводород уюмларини топиш учун истиқболли майдонлар ва объектларни ажратиш орқали Бешкент эгилмасининг углеводородга махсулдорлик салоҳиятини ошириш истиқболлари аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Бешкент эгилмасининг геологик тузилишининг хусусиятларини аниқлаштириш ва истиқболли углеводород хомашёсининг заҳиралар базасини ошириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Янги Нишон, Халқобод, Намозбой (терриген юра ётқизиқлари) ва Бўзахур (терриген юра ётқизиқлари) тузилмаларини излов бурғилаш учун тайёрлаш юзасидан тавсиялар «Ўзбекгеофизика» АЖда ишлаб чиқаришга жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноат ва геология вазирлигининг 2024 йил 20 сентябрдаги 08-3518-сон маълумотномаси). Натижада, С3 тоифасидаги 8,9 млн. т.ш.ё. миқдорида истиқболли ресурсларга эга бўлган Бўзахур (терриген юра) структураси чуқур бурғилашга тайёрлаш имконини берган;
03-ГР шаклида жамланадиган ахборотни оптималлаштириш мақсадида, баъзан тасдиқловчи геологик-геофизикавий маълумотлар мавжуд бўлмаган ёки мос келмайдиган истиқболли тузилмалар бўйича 03-ГР шаклига ўзгартиришларни киритиш юзасидан тавсиялар «Ўзбекнефтгаз» АЖда ишлаб чиқаришга жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноат ва геология вазирлигининг 2024 йил 20 сентябрдаги 08-3518-сон маълумотномаси). Натижада, Ўзбекистон Республикасида нефт ва газ конларини излаш бўйича истиқболли структураларнинг йиғма фондидаги майдонларнинг ҳолатини ва ўрганилганлик даражасини тузатиш имконини берган.