Хайруллаева Санам Сагдуллаевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Гормонга боғлиқ бронхиал астмада гастродуоденал зона зарарланишининг клиник-патогенетик характеристикаси ва уни коррекция қилиш йўллари», 14.00.05–Ички касалликлар (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.2.PhD/Tib600.
Илмий раҳбар: Ливерко Ирина Владимировна, тиббиёт фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент тиббиёт академияси, DSc.27.06.2017.Тib.30.02.
Расмий оппонентлар:Рахимова Дилорам Алимовна, тиббиёт фанлари доктори; Аралов Нематилла, тиббиёт фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Тошкент врачлар малакасини ошириш институти.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: бронхиал астмали беморларда гастродуоденал соҳа патологиялари ривожланишини профилактикасига йўналтирилган бошқариш тактикасини такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
глюкокортикостероидларни қабул қилувчи беморларда гастродуоденал соҳа зарарланишининг ўзига хослиги, улар билан ингаляцион даволашда гастроэзофагеал рефлюкс касаллигининг ривожланиши, тизимли, тизимли хамда ингаляцион турини биргаликда қабул қилган беморларда гастродуоденал соҳани эрозив ярали зарарланиши яққол намоён бўлганлиги исботланган;
турли тартибда глюкокортикостероидлар билан даволанган беморларда гастродуоденал зона зарарланиш механизмлари ва омилларининг ўзаро муносабатининг ўзига хослиги ва касалликни бошқариб бўлмайдиган кечишида ва оғир шаклларидаги аҳамияти исботланган;
бронхиал астмали беморларда Helicobacter pylori миқдорининг юқори даражаси касаллик кечишининг оғирлаштирувчи омил эканлиги, зарарланишнинг кечиши ва давомийлиги, даволаш сифати билан бевосита боғлиқлиги асосланган;
бронхиал астмали беморларда гастродуоденал соҳа патологияларининг юзага келиши, зўриқиши ва ривожланишини олдини олишга қаратилган «кузатув терапияси»нинг зарурияти ва самарасиз даволаш хавф даражасига боғлиқ ҳолда дифференциал ёндашув мезонлари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Гормонга боғлиқ бронхиал астмада гастродуоденал соҳа зарарланишининг клиник-патогенетик характеристикаси ва уни коррекция қилиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
«Бронхиал астмада гастродуоденал соҳанинг зарарланишини ташхислаш ва даволашнинг оптималлаштириш йўллари» номли услубий қўлланма тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 16 майдаги 8н-р/131-сон маълумотномаси). Мазкур услубий қўлланма бронхиал астма билан хасталанган беморларда гастродуоденал зона зарарланиши ҳамда асосий клиник белгиларини аниқлаш, даволаш тактикасининг оптимал вариантини танлаш имконини берган;
гормонга боғлиқ бронхиал астмада гастродуоденал соҳа зарарланишини клиник-патогенетик характеристикаси ва уни коррекция қилиш йўлларини такомиллаштиришга оид тадқиқот натижалари соғлиқни сақлаш амалиётига, жумладан, Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пулмонология илмий-амалий тиббиёт маркази ва Тошкент тиббиёт академияси биринчи клиникасининг пулмонология бўлимлари клиник амалиётига жорий қилинган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 17 майдаги 8н-д/109-сон маълумотномаси). Олинган илмий натижаларнинг амалиётга жорий қилиниши бронхиал астма билан хастланган беморларда гастродуоденал соҳанинг зарарланишини олдини олиш, касалликни қулай даволаш тизими шаклланганлиги ва ушбу тизимнинг самарадорлик кўрсаткичи 18%га яхшиланганлиги ва аҳолининг меҳнат қилиш қобилиятини тиклаш имконини берган.