Латипов Жасур Лазиз ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар:
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Кидан (Ляо) империясининг Хитой ва Марказий Осиё тарихида тутган ўрни (907-1125)”, 07.00.03 – Жаҳон тарихи.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: Б2023.1.PhD/Tar1344.
Илмий раҳбар: Воҳидов Шодмон Ҳусейнович, тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат шарқшунослик университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент давлат шарқшунослик университети, ДСc.03/31/01/2024/Тар.21.03.
Расмий оппонентлар:
Каримова Наталя Эрмановна, тарих фанлар доктори, профессор.
Ғойибов Бобир Собирович, тарих фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Бухоро давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Ляо сулоласи даврида Хитой ва Марказий Осиё халқлари тарихий тақдирида юз берган ўзгаришлар ривожини тадқиқ этиш ва умумлаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
907-йилда Хитойдаги Танг империяси қулагандан сўнг мамлакатнинг шимолий чегараларида юзага келган сиёсий бўшлиқ Елюй Абаожи томонидан ташкил этилган Кидан хоқонлиги томонидан тўлдирилганлиги, Х асрнинг 20-йилларида Шимолий даштлар ва Бохай подшолигига қилинган зафарли юришлардан сўнг ушбу давлат қудрати ва нуфузининг ошганлиги Хитойдаги сиёсий тарқоқлик ҳолатига бевосита боғлиқ бўлганлиги далилланган;
Кидан империяси шаклланган даврдан бошлаб ҳукмдорлар саройида муҳим лавозимларни эгаллай бошлаган хан миллатига мансуб шахслар томонидан кейинчалик империя бошқарув ишларига ўтказилган сиёсий таъсир оқибатида Ляо империяси истилоси Пекин шаҳри ва унинг атроф ҳудудларидаги шаҳарларга қадар кенгайиши, бунинг натижасида эса Х аср ўрталарида минтақавий ҳарбий низоларнинг келиб чиқиши ва сиёсий тарқоқлик ҳолатидаги Хитойнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатига туртки бўлганлиги исботлаб берилган;
Ляо сулоласи даврида Сомонийлар, Қорахонийлар ва Гʻазнавийлар давлатлари ҳукмдорлари билан олиб борилган элчилик алоқалари мазмуни, жумладан, Кидан императори Шенгзунг томонидан 1026-йилда султон Маҳмуд Гʻазнавийга жўнатилган мактуб Шарқий Туркистон минтақаси учун олиб борилган сиёсий курашни намоён этиши далилланган. Шунингдек, Ляо империяси ва Қорахонийлар давлати ўртасида номинал вассаллик муносабатлари мавжуд бўлганлиги эҳтимоли асослаб берилган;
Ляо империяси томонидан Х асрда шимолий даштларга қилинган ҳарбий юришлар натижасида Мўғулистондаги туркий аҳолининг бир қисми ғарбга томон кўчганлиги таҳлил қилиниб, мусулмон манбаларида тилга олинган ушбу миграцияларнинг бошланиши XI аср бошларига қадар юз берганлиги, шунингдек, Ляо империясининг ташқи сиёсати таъсирида ва ушбу давлат инқирози ортидан турк- мўғул халқларининг янги миграциялари тўлқини юзага келганлиги асослаб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Кидан (Ляо) империясининг Хитой ва Марказий Осиё тарихида тутган ўрни масалаларини ўрганиш жараёнида эришилган натижалар асосида:
Кидан (Ляо) империясининг ташкил этилиши, сиёсий ривожланиш босқичлари, ушбу империянинг минтақавий ҳарбий низоларнинг келиб чиқишига ўтказган таъсири, сиёсий тарқоқлик ҳолатидаги Хитойнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати ҳақида диссертацияда келтирилган рақам ва далиллардан Бухоро давлат университети бакалавриат таълим йўналишларида ўқитилаётган “Жаҳон тарихи”, “Ўзбекистон тарихи”, “Буюк ипак йўли ва Жаҳон сивилизациялари тарихи” каби фанлари бўйича ўқув дастурларини такомиллаштириш ва ўқитишда фойдаланилган (Бухоро давлат университетининг 2023-йил 15-июлдаги 02-050-сонли маълумотномаси). Ушбу ўқув дастурлари Тарих таълим йўналиши талабаларига мутахассислик фанларидан дарс беришни ташкил қилиш учун хизмат қилган;
Кидан (Ляо) хоқонлигининг Хитой ва Марказий Осиё минтақаларидаги йирик империялар қудратининг ошиши, туркий ва мўғул халқлари миграцияларининг келиб чиқишидаги ўрни, Марказий Осиё ва Хитой аҳолиси ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамда маҳаллий сулолалар ўртасидаги дипломатик муносабатларнинг ривожига кўрсатган таъсири каби илмий натижаларидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта- махусус таълим вазирининг 2022-йил 19-июлидаги 233-сонли буйруғига асосан 14 (рўйхатга олиш рақами 233-0092) нашр этилган М.З. Орзиев, Ж.Ю. Эргашевларнинг “Жаҳон сивилизациялари тарихи” номли дарслигида фойдаланилган (Бухоро давлат университетининг 2023-йил 4-августдаги 02-051-сон маълумотномаси). Тадқиқот натижалари Шимолий Хитой, Шарқий Туркистон ҳудудларида мавжуд бўлган давлатлар билан амалга оширилган савдо-дипломатик алоқалар, халқаро сиёсий муносабатлар, ушбу муносабатларнинг этник жараёнлардаги ўрни, ўзаро қўшни бўлган минтақалар халқларининг ягона тарихий тақдири ҳамда геосиёсий ҳолати, халқлар миграцияси ривожланишини таҳлил этиш учун хизмат қилган.
Ўзбекларнинг “хитой” қабиласи ўтмишдошларидан саналувчи кидан қабилалари томонидан асос солинган Ляо империясининг тарихи, Хитойдаги Танг империяси қулагандан сўнг мамлакатнинг шимолий чегараларида юзага келган сиёсий бўшлиқ тез орада Елюй Абаожи томонидан ташкил этилган Кидан хоқонлиги томонидан тўлдирилганлиги, Шимолий даштлар ва Бохай подшолигига қилинган зафарли юришлардан сўнг ушбу давлатнинг қудрати ва нуфузи ошганлигига оид илмий-тарихий маълумотлардан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон тарихи” телеканалида “Очиқ дарс” кўрсатуви ссенарийсини шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий Телерадиокомпанияси “Ўзбекистон телерадиоканали” давлат муассасасининг 2023-йил 5-сентябрдаги №06-28-1338-сон маълумотномаси). Натижада кўрсатувларнинг илмий савияси ошишига ҳисса қўшган.