Сарманов Шерзод Шермахматовичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбекистоннинг жанубий минтақалари шароитига мос маҳсулдор ва тезпишар арпа (H. vulgare L., H. disticum L.) навларини яратиш ҳамда уруғчилигини такомиллаштириш”, 06.01.05 – Селекция ва уруғчилик (Қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам B2023.4.DSc/Qx284.
Илмий маслаҳатчи: Рахманкулов Мурод Саид-Акбарович, қишлоқ хўжалиги доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Жанубий деҳқончилик илмий тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети, DSc.05/04.03.2022.Qx.13.01
Расмий оппонентлар: Аманова Махфурат Эшмурадовна, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Маматқулов Турсунқул, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Ўсимликлар генетик ресурслари илмий тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Қашқадарё вилояти тупроқ-иқлим шароитларига мос келадиган арпанинг эртапишар ва ташқи муҳит омилларига, ётиб қолишга чидамли, ҳосилдор, дон сифати юқори, донининг тўкилмаслиги белгиларини ўзида мужассамлаштирган янги навини яратиш ва уруғчилигини такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Қашқадарё вилоятининг суғориладиган ва лалмикор ерлари шароитида арпанинг жаҳон коллекциясидан 357 та нав ва намуналари cелекцион кўрсаткичлари бўйича баҳоланган ва уларга ҳар томонлама тавсифнома берилган;
янги навларни яратиш учун қимматли-хўжалик белгилар мажмуасига эга бўлган бошланғич манбалар ажратиб олинган;
эртапишарлик, юқори ҳосилдорлик, юқори сифатлилик, ташқи муҳитнинг ноқулай шароитларига бардошлилик белгиларини мужассамлаштирган дурагайлар яратиш учун ота-оналик жуфтликлари танланган ва чатиштиришлар орқали барқарор генотипли тизмалар олинган;
арпанинг коллекция намуналари, дурагайлар ва уларнинг ота-оналик шакллари ўртасидаги эртапишарлик белгиси билан морфо-биологик, қимматли-хўжалик ҳамда ташқи муҳитнинг ноқулай шароитларига чидамлилик белгилари ўртасидаги ўзаро узвий боғлиқликлари аниқланган;
суғориладиган ерлар учун қимматли-хўжалик белгилар мажмуасига эга бўлган ҳосилдор, дон сифати юқори бўлган кузги арпанинг “Воха” нави яратилган;
арпа навларининг мавжуд бирламчи уруғчилик тизими муддати 6 йилдан 5 йилгача қисқартирилиб такомиллаштирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Арпанинг серҳосил, дон сифати юқори бўлган янги навини яратиш ва уни уруғчилик тизимини такомиллаштириш бўйича олиб борилган изланишлар натижалари асосида:
кузги арпанинг дон сифати ва дон ҳосилдорлиги юқори бўлган “Воха” нави яратилган ва суғориладиган майдонлар учун 2019-йилдан республиканинг барча вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси бўйича экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалик экинлари Давлат реестрига киритилган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий марказининг 2024-йил 12-ноябрдаги 05/05-03-364-сон маълумотномаси). Натижада, республикамизнинг арпа генофонди ҳосилдор, дон сифати юқори, абиотик омилларга бардошли бўлган янги нав билан бойитилган;
кузги арпанинг янги яратилган “Воха” нави Қашқадарё вилоятининг суғориладиган ерлар шароитида жами 235 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий марказининг 2024-йил 12-ноябрдаги 05/05-03-364-сон маълумотномаси). Натижада, мазкур навдан жанубий минтақаларнинг ноқулай иқлим шароитларида ҳам юқори ҳосил олиб, иқтисодий самарадорликка эришишни таъминлаган;
Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институтининг тажриба майдонларида, 2021-2023 йилларда арпанинг “Воха” навини суғориладиган майдонлар Қарши агроучасткасида 12,0 гектар, Касби агроучаскасида 9,0 гектар майдонларда жорий қилинган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий марказининг 2024-йил 12-ноябрдаги 05/05-03-364-сон маълумотномаси). Натижада минтақа тупроқ-иқлим шароитларида мазкур нав экилганда Қарши агроучасткасида 2021-йилда 42,6 с/га, 2022-йилда 47,4 с/га, 2023-йилда 43,1 с/га, Касби агроучаскасида 2021-йил 40,2 с/га, 2022-йилда 42,4 с/га, 2023-йилда 41,8 с/га ҳосил олинган;
Мазкур нав 2021-2023 йилларда Қарши туманида “Худойқулов Сарварбек Ахрорович” фермер хўжалигининг 47,0 гектар, “Сарварбек эл ишончи” фермер хўжалигининг 38,0 гектар, “Шаропов Юсуф” фермер хўжалигининг 24,0 гектар, Касби туманида “Шермахматов Шарибжон” фермер хўжалигининг 27,0 гектар, “Тошқурғон экспресс-инвест” фермер хўжалигининг 30,0 гектар, Миришкор туманида “Элбек” фермер хўжалигининг 30,0 гектар, “Гойибов Хуршид” фермер хўжалигининг 18,0 гектар майдонларида жорий этилган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий марказининг 2024-йил 12-ноябрдаги 05/05-03-364-сон маълумотномаси). Натижада ўртача 44,2-47,7 с/га ҳосил олиниб, андоза “Болғали” навига нисбатан ҳосилдорлик 7-12 с/га юқори бўлган, рентабеллик даражаси эса 46,3-47,2 фоизни ташкил этган;
Бирламчи уруғчилик тизими бўйича олинган натижаларга асосланган холда арпанинг уруғчилик тизими такомиллаштирилган ва жорий қилинган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий марказининг 2024-йил 12-ноябрдаги 05/05-03-364-сон маълумотномаси). Натижада амалдаги бирламчи уруғчилик 6 йиллик элита уруғларини етиштириш тизими 5 йилликга қисқартирилган.