Орипов Давронбек Равшан ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.  
“Дада Қўрқут” ҳамда “Ўғузнома” китобий эпосларининг ўзаро қиёсий таҳлили, 10.00.08 – Фолклоршунослик (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2022.2.PhD/Fil2666.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети.
Илмий раҳбар: Раҳмонов Насимхон Асқарович, филология фанлари доктори, профессор.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёт ва фолклори институти, DSc.02/30.12.2019.Fil.46.02.
Расмий оппонентлар: Сариев Санъат, филология фанлари доктори, доцент; Палимбетов Камалбай, филология фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Тошкент амалий фанлар университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ўрта асрлар бебаҳо ўғуз ёдномаси бўлган “Дада Қўрқут”даги сюжет ва мотивларнинг “Ўғузнома” китобий эпосидаги сюжет ҳамда мотивлар, образлар тизимидаги умумийлик билан алоқадорлигини асослаб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
“Дада Қўрқут”нинг қўлёзма нусхаларига асосланган Самат Ализода ҳамда Тофиқ Ҳожиев томонидан тайёрланган “Китаби Дада Қўрқут” нашри “Ўғузнома”нинг уйғур ёзувидаги асл матнига асосланган А.Шербакнинг “Огузнаме. Мухаббатнаме” китобидаги транскрипсия вариантига муқояса қилиниб, матний, жанрий, лисоний хусусиятлари ойдинлаштирилган;
“Дада Қўрқут” ва “Ўғузнома” китобий эпослари туркий халқларнинг “Эдиго”, “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам”, “Ошиқ Албанд”, “Сайёд ва Ҳамро”, “Ҳурилиқо ва Ҳамро”, “Асил ва Карам”, “Ройи Чин” каби достонлари билан қиёсий-типологик, қиёсий-тарихий, лингвофолклористик ва матний таҳлил каби усулларда уларнинг ўзаро таъсир масаласи очиқланган;
Ўғузномаларнинг дастлабкиси бизнинг давргача етиб келмаган “Китоб ахборвулоти Хуросон” (Хуросон ҳукмдорлари ҳақида ахборот берувчи китоб) асари экани, энг сўнггиси эса Фуад Кўпрули Ўғузномаси ёхуд Тўпқопи Саройи Ўғузномаси экани, яна ўрганилмаган ўнга яқин Ўғузномалар мавжуд экани асосланган;
“Дада Қўрқут” ва “Ўғузнома” китобий эпосларидаги дунёни тасаввур қилишнинг мифологик асослари ва инончларга оид тасаввурлар бир-бирига ўзаро мос келиши, ҳар икки эпосда ишлатилган бадиий тасвир воситалари ҳам анъанавий тарзда муштараклик касб этиши далилланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. “Дада Қўрқут” ҳамда “Ўғузнома” китобий эпосларининг ўзаро қиёсий таҳлили бўйича олинган илмий натижалар асосида:
“Дада Қўрқут”нинг қўлёзма нусхаларига асосланган Самат Ализода ҳамда Тофиқ Ҳожиев томонидан тайёрланган “Китаби Дада Қўрқут” нашри “Ўғузнома”нинг уйғур ёзувидаги асл матнига асосланган А.Шербакнинг “Огузнаме. Мухаббатнаме” китобидаги транскрипсия вариантига муқояса қилиниб, матний, жанрий, лисоний хусусиятлари ойдинлаштирилганлигига доир илмий-назарий натижаларидан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2021-2023-йилларда бажарилган ПЗ‒2020042022 “Туркий тилларнинг лингводидактик электрон платформасини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳани бажаришда фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2024-йил 01-майдаги 04/1-114-сон маълумотномаси). Натижада, қорақалпоқ халқ оғзаки ижодиётидаги эпослар таркибидаги афоризмларнинг илмий изоҳларини тайёрлашга эришилган;
“Дада Қўрқут” ва “Ўғузнома” китобий эпослари туркий халқларнинг “Эдиго”, “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам”, “Ошиқ Албанд”, “Сайёд ва Ҳамро”, “Ҳурилиқо ва Ҳамро”, “Асил ва Карам”, “Ройи Чин” каби достонлари билан қиёсий-типологик, қиёсий-тарихий, лингвофолклористик ва матний таҳлил каби усулларда уларнинг ўзаро таъсир масаласи очиқланганлигига доир илмий-назарий натижаларидан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2021-2023-йилларда бажарилган ПЗ‒2020042022 “Туркий тилларнинг лингводидактик электрон платформасини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳани бажаришда фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2024-йил 01-майдаги 04/1-114-сон маълумотномаси). Натижада, қорақалпоқ халқ оғзаки ижодиётидаги китобий эпосларнинг ўзига хос хусусиятлари ва уларнинг достонларга кўрсатган таъсирига доир материалларни такомиллаштиришга эришилган;
китобий эпослар ва ўзбек эпосшунослиги анъаналарини омма орасида кенг тарғиб қилишда диссертациянинг илмий-назарий хулосаларидан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон” телерадиоканалининг “Ойдин ҳаёт ливе” кўрсатувида фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон” телерадиоканалининг 2023-йил 15-июндаги 01-13/959-сон маълумотномаси). Натижада ҳар икки китобий эпоснинг ўзбек халқига кўрсатган таъсири, аҳамияти тарғиб қилишга эришилган;
“Дада Қўрқут” китобий эпосининг қўлёзма нусхалари ва унинг ўрганилиши” деб номланган фаслидан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Маданият ва маърифат” телеканалидаги “Очиқ намойиш” кўрсатувида фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Маданият ва маърифат” телеканалининг 2022-йил 15-декабрдаги 01.02-01/226-сон маълумотномаси). Натижада китобий эпослардаги анъаналарнинг таълим-тарбиядаги аҳамиятини кенг тарғиб қилишга эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish