Шермухамедов Юсуфбек Абдулазиз ўғли
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): “Боғдорчилик ва узумчилик учун маҳаллий юқори клиренсли тракторнинг юритмалар тизими параметрларини асослаш”, 05.08.06 – “Ғилдиракли ва гусеницали машиналар ва уларни ишлатиш” (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2024.3.PhD/Т4963
Илмий раҳбар: Астанов Бекзод Жангибоевич, техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат транспорт университети, М.Т.Ўразбоев номидаги механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент давлат транспорт университети ҳузуридаги DSc.15/31.08.2022.Т.73.03 рақамли илмий кенгаш
Расмий оппонентлар: Халмухамедов Азиз Суратович, техника фанлари доктори, доцент; Ахмедов Дониёр Анваржонович, техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат техника университети.
Диссертация йўналиши. Техника йўналиши. Назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқоднинг мақсади боғдорчилик ва узумчилик учун маҳаллий юқори клиренсли тракторнинг юритмалар тизимидаги иш жараёнларни комплекс ҳисоб усулини ишлаб чиқиш ва параметрларини асослашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
ўзгарувчан база, колея ва клиренсли боғдорчилик ва узумчилик тракторининг турли тезлик ва таянч юза қияликлардаги ағдарилиш ва сирпанишга қарши чегаравий бурчак қийматлари тракторнинг мувозанат тенгламалари асосида аниқланган;
боғдорчилик ва узумчилик тракторининг гидравлик рул механизми ва гидравлик осма механизмлари звеноларининг бурчак, бурчак тезлиги ва бурчак тезланишларини аналитик боғланишлари ёпиқ векторлар усулини қўллаган ҳолда аниқланган;
трактор бурилиши жараёнига рул механизми, гидроҳажмий рул юритмаларининг ишлаши ва йўл шароитларининг комплекс таъсирини ҳисобга олган ҳолда унинг параметрларини аниқлаштириш имконини берадиган боғдорчилик ва узумчилик тракторининг гидравлик рул бошқармасининг модели ва сонли ҳисоблаш методикаси ишлаб чиқилган;
осма механизми, гидравлик юритмаларнинг ишлаши ва юк массасига боғлиқ равишда унинг параметрларини аниқлаштириш имконини берадиган боғдорчилик ва узумчилик тракторининг гидравлик осма тизимини модели ва сонли ҳисоблаш методикаси ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. боғдорчилик ва узумчилик учун маҳаллий юқори клиренсли тракторнинг юритмалар тизими параметрларини  асослаш бўйича тадқиқотлар асосида қуйидаги илмий натижалар жорий этилган:
юқори клиренсли боғдорчилик тракторининг турли тезлик ва таянч юза қияликлардаги ағдарилиш ва сирпанишга турғунлик мезонлари «Ўзавтосаноат» АЖда жорий этилган («Ўзавтосаноат» АЖнинг 2024 йил 14 августдаги 17/07-25-1253-сон маълумотномаси). Натижада боғдорчилик тракторининг ағдарилиши ва сирпанишига нисбатан максимал тезлик ва қиялик қийматлари белгиланган;
боғдорчилик тракторининг гидравлик рул механизми ва гидравлик осма механизмларининг такомиллаштирилган кинематик схемаси, звеноларининг аналитик боғланишлари орқали аниқланган кинематик параметрлари «Ўзавтосаноат» АЖда жорий этилган («Ўзавтосаноат» АЖнинг 2024 йил 14 августдаги 17/07-25-1253-сон маълумотномаси). Натижада боғдорчилик тракторининг конструксияси ишлаб чиқилган;
боғдорчилик тракторининг гидравлик осма тизимларидаги иш жараёнини модели ва сонли ҳисоблаш услуби «Ўзавтосаноат» АЖда жорий этилган («Ўзавтосаноат» АЖнинг 2024 йил 14 августдаги 17/07-25-1253-сон маълумотномаси). Натижада боғдорчилик трактори юритмалар тизимининг динамик жараёнини ўрганиш ва параметрларини аниқлаштириш имконияти яратилган.
Боғдорчилик тракторининг гидравлик рул бошқармаси, гидравлик осма тизимларидаги иш жараёнини моделлаштириш орқали лойиҳалаш-конструкторлик ишлари ва тажриба нусхасини ишлаб чиқаришнинг самарадорлигини 30% га оширишга эришилган. Тадқиқот натижаларини жорий этишдан кутилаётган йиллик иқтисодий самара, 50 та трактор ишлаб чиқарилганда, 1312500000 сўмни ташкил этишини кўрсатилган.
Тадқиқот натижалари бўйича 2 та ихтирога патент («Транспорт воситасининг юқори клиренсли осма тизими», ИАП 06768; «Транспорт воситасининг рул бошқармаси гидрокучайтиргичи», ИАП 07207) олинган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish