Қўчқаров Зафаржон Қаюмжон ўғли
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри: “Олий таълим соҳасида коррупцияга оид хавф-хатарларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш масалалари”, 12.00.12 – Коррупция муаммолари (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.1.PhD/Yu521.
Илмий раҳбар: Тухташева Умида Абдиловна, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, DSc.31/31.12.2020.Yu.67.01.
Расмий оппонентлар: юридик фанлар доктори, профессор Тиллабаев Мирзатилла Алишерович, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори Исмоилов Олимжон Юсуфжон ўғли.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат юридик университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Ўзбекистон Республикаси олий таълим соҳасида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш, олий таълимни коррупциядан ҳоли намунавий соҳага айлантиришга қаратилган илмий-назарий хулосалар, амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
олий таълим соҳасидаги барча турдаги имтихонларни ўтказиш жараёнларини интернет тармоғида жонли эфирга узатиш амалиётини жорий этиш ва ушбу фаолиятни амалга ошириш учун очиқ платформани ишга тушуриш коррупцияга қарши курашишда очиқлик ва шаффофликни, жамоатчилик назоратини таъминловчи муҳим восита бўлиб хизмат қилиши асослантирилган;
ОТМларга ўқишга кириш учун берилган имтиёзларни хатловдан ўтказиб, қатъий рўйхатини шакллантириш ҳамда уларни умумий квотага киритмаслик бўйича қоида белгилаш, имтиёзлар беришни тўлиқ рақамлаштириш ва ва электрон платформа орқали амалга оширилишини қонунчилик ҳужжатларида белгилаш асослантирилган;
коррупцияга қарши курашишда янгича ёндашув асосида HEMIS ахборот тизими орқали аноним сўровнома ўтказиш йўли билан ОТМларининг ҳар йилги коррупцияга қарши курашиш рейтингини аниқлаш амалиётини қонунчилик ҳужжатларида жорий этишнинг ижобий натижалари асослантирилган;
олий таълим соҳасида коррупцияга қарши курашишда замонавий усуллардан фойдаланиш, хусусан, ОТМларида коррупциявий хавф-хатарларни тизимли равишда таҳлил қилиш фаолиятини йўлга қўйиш, ушбу фаолиятни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш зарурати асослантирилган;
коррупциявий усуллардан фойдаланган ҳолда таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ва хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш соҳасидаги жавобгарлик чораларини кучайтириш масаласининг долзарблиги асослантирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Тадқиқот асосида олинган натижалар қуйидагиларда ўз ифодасини топган:
олий таълим соҳасидаги барча турдаги имтихонларни ўтказиш жараёнларини интернет тармоғида жонли эфирга узатиш амалиётини жорий этиш ва ушбу фаолиятни амалга ошириш учун очиқ платформани ишга тушуриш тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг очиқлигини таъминлаш, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6247-сонли Фармонининг 3-бандига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг 2021 йил 21 июндаги 01-09/4572-сон далолатномаси). Ушбу таклифни амалиётга жорий этилиши коррупция хавфи юқори бўлган ОТМларига кириш ва бошқа турдаги имтиҳонларнинг очиқланиши, имтиҳон жараёнлари устидан жамоатчилик назорати ўрнатилишига хизмат қилган;
ОТМларга ўқишга кириш учун берилган имтиёзларни хатловдан ўтказиб, қатъий рўйхатини шакллантириш ҳамда уларни умумий квотага киритмаслик бўйича қоида белгилаш, имтиёзлар беришни тўлиқ рақамлаштириш ва электрон платформа орқали амалга ошириш тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11 майдаги “Давлат бошқаруви соҳасида коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш механизмларини такомиллаштириш ва ушбу соҳада жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-240-сонли Қарорининг 1-иловаси билан тасдиқланган “Коррупцияга мойил бўлган муносабатларни бартараф этиш бўйича комплекс” чора-тадбирлар дастурининг 4,5,6,7-бандига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг 2022 йил 17 июндаги 01-09/2716-сон далолатномаси). Ушбу таклифни амалиётга жорий этиш ўқишга киришда белгиланган имтиёзлардан фойдаланишда мавжуд коррупциявий хавф-хатарларнинг олди олган;
коррупцияга қарши курашишда янгича ёндашув асосида HEMIS ахборот тизими орқали аноним сўровнома ўтказиш йўли билан ОТМларининг ҳар йилги коррупцияга қарши курашиш рейтингини аниқлаш амалиётини йўлга қўйиш тўғрисида таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 ноябрдаги “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-200-сонли Фармони 3-банди “в” кичик банди ва мазкур Фармон 1-иловаси билан тасдиқланган Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2023-2024 йилларга мўлжалланган давлат дастурининг 19-бандига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг 2024 йил 1 апрелдаги 01-09/1917-сон далолатномаси). Ушбу таклифнинг амалиётга жорий этилиши олий таълим соҳасида коррупцияга қарши курашишда замонавий ёндашувлардан фойдаланиш имкониятини яратган;
олий таълим соҳасида коррупцияга қарши курашишда замонавий усуллардан фойдаланиш, хусусан, ОТМларида коррупциявий хавф-хатарларни тизимли равишда таҳлил қилиш фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тизим ташкилотларида, олий, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида коррупциявий хавф-хатарларни таҳлил қилиш ва уларнинг натижаларини эълон қилиш тартиби тўғрисида йўриқномани тасдиқлаш ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг 2024 йил 4 мартдаги 58-сон буйруғи билан амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2024 йил 25 мартдаги 03/23-851-сон далолатномаси). Ушбу йўриқнома ОТМларда коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва уларни бартараф этиш билан боғлиқ муҳим амалиётни ҳуқуқий тартибга солган;
коррупциявий усуллардан фойдаланган ҳолда таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ва хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш соҳасидаги жавобгарлик чораларини кучайтириш тўғрисида таклифи Ўзбекистон Республикасининг “Педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги 826-сон Қонуни 2-моддаси 2-бандига жорий қилинди. (Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг 2024 йил 2 ноябрдаги 27/2-314-24-сон далолатномаси). Ушбу таклифни амалиётга жорий қилиниши педагог ходимларининг касбий фаолиятига юқори турувчи раҳбар ва мансабдорлар томонидан коррупциявий усуллардаги аралашувларининг олдини олишга хизмат қилган.