Махкамов Дилшод Исматиллаевичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Физик-кимёвий модификациялаш орқали автомобил йўлларини қоплаш учун эластик-деформацион-силжишга бардошли композицион асфальтбетон материаллари ва уларни ишлаб чиқариш технологиясини яратиш», 02.00.07 – Композицион, лок-бўёқ ва резина материаллари кимёси ва технологияси (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2024.3.DSc/Т808.
Илмий маслаҳатчи: Негматов Сойибжон Содикович, техника фанлари доктори, профессор, академик.
Диссертация бажарилган муассасар номи: Тошкент давлат техника университети «Фан ва тараққиёт» ДУК.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат техника университети «Фан ва тараққиёт» ДУК, DSc.03/30.12.2019.К/Т.03.01.
Расмий оппонентлар: Собиров Баходир Бойпулатович, техника фанлари доктори, профессор; Амонов Мухтор Рахматович, техника фанлари доктори, профессор; Исмаилов Ровшан Исроилович, кимё фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент кимё-технология институти.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: физик-кимёвий модификациялаш орқали автомобил йўлларини қоплаш учун эластик-деформацион-силжишга бардошли композицион асфальтбетон материаллари ва уларни ишлаб чиқариш технологиясини яратишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор иссиқ иқлим ва тоғли шароитларда фойдаланишга мўлжалланган, композицион асфальтбетон автомобил йўл қопламаларини олиш учун маҳаллий ва иккиламчи хомашёлар асосидаги органоминерал ингредиентларни танлаб, уларни физик–кимёвий модификациялаш йўли билан композицион асфальтбетон материалларнинг эластик-деформацион-силжишга бардошлилик, адгезион ва бошқа физик-кимёвий хоссаларини ошиши илмий асосланган;
битум таркибига майда дисперсли резина кукунлари, маханик фаолланган бархан қумлари ва бошқа минерал ингредиентларни киритиб, ишлаб чиқилган асфальтбетон материаллар ва қопламаларнинг физик-кимёвий ҳамда эксплуатацион хусусиятлари сезиларли даражада ошганлиги аниқланган;
табиий қумларни дисмембратор қурилмасида зарбли-парчалаб-ишқалаш усули билан механик фаоллаштириш нафақат майдаланган заррачаларнинг солиштирма сирт юзасининг ортиши ҳисобига, балки заррачаларнинг молекуляр даражада қутбланиши гетероген дипол моментлар ҳосил бўлиши орқали катион-фаол ва анион-фаол моддалар орасида боғланиш ҳосил бўлишини келтириб чиқарувчи фаол заррачаларнинг кўпайишига олиб келиши аниқланган;
сирт фаол моддалар (СФМ), органоминерал ингредиентлар ва битум молекулалари ўртасидаги адсорбция жараёнида физик-кимёвий ҳусусиятларнинг яхшиланиши ҳисобига, асфальтбетон композициялар компонентларининг фазалараро чегарасидаги адгезион мустаҳкамликнинг ортиши илмий асосланган;
композициянинг минерал ингредиентлари орасида водород боғларнинг ҳамда битумнинг мальтен фракциясидаги функционал гуруҳларнинг ҳосил бўлиши аниқланган;
маҳаллий ва иккиламчи хомашёлар асосидаги органоминерал ингредиентларнинг тузилиши, таркиби, миқдори ва нисбатларига боғлиқ ҳолда композициянинг физик-механик хоссаларининг шаклланиш қонуниятлари аниқланган;
табиий минерал қумлар ва битумларни модификацияланган госсипол смоласи ва майда дисперсли фаоллаштирилган резина кукунлари билан физик-кимёвий модификациялаш натижасида композицион асфальтбетон материаллар ва улар асосидаги қопламаларнинг юқори эластиклик ва деформацион-силжишга бардошлилик хусусиятлари, ёрилишлар ҳосил бўлишига бардошлилиги асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Физик-кимёвий модификациялаш орқали автомобил йўлларини қоплаш учун эластик-деформацион-силжишга бардошли композицион асфальтбетон материаллари ва уларни ишлаб чиқариш технологиясини яратиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
йўл қурилиши ва технологик хусусиятлари яхшиланган маҳаллий, иккиламчи хом ашёлар асосида композицион асфальтбетон материалларни олишнинг махсус технологияси Наманган вилоятининг Уйчи асфальтбетон заводида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон республикаси транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобил йўллари қўмитасининг 2024 йил 27 августдаги 04-3135-сонли маълумотномаси). Натижада, автомобиль йўлларининг йўл қопламаларини ётқизиш ва сифатини яхшилашда ишлатиладиган янги олинган композицион асфальтбетон қопламаларининг физик-механик ва технологик хусусиятлари яхшиланиб, БНД-60/90 маркали битум асосидаги композицион асфальтбетон қопламасининг юмшаш ҳарорати майда заррали резина кукуни миқдорининг ортиши билан яхшиланганлиги, шунингдек, 25 0С ҳароратдаги чўзилувчанлигини 55 см дан 77 см гача ошириш имконини берган;
эластик-деформацияга бардошли композицион асфальтбетон материалларнинг самарали таркиблари “Фарғона йўллардан мунтазам фойдаланиш” давлат муассасаси (олдинги Фарғона вилояти “Шарқий”) тасарруфидаги асфальтбетон заводида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон республикаси транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобил йўллари қўмитасининг 2024 йил 27 августдаги 04-3135-сонли маълумотномаси). Натижада, янги композицион асфальтбетон материалларнинг хизмат муддатини мавжуд қопламаларга қараганда 1,3-1,5 баравар ошириш имконини берган;
ишлаб чиқилган эластик-деформацион-силжишга ва ёрилишга бардошли композиция таркиби учун Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган (№ IAP 04849, 2014). Натижада, ишлаб чиқилган эластик-деформацион-силжишга ва ёрилишга бардошли композициялар автомобил йўл қопламаларнинг хизмат муддатини ва улардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш имконини берган.
автомобил йўлларининг асфальтбетон қопламалари ёриқлари ва бетон қопламалари деформацион чокларини тўлдириш учун композицион зичловчи мастикалар олиш усулига Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган (№ IAP 04848, 2014). Натижада, цементбетон йўлларнинг деформацион чокларини ва асфальтбетон йўлларини ёриқлари мастикалар ёрдамида герметикланганда, уларнинг ишлаш қобилиятини 2,5-3 маротабага ошириш имконини берган.