Кадирова Наргис Рустам қизининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Иккиламчи селлюлоза ва чарм сақловчи толасимон массани физик-кимёвий модификацияси», 05.06.02 – Тўқимачилик материаллари технологияси ва хомашёга дастлабки ишлов бериш (кимё фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2024.1.PhD/К747.
Илмий раҳбар: Рафиков Адҳам Салимович, кимё фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ҳузуридаги DSc.03/30.12.2019.Т.08.01 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Юлдашев Шерзод Абдуллаевич, кимё фанлари доктори, профессор; Худайбердиева Дилфуза Бахрамовна, техника фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент кимё-технология институти.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: иккиламчи селлюлоза, ошланган ва ошланмаган тери чиқиндилари асосидаги толалисимон массанинг физик-кимёвий модификацияси ва амалий хоссаларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ошланмаган ва хромли ошланган тери чиқиндиларини ишқорий модификациялашнинг самарали усули амалга оширилган ва хром қириндиларининг ишқорий модификациясидан сўнг толали суспензиянинг электрокинетик потенциалининг ва унинг барқарорлигини ошиши исботланган;
хром қириндиларининг ишқор эритмаси билан ўзаро таъсирида тери коллагенининг қисман гидролизланиши натижасида янги қутбли амино- ва карбоксил гуруҳларнинг шаклланиши, эритманинг солиштирма электр ўтказувчанлиги асосида ишқорий гидролизланиш гетероген реакциясининг асосий кинетик параметрлари аниқланган;
ишқорий модификация жараёнида хром қириндиларининг ўзаро тикилиш даражасининг ошиши, хром қириндиларининг оқсил макромолекулалари ва чиқинди қоғоз селлюлозаси ўртасида молекулалараро водород боғларининг шаклланиши аниқланган;
толали суспензиянинг юқори электрокинетик потенциали, модификацияланган оқсилнинг селлюлоза билан молекулалараро ўзаро таъсири, хром ионларининг толаларнинг азот ва кислород атомлари билан янги координацион боғлари, толали массани акрил эмулсияси ёки коллаген билан елимланиши сирт морфологияси ва улар асосида олинган қадоқлаш қоғозининг юқори физик-механик хусусиятларига олиб келишлиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Иккиламчи селлюлоза ва тери чиқиндиларининг толасимон массасини модификарсияси бўйича олинган натижалар асосида:
тери ишлаб чиқарувчи корхоналари чиқиндиларини қайта ишлаш, модификацияланган толали масса олиш усули “ҲАМКОР НУР САВДО” корхонаси амалиётига жорий этилган (“Ўзчармсаноат” уюшмасининг 2024-йил 22-апрелдаги 04/25-842-сонли маълумотномаси). Натижада, модификацияланган хром қириндиларини композит ўраш қоғозини ишлаб чиқаришда селлюлозани 50% гача тежаш имкониятини берган;
модификацияланган чарм чиқиндилари ва иккиламчи селлюлозанинг толали массаси “ПРО-ОБУВ” корхонасида асосий поябзал патаги учун жорий этилган (“Ўзчармсаноат” уюшмасининг 2024-йил 22-апрелдаги 04/25-842-сонли маълумотномаси). Натижада, композициянинг асосий таркибий қисми чарм ва қоғоз чиқиндилари бўлганлиги натижасида поябзал патагининг нархи 20% гача арзонлашишига, ассортиментнинг кенгайишига ва поябзал қисмларининг физик-механик хусусиятларини 15 % гача яхшиланиш имконини берган.