Зуфарова Зухра Хабибуллаевнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Яллиғланишга қарши таъсирга эга дори шакллари технологиясини ишлаб чиқишнинг ва мувофиқлаштиришнинг технологик аспектлари», 15.00.01 - Дори технологияси (фармацевтика фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2023.1. DSc/Far35.
Илмий маслаҳатчи: Юнусова Холида Маннановна, фармацевтика фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент фармацевтика институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент фармацевтика институти, DSc.04/30.12.2019.Far.32.01.
Расмий оппонентлар: Назарова Зарифа Алимжановна, фармацевтика фанлари доктори, профессор; Маматханова Мунирахон Ахматхон қизи, техника фанлари доктори, катта илмий ходим; Каухова Ирина Евгеньевна, фармацевтика фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент кимё-технология институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ностероид яллиғланишга қарши воситалар асосида қаттиқ ва юмшоқ дори шаклларини муайян таркиби ва технологиясини ишлаб чиқиш ва мувофиқлаштиришнинг технологик аспектларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор яллиғланишга қарши таъсир қилувчи «Кетомакс» ва «Асрутас» таблеткаларининг оптимал таркиби танланган ва технологияси ишлаб чиқилган;
илк бор экспериментларни математик режалаштириш усулидан фойдаланиб «Глас» капсуласининг таркиби илмий асосланган ва ушбу дори шаклини олиш технологияси ишлаб чиқилган;
ностероид яллиғланишга қарши таъсирга эга «Кетопрофен» гелининг таркиби такомиллаштирилган ва унинг асосида технологияси ишлаб чиқилган;
таркибида глицирризин кислотасининг моноаммонийли тузини сақлаган комбинирланган таркибли «Глилагин» ва «Салас» геллари учун ёрдамчи моддалар комплекси тажрибалар асосида танлаб олинган ва уларга асосан юмшоқ дори турларининг технологияси яратилган;
«Кетопрофен», «Глилагин» ва «Салас» гелларининг структура-механик хоссаларини ўрганишда қайта тикланишини таъминловчи тиксотроплик хусусияти борлиги исботланган;
ишлаб чиқилган гелларнинг осмотик ва адсорбцион фаоллигини ўрганиш натижасида уларни яра жараёнининг турли фазаларида қўллаш мумкинлиги исботланган;
биофармацевтик тадқиқотлар натижасида капсула ва таблетка шаклида ишлаб чиқилган ностероид яллиғланишга қарши дори воситалар учун “Эрувчанлик” синовини ўтказиш шароитлари аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Яллиғланишга қарши таъсирга эга дори шакллари технологиясини ишлаб чиқишнинг ва мувофиқлаштиришнинг технологик аспектлари бўйича олинган илмий натижалар асосида:
«Кетопрофен» гели учун корхона фармакопея мақоласи ЎзР ССВ «Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази» Давлат муассасаси томонидан тасдиқланган (КФМ 42 Уз-18243068-2945-2021). Ушбу корхона фармакопея мақоласининг тасдиқланиши яллиғланишга қарши таъсир этувчи гел шаклидаги маҳаллий қўлланиладиган дори препаратларнинг ассортиментини кенгайтириш имконини берган;
«Кетомакс» таблеткаси учун корхона фармакопея мақоласи ЎзР ССВ «Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази» Давлат муассасаси томонидан тасдиқланган (КФМ 42 Уз-15745533-4951-2022). Ушбу меъёрий ҳужжатнинг тасдиқланиши ностероид яллиғланишга қарши таъсирли қаттиқ дори шаклидаги препаратни олиш имконини берган;
«Кетопрофен» гели ва «Кетомакс» таблеткаси ЎзР ССВ «Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази» Давлат муассасаси томонидан рўйҳатдан ўтказилган ва тиббиётда қўллашга рухсат этилган (DV/M №01033/09/16 ва №04118/05/22 гувоҳномалар). Мазкур препаратларнинг рўйҳатдан ўтказилиши уларни маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари томонидан ишлаб чиқариш имконини берган;
«Кетомакс» таблетка дори шакли учун тажриба саноат регламентлари «SAMO» МЧЖ корхонаси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ва тасдиқланган (ОПР РУз-42-2942/15745533-4951-2022). Мазкур хужжатнинг тасдиқланиши натижасида «Кетомакс» таблеткаси учун меъёрий хужжатлар ўрнатилган тартибда ишлаб чиқилиши ва рўйхатга олиниши таъминланган.
«Кетопрофен» гел дори шакли учун тажриба саноат регламентлари «Radiks» МЧЖ корхонаси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ва тасдиқланган (ОПР 42 Уз-03873-18243068-4180-2024). Мазкур хужжатнинг тасдиқланиши натижасида ностероид яллиғланишга қарши дори воситаси учун меъёрий хужжатлар ўрнатилган тартибда ишлаб чиқилиши ва рўйхатга олиниши таъминланган.