Маҳмудова Хушноза Равшанбековнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар:
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Аҳолининг молиявий саводхонлигини оширишда телевидениенинг ўрни: халқаро ва миллий амалиёт”, 10.00.09 – Журналистика (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.4.PhD/Fil2141.
Илмий раҳбар: Исмоилова Климентина Фузаиловна, филология фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, PhD.03/30.12.2019.Fil.14.01.
Расмий оппонентлар: Каримов Амрилло Ашурович, филология фанлари доктори, доцент; Алимова Гулноза, филология фанлари номзоди.
Етакчи ташкилот: Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий Университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади хорижий ва маҳаллий тажрибани қиёсий таҳлил қилиш асосида телевидение орқали аҳоли орасида молиявий саводхонликни шакллантириш ва ривожлантиришнинг ҳозирги тенденсияларини аниқлаш ва ушбу йўналишдаги миллий телевидение фаолиятини оптималлаштириш йўлларини белгилашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
“телевидение орқали молиявий саводхонликни тарғиб қилиш” ва “бизнес телевидениеси” тоифалари ўртасидаги ўзаро боғлиқлик асосланиб, уларнинг конвергент-интеграция жараёнлари аудиториянинг пайдо бўлаётган сигментациясининг аҳоли ўртасида тадбиркорлик имижини шакллантириш ва бизнесни ривожлантиришда фасилитатив воситага айланаётгани асосланган;
хорижий ва миллий тажриба асосида телевидение орқали аҳоли орасида молиявий саводхонликни оширишга йўналтирилган кўрсатувлар сўзлашув ва бизнес услубининг синкретизми билан ажралиб туриши далилланиб, ушбу дастурларнинг истеʼмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш аспектида, аҳолининг молиявий фаровонлигига, мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилашга динамик таъсир кўрсатаётгани исботланган;
миллий телевидениенинг интернет билан интеграция қилиниши натижасида унинг интерактив ва бизнестеймент хусусиятини оширишда ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар, видеохостинглар орқали мунтазам равишда аҳоли ўртасида молиявий саводхонликни тарғиб қилишнинг самарали воситаси эканлиги далилланган;
утилитар ва прагматик характердаги молиявий мавзуларни томошабинга оммабоп ва қизиқарли тарзда етказишга ва кенг қамровли компетенсияларни шакллантиришга қаратилган универсал блокли дастурнинг оптимал модели ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг амалиётга жорий этилиши. Аҳолининг молиявий саводхонлигини оширишда телевидениенинг ўрни ва таъсирини ўрганишда хориж ва миллий амалиётдаги тажрибаларни тадқиқ этишда олинган илмий натижалар ва амалий таклифлар асосида:
“Ёшлар” каналида тўлақонли молиявий саводхонликка бағишланган, хусусан, шахсий даромадни бошқариш, оила бюджетини режалаштириш, болаларда пул ва молия билан боғлиқ тушунчаларни шакллантириш ҳамда молиявий мавзуларни оддий усулда томошабинга етказишга қаратилган универсал блокли дастурнинг оптимал модели асосида ишлаб чиқилган “Ёшлар” телеканалининг “Индекс” кўрсатувлар ссенарийлари ва консепсиясини тайёрлашда, шунингдек “Старт уп cлуб” ва “Янги давр” информацион дастури каби бир қатор кўрсатувларда фойдаланилган. (Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Ёшлар” телеканалининг 2024-йил 2-апрелдаги 14-01-40-сон маълумотномаси). Натижада молиявий саводхонликка оид телевизион маҳсулотларни аудиторияга тақдим этишда кўрсатувларнинг формати ва услубининг ўзига хослиги борасидаги диссертант тавсиялари асосида кўрсатувларнинг томошабин билан ўзаро интерфаоллиги ошганлиги кузатилиб, ушбу дастурларнинг рейтинги сезиларли даражада ўсишига хизмат қилган;
молиявий саводхонликка оид теледастурларни яратишнинг янги формати ва томошабинга таъсир кўрсатишнинг замонавий технологиялари, ушбу йўналишдаги миллий телевидениенинг интернет билан интеграция қилиниши натижасида унинг интерактив ва бизнестеймент хусусиятини оширишда ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар, видеохостинглар орқали мунтазам равишда таъсир кўрсатиш имконияти орқали аҳоли ўртасида молиявий саводхонликни самарали тарғиб қилиш технологиялари бўйича таклифлардан “Маданият ва маʻрифат” телеканалидаги “Рақамли дунё” дастури ссенарийларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Маданият ва маʻрифат” телеканалининг 2024-йил 29-мартдаги 01-16/76-сон маълумотномаси). Натижада тасвирга олиш жараёнида молиявий ва иқтисодий саводхонлик мавзуси элементларини ўринли қўллаш натижасида кўрсатувнинг муваффақиятли чиқиши, томошабиннинг мураккаб мавзуларни осон тушуниши ва енгил қабул қилишига имконият яратиш мақсадида бизнестеймент технологияларидан самарали фойдаланишига хизмат қилган;
телевидение орқали аҳоли орасида молиявий саводхонликни оширишга йўналтирилган кўрсатувлар сўзлашув ва бизнес услубининг синкретизми билан ажралиб туриши далилланиб, ушбу дастурларнинг истеʼмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш аспектида, аҳолининг молиявий фаровонлигига, мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилашга динамик таъсир кўрсатаётгани ҳусусидаги таклиф “Тошкент” телеканалининг “Сиз нима дейсиз?” кўрсатуви ҳамда “Пойтахт” информацион дастурида тадбиқ этилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Тошкент” телеканалининг 2024-йил 16-апрелдаги 01-14-39-сон маълумотномаси). Натижада телеканал контенти таҳлилий нуқтайи назаридан кучайтирилган ва юқорида қайд этилган кўрсатувларнинг аудиторияга таъсир кўрсатиш самарадорлиги ошишига хизмат қилган;
“телевидение орқали молиявий саводхонликни тарғиб қилиш” ва “бизнес телевидениеси” тоифалари ўртасидаги ўзаро боғлиқликка аниқлик киритилганлиги ҳамда молиявий таълимнинг таркибий қисми сифатида молиявий саводхонликнинг аҳамияти асосланганлиги Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан ташкил этилган минтақавий семинарларда фойдаланилган (Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг 2024-йил 19-апрелдаги 02-18/115-сон маълумотномаси). Ушбу таклифлар республика тележурналистларида молиявий саводхонлик ва уни телевидение орқали тарғиб қилиш борасида янги билим ва кўникмалар пайдо бўлишига хизмат қилган;
молиявий саводхонлик мавзусига оид телевизион эфирнинг аҳоли ўртасида тадбиркорлик имижини шакллантириш ва бизнесни ривожлантириш воситасига айланаётгани аниқланганлиги ҳамда бугунги кунда миллий медиа соҳасида молиявий саводхонликка оид дастурларнинг барқарор сегменти мавжуд эмаслиги тўғрисидаги хулосаларни, шунингдек, миллий телеканалларининг республикамиз етук иқтисодий тузилмалари билан ҳамкорликни ўрнатиш зарурлиги тўғрисидаги хулосалар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Жамоатчилик билан алоқалар ва коммуникацион сиёсат департаменти фаолиятида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2024-йил 1-майдаги 39-15/84-сон маълумотномаси). Натижада диссертант муаллифлигида Марказий банк ҳамкорлигида молиявий саводхонликни оширишга қаратилган ижтимоий характердаги 10 га яқин видео роликлар тайёрланиб, “Ўзбекистон”, “Ўзбекистон 24”, “Ёшлар”, “Дунё бўйлаб”, “УзРепорт”, “Зўр ТВ”, “Менинг юртим”, “Миллий” каналларида ҳамда “банкерс.уз”, “банквамижоз”, “бакироо” интернет ресурслари орқали трансляция қилинган.