Неъматов Азизбек Ғолибжон ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ишни судга қадар юритиш босқичида жиноятларнинг олдини олиш чораларини такомиллаштириш”, 12.00.09 – Жиноят процесси. Криминалистика, тезкор-қидирув ҳуқуқ ва суд экспертизаси (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2024.3.PhD/Yu1101.
Илмий раҳбар: Алиев Шуҳрат Хасанович, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси, DSc.31/30.12.2019.Yu.25.02.
Расмий оппонентлар: Муродов Бахтиёржон Баходирович, юридик фанлар доктори, профессор; Абдурахимов Мухтор Ходжиакбарович, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD).
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ишни судга қадар юритиш босқичида жиноятларнинг сабаблари ва уларга имкон берган шарт-шароитларини аниқлаш ҳамда бартараф қилиш билан боғлиқ бўлган фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
жиноят сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича киритилаётган тақдимномаларда белгиланган вазифаларнинг тўлиқ ижро этилишини таъминлаш мақсадида тергов органларининг жиноятларнинг олдини олиш чораларини кўрганлигини баҳолаш орқали уларнинг масъулиятини янада ошириш зарурати асослантирилган;
терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов органларининг тақдимномаларини бажармаслик ёки уларни кўриб чиқиш учун белгиланган муддатларни узрли сабабларсиз бузиш ёхуд улар юзасидан била туриб ёлғон ёки нотўғри ахборот (ҳужжатлар) тақдим этиш ҳолатларини бартараф қилиш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексига ҳуқуқбузарликнинг содир этиш сабаблари ҳамда уни содир этишга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф қилиш билан боғлиқ нормага ўзгартириш киритиш зарурати асослантирилган;
терговга қадар текширув,суриштирув ва дастлабки тергов органларининг жиноятларнинг олдини олиш фаолиятини янада самарали ташкил этиш мақсадида жиноятларнинг сабаблари ва уларга имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан киритиладиган тақдимномаларнинг турли хил шаклларда эканлиги инобатга олиниб, унинг намунавий шаклини ишлаб чиқиш ҳамда “э-тақдимнома” тизими орқали ҳисобини юритиш зарурати асослантирилган;
жиноятларнинг олдини олиш чораларини қўллаш самарадорлигини янада ошириш мақсадида жиноят сабаблари ва уни содир этишга имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича киритилган тақдимномаларни бажарилишга масъул бўлган субъектларнинг ўзаро ҳамкорлик механизмларини ўзида акс эттирган “э-муҳокама” комплекс ахборот тизимини яратиш зарурати асослантирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Тадқиқот асосида олинган натижалар қуйидагиларда ўз ифодасини топган:
жиноят сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш бўйича киритилаётган тақдимномаларда белгиланган вазифаларнинг тўлиқ ижро этилишини таъминлаш мақсадида тергов органларининг жиноятларнинг олдини олиш чораларини кўрганлигини таҳлил қилиш орқали уларнинг масъулиятини янада оширишга доир таклифларидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Жиноят сабаблари ва улар содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни аниқлаш бўйича судлар ролини ошириш тўғрисида”ги 34-сон қарорининг 2-бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2023-йил 19-апрелдаги 08/260-23-сон далолатномаси). Ушбу таклифларнинг инобатга олиниши тергов органлари томонидан жиноятларнинг олдини олиш чоралари, хусусан, жиноят сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни аниқлашга доир вазифасини бажаришга эътибор қаратилишига хизмат қилган;
терговга қадар текширув, суриштирув ҳамда дастлабки тергов органлари томонидан аниқланган жиноят сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш юзасидан чоралар кўрилмаган бўлса, ушбу бўшлиқ тўлдирилиб, унга ўрнатилган тартибда муносабат билдириш лозимлигига доир таклифларидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Жиноят сабаблари ва улар содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни аниқлаш бўйича судлар ролини ошириш тўғрисида”ги 34-сон қарорининг 11-банди бешинчи кичик хат бошини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2023-йил 19-апрелдаги 08/260-23-сон далолатномаси). Ушбу таклифларнинг инобатга олиниши тергов органларининг жиноятларни сабаблари ва уларга имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилишга қўшимча вазифа сифатида эмас, балки жиноят процессининг асосий вазифаларидан бири эканлигидан келиб чиқиб ўз фаолиятини ташкил этишга хизмат қилган;
терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов органларининг содир этилган жиноятлар юзасидан киритилган тақдимномалари тўғрисидаги ахборотлар жамланиб, уларнинг ҳисобини юритишга доир таклифларидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг “Ички ишлар органлари томонидан жиноятларнинг сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни муҳокама қилишни ташкил этиш тўғрисида”ги 360-сон буйруғининг 3-бандининг 1-хатбошисини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2024-йил 6-мартдаги 26/667-сон далолатномаси). Ушбу таклифларнинг инобатга олиниши суриштирув
ҳамда дастлабки тергов органларининг жиноятларни сабаблари ва уларга имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш юзасидан киритган тақдимномалари юзасидан амалга оширилганга муҳокамаларни жамлашга хизмат қилган;
жиноятларнинг сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларнинг муҳокама қилиш жараёнлари ҳамда уларнинг натижаларини Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғи ҳамда бошқа медиаресурслар ёрдамида ёритиб борилиши ва шу йўл орқали кенг жамоатчиликка етказилишини таъминлаш мақсадида республика ҳамда маҳаллий оммавий ахборот воситалари жалб қилишни таъминлашга доир таклифларидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг “Ички ишлар органлари томонидан жиноятларнинг сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни муҳокама қилишни ташкил этиш тўғрисида”ги 360-сон буйруғининг
4-бандининг 3-хатбошисини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2024-йил 6-мартдаги 26/667-сон далолатномаси). Ушбу таклифларнинг инобатга олиниши тергов органлари томонидан аниқланган жиноятларнинг сабаблари ва уларга имкон берган шарт-шароитлар ҳамда уларнинг бартараф қилиниши билан боғлиқ маълумотларнинг аҳолига етказиб борилишига хизмат қилган.