Maxкaмoв Сардор Анваржоновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Маҳаллий ток навлари эндофит микробиотасининг ҳусусиятлари», 03.00.04 - Микробиология ва вирусология (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2023.1.PhD/В863.
Илмий раҳбар: Насметова Соадат Мамажановна, биология фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Микробиология институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Микробиология институти, DSc.02/30.12.2019.В.38.01.
Расмий оппонентлар: Шакиров Зоир Саатович, биология фанлари доктори, профессор; Мамасалиева Лазиза Элмурадовна, биология фанлари номзоди.
Етакчи ташкилот: Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: маҳаллий узум (V.vinifera) навлари меваларидан эндофит микроорганизмларни ажратиб олиш, ресвератрол ишлаб чиқарувчи изолятларни танлаш ва биотехнологик потенциалини баҳолашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
маҳаллий узум навларининг 12 турининг меваларидан асосан 47% Aspergillus туркумига мансуб эндофит микроорганизмлар ажратиб олинган ва уларнинг ресвератрол ҳосил қилиш хусусияти аниқланган;
илк бор Aspergillus chevalieri GF14SMUz эндофит штамми фаол ресвератролни фаол ишлаб чиқариши аниқланган, ферментация шароитлари оптималлаштирилганда унинг миқдори 11 баробар ошиши асосланган;
Aspergillus chevalieri GF14SMUz экстракти молекуляр оғирлиги асосан полифенол бирикмаларига мос келадиган бирикмаларни ўз ичига олади, юқори антиоксидант, яллиғланишга ва микробларга қарши фаолликга эга, шунингдек, узум патогенларини ўсишига тўсқинлик қилиши аниқланган;
Aspergillus chevalieri GF14SMUz экстрактидан тоза ресвератролни ажратиб олиш бўйича лаборатория регламенти ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: Маҳаллий ток навлари эндофит микробиотасининг ҳусусиятлари бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Vitis vinifera ўсимлиги мевасидан ажратиб олинган Aspergillus chevalieri GF14SMUz эндофит замбуруғ штамми 5,8S рРНК нуклеотидлар кетма-кетлиги National Center for Biotechnology Information (NCBI) маълумотлар базасига Aspergillus chevalieri GF14SMUz сифатида OP975658.1 рақам билан рўйхатдан ўтказилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2024 йил 11 июлдаги 4/1255-1569 - сон маълумотномаси). Натижада, дунё миқёсида 5,8S рРНК гени гени нуклеотидлар кетма-кетлигидан филогененик таҳлил учун фойдаланиш имконини берган;
Aspergillus chevalieri GF14SMUz маҳаллий штаммидан Тошкент вилояти Паркент тумани “Сўқоқ шароб” МЧЖда узумнинг қайта ишланган иккиламчи материалидан полифенол бирикма ресвератролни ажратиб олишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Алкогол ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлигининг 2023 йил 1 мартдаги 01-17/256 - сон маълумотномаси). Натижада, Aspergillus chevalieri GF14SMUz замбуруғи билан ферментланган узум иккиламчи материалида ресвератролнинг миқдори 0,1% га яъни 12 баравар ортиши имконини берган.