Акрамов Комилжон Шуҳрат ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Товуқлар нематодозларининг тарқалиши, даволаш ва олдини олиш чора-тадбирлари”, 03.00.06 – Зоология (Ветеринария фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2024.1.PhD/В111.
Илмий раҳбар: Джаббаров Шухрат Абдумажидович, ветеринария фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ветеринария илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ветеринария илмий-тадқиқот институти, PhD06/29.10.2021.В.139.01.
Расмий оппонентлар: Гафуров Актам Гафурович, ветеринария фанлари доктори, профессор; Насимов Шухрат Наимович, ветеринария фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат тиббиёт университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Республикамизнинг турли вилоят ва туманларида чорвачилик юритишнинг замонавий технологияли шароитида товуқларнинг асосий нематодозлари (аскаридиоз, гетеракидоз, капиллариоз) ва уларни турли географик-иқлим минтақаларида тарқалиш даражаси, йил мавсумлари бўйича динамикаси, нематодозларни даволаш ва қарши курашиш чора-тадбирларини амалга оширишнинг оптимал муддатлари, янги антгелминт доривор воситаларнинг антгелминт хусусиятлари ва самарадорлиги, бу тадқиқотлар натижаларига асосланган “Товуқлар нематодозларининг тарқалиши, даволаш ва олдини олиш” бўйича тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Тадқиқотлар Республикамизнинг 11 та вилоятида аҳоли хонадонлари шароитида боқилаётган товуқлар нематодозлар билан умумий зарарланиши 46,31% (аскаридиоз билан 25,46%, гетеракидоз билан 28,60%, капиллариоз билан 25,74%) эканлиги аниқланган;
товуқларни гелминтозлар билан турли географик-иқлим ҳудудларида зарарланиш кўрсатгичларининг йил мавсумлари кесимида динамикаси таҳлил қилинганда энг юқори зарараланиш қиш фаслида - 58,23%, энг паст зарарланиш баҳор фаслида - 28,97% эканлиги аниқланган;
товуқлар нематодозларига қарши дегелминтизациянинг оптимал муддатлари баҳор ва куз фаслида ўтказилиши мақсадга мувофиқ эканлиги аниқланган;
товуқлар нематодозларига қарши янги антгелминт препаратлар Тетрамизол 10% кукун шаклидаги препарат ўртача 95,0%, Левомизол+оксиклозанид болюс шаклидаги препарат ўртача 85,0% ва Альбендазол 10% кукун шаклидаги препарат ўртача 80,0% самарадорликка эга эканлиги аниқланган;
тадқиқот натижалари асосида товуқларнинг нематодозларига қарши даволаш-профилактик чора-тадбирлар бўйича амалиёт учун тавсиялар ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Товуқлар нематодозларининг тарқалиши, даволаш ва олдини олиш чора-тадбирлари бўйича олиб борилган илмий-тадқиқотлар натижалари асосида:
Товуқларнинг турли нематодозлар билан зарарланганлиги, зарарланиш даражасини аниқлаш мақсадида олиб борилган тадқиқотлар даврида (2022-2024 йилларда) жами текширилган 1682 та намуналарнинг 779 таси ёки 46,31% умуман нематодозлар билан турли хил даражада зарарланганлиги аниқланган. Немтодозларнинг тарқалиши вилоятлар бўйича турли хил кўрсатгичларга эга, Республикамизнинг 11 та вилоятида 30,21 фоиздан  75,0 фоизгача нематодозлар билан экстенсзарарланиш мавжудлиги аниқланган (Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг 2024-йил 30-августдаги 02/23-495-сон маълумотномаси). Натижада товуқлар нематодозларига қарши иқтисодий тежамкор ва юқори самарали даволаш усуллари бўйича илмий амалий тавсиялар берилган.
Товуқлар нематодозларининг тарқалиши Республиканинг турли географик иқлим- минтақаларида, жумладан, шарқий географик иқлим-минтақасида текширилган 390 та намунадан 102 та намунада ёки 26,15 фоизда, марказий географик иқлим-минтақасида 747 та намунадан 389 та намунада (52,07%), жанубий географик иқлим-минтақасида текширилган 183 та намунадан 115 та намунада (62,84%), жанубий ғарбий географик иқлим-минтақасида эса 168 та намунадан 79 та намунада (47,02%) ҳамда ғарбий географик иқлим-минтақасида текширилган 194 та намунадан 94 та намунада (48,4%) нематодозлар билан зарарланиш мавжудлиги аниқланган ҳамда товуқлар нематодозларини даволаш ва олдини олиш учун янги антгелминт препаратлар синовдан ўтказилган ва амалиётга жорий қилинган (Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг 2024-йил 30-августдаги 02/23-495-сон маълумотномаси). Ишлаб чиқилган даволаш ва олдини олиш чора тадбирларини амалиётда қўллаш натижасида аҳоли хонадонларида сақланадиган товуқларнинг нематодозлар билан зарарланишининг олдини олишга эришилган.
Янги антгелминт препарат Левомизол+оксиклозанид 1 болюс 30 кг тирик оғирликка озуқа билан қўлланилганда мазкур препарат товуқларнинг нематодозларига қарши 90,0% экстенссамара кўрсатиши аниқланган. Препаратнинг интенссамарадорлиги турли нематодозларга қарши 88,89-90,0 фоизни ташкил қилган. Альбендазол 10% кукун шаклидаги препарат тажрибаларда 1 кг товуқ тирик вазнига 100 миллиграмм ҳисобида озуқаси билан қўлланилиб 66,67-92,0% самарадорлик олинган. Яна бир янги антгелминт препарат Тетрамизол 10% кукун шаклидаги препарат товуқларнинг 1 кг тирик вазнига 200 мг ҳисобида бир марта озуқаси билан қўлланилиб 100 фоизлик экстенс ҳам интенссамарадорлик қайд этилган (Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг 2024-йил 30-августдаги 02/23-495-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида товуқларнинг турли нематодозлар билан зарарланишининг олди олиниб, ҳар бир сўм қилинган харажатга 5,67 сўм иқтисодий самара олинган.
Товуқлар нематодозларига қарши даволаш ва профилактика қилишда янги антгелминт препаратлар Самарқанд, Сурхондарё, Навоий ва Сирдарё вилоятлари туманларидаги аҳоли хонадонларида боқилаётган товуқларда синовдан ўтказилган ва амалиётга жорий қилинган (Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг 2024-йил 30-августдаги 02/23-495-сон маълумотномаси). Натижада товуқларда нематодозлар билан зарарланиш даражасини 80,0-95,0 фоизгача камайтиришга эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish