Артикбаев Нодир Абдурасуловичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятларда гидроэнергетика объектлари фаолиятининг ишончлилигини баҳолаш услуби”, 05.05.01 – “Энергетика тизимлари ва мажмуалари”.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2023.1.PhD/T3475.
Илмий раҳбар: Юсупов Дилмурод Турдалиевич - техника фанлари бўйича фалсафа доктори, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Энергетика муаммолари институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Энергетика муаммолари институти, DSc.02/30.12.2021.Т.143.01.
Расмий оппонентлар:
1. Қодиров Дилшод Ботирович - техника фанлари доктори, доцент.
2. Махаммадиев Фаррух Миразимович - техника фанлари бўйича фалсафа доктори, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: “Гидролойиҳа” АЖ
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятларда гидроэнергетика объектлари фаолиятининг ишончлилигини асосий ускуналарининг техник ҳолатини баҳолаш жараёнларини такомиллаштириш орқали тадқиқ этишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
гидроэнергетика объектларининг техник ҳолатини баҳолаш услуби асосий ускуналарнинг параметрларини умумий бирликка келтириш ҳамда олинган якуний натижани иккита мезондан бешта мезонга ўзгартириш ҳисобига такомиллаштирилган;
гидротурбина, гидрогенератор ва трансформатор техник ҳолатининг қийматини аниқлаш имконини берувчи математик моделлар Мамдани усулининг Т-синф мансублик функциясидан фойдаланиб ҳар бир ускунанинг асосий ва қўшимча параметрларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган;
ноаниқ мантиқ усули асосида гидроэнергетика объектлари ускуналарининг техник ҳолатини алоҳида ва умумий тарзда баҳолаш имконини берувчи имитацион модели “гидротурбина - гидрогенератор - трансформатор” кетма-кетлиги асосида ишлаб чиқилган;
табиий ва техноген фавқулотда вазиятларда гидроэнергетика объектлари фаолиятининг ишончлилигини баҳолаш услуби атроф-муҳитнинг ҳарорати ва асосий ускуналар узоқ муддат ишлашини инобатга олган ҳолда такомиллаштирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: Табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятларда гидроэнергетика объектлари фаолиятининг ишончлилигини баҳолаш услуби бўйича олинган илмий натижалар асосида:
“Гидротурбина - гидрогенератор - трансформатор” кетма-кетлиги асосида ишлаб чиқилган имитацион модель “Ўрта Чирчиқ ГЭСлар каскади” унитар корхонасининг Чорвоқ гидроэлектр станциясига жорий этилган (“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятининг 2024 йил 31 майдаги 01-11/1631 - сон маълумотномаси). Натижада гидро энергетика объектлари асосий ускуналари техник ҳолатини алоҳида ва умумий тарзда юқори аниқликда баҳолашга эришилган;
гидроэнергетика объектлари асосий ускуналари техник ҳолатини баҳолашнинг такомиллаштирилган услуби “Ўрта Чирчиқ ГЭСлар каскади” унитар корхонасининг Чорвоқ гидроэлектр станциясига жорий этилган (“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятининг 2024 йил 31 майдаги 01-11/1631 - сон маълумотномаси). Натижада асосий ускуналар (гидротурбина, гидрогенератор ва трансформатор)да юзага келиши мумкин бўлган носозликларни эрта аниқлаш ва ишончли ишлашини таъминлаш ҳисобига йилига 50 000 000 (эллик миллион) сўм иқтисодий самарадорликка эришилган.