Sayt test rejimida ishlamoqda

Намозов Нормамат Чориевичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Қумли чўл тупроқларининг хоссалари ва улардан самарали фойдаланиш (Фориш тумани яйловлари мисолида», 06.01.03–Агротупроқшунослик ва агрофизика (қишлоқ хўжалиги фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.4.PhD/Qx88.

Илмий раҳбар: Турапов Ибрагим, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат аграр университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институти, DSc.27.06.2017.Qx/B.43.01.

Расмий оппонентлар: Қурвантоев Рахмонтой, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим; Хақбердиев Обид Эшниёзович, биология фанлари номзоди, доцент.

Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Миллий университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: Фориш тумани яйловларида тарқалган қумли чўл тупроқларининг таркиби, хоссалари, микробиологик фаоллигини аниқлаш ва деградация жараёнларини олдини олишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

илк бор Жиззах вилояти Фориш тумани яйловларида тарқалган қумли чўл тупроқларнинг морфологик белгилари, агрокимёвий, агрофизикавий, сув-физикавий хоссалари аниқланган;

қумли чўл тупроқлари таркибидаги сувда осон эрувчи тузлар миқдорини таҳлили натижаларига кўра ушбу тупроқлар учламчи давр қумтошли шўрланган ётқизиқларда шаклланганлигини ва келажакда суғориш имкони туғилса шўрланиш хавфи мавжудлиги асосланган;

қумли чўл тупроқларда экишдан олдин тупроққа ишлов беришда шудгорлаш + мола босиш тадбири чўл озуқабоп ўсимликларининг ўсиши-ривожланишига ижобий таъсири аниқланган;

қумли чўл тупроқларида кечаётган деградация жараёнларини олдини олишда очилиб қолган майдонларга чўл озуқабоп ўсимликларидан изен, терескен ва чўғон ўсимликларини экиш самарали эканлиги исботланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Фориш тумани қумли чўл тупроқларининг хоссалари ва улардан самарали фойдаланиш бўйича олинган натижалар асосида:

«Табиий чўл яйловларидан пичан жамғариш ва чўл озуқабоп ўсимликлари уруғларини йиғишда ўргич-тўплагич машинасидан фойдаланишга доир» тавсия қишлоқ хўжалиги амалиётига жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 14 июндаги 02/020-152-сон маълумотномаси). Натижада ушбу тавсия республиканинг чўл яйловларидан пичан жамғариш ва чўл озуқабоп ўсимликлари етиштириш ва уруғларини йиғишда чорвачилик соҳасидаги фермер хўжаликлари учун қўлланма сифатида хизмат қилган;

яйлов тупроқлари ҳолатини яхшилашга қаратилган шудгорлаш+мола босиш агротадбири ишлаб чиқилиб, Жиззах вилояти Фориш туманидаги “Ахмедов Мансур” фермер хўжалигининг 5,5 гектар ва «БМКБ-Агромаш» очиқ акциядорлик жамиятига қарашли 10,5 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 14 июндаги 02/020-152-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида тупроқда қулай шароит яратилган, чизеллаб+мола босиш ҳамда бороналаб+мола босиш агротадбирларига нисбатан ўсимликлар бўйи 2,3–15,4 см га юқори ўсиши таъминланган;

чўл озуқабоп ўсимликлари навларининг ўсиши, ривожланиши бўйича ишлаб чиқилган агротадбирлар Жиззах вилояти Фориш тумани қумли чўл тупроқлари шароитида 16,0 гектар майдонида жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 14 июндаги 02/020-152-сон маълумотномаси). Натижада изеннинг «Отавний» нави, чўғоннинг «Жайхун» навидан 4 см га, терескеннинг «Тўлқин» навига нисбатан 22 см баланд ўсганлигига ва ундан гектаридан 0,5-1,0 центнер уруғ олишга эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish