Жўраева Озода Тоировнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Бухоро воҳаси тупроқ ва иқлим шароитида жўхори навларининг экофизиологик асослари», 03.00.07 – Ўсимликлар физиологияси ва биокимёси (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2022.2.PhD/В745.
Илмий раҳбар: Холлиев Аскар Эргашович, биология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат уневерситети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Бухоро давлат университети PhD.03.30.12.2019.B.72.02.
Расмий оппонентлар: Ўроқов Сирожиддин Худойбердиевич, биология фанлари доктори, профессор; Кадирова Дилбар Нормўминовна, биология фанлар номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Қарши давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Бухоро вилоятининг сув танқис ва шўрланган тупроқ- иқлим шароитларида жўхори навларининг сув алмашинуви, маҳсулдорлик ва стрессга чидамлилик кўрсаткичларининг экофизиологик хусусиятларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Бухоро вилоятининг сув стресси шароитида жўхори навларининг физиологик хусусиятлари ва сув алмашинувига намлик даражалари таъсири- транспирация жадаллиги, барглардаги умумий сув миқдори, баргларнинг кундузги ва қолдиқ сув танқислиги, ҳужайраларнинг тургоцентлик даражаси, ҳужайра ширасининг қуюқлик даражаси, барг тўқималарининг иссиққа чидамлилиги, протоплазманинг қовушқоқлиги, барг тўқималарининг электр қаршилиги ва фотосинтетик пигментлар миқдори, фотосинтез жадаллиги кўрсаткичлари навлар кесимида солиштирма баҳоланган ва стрессга боғлиқлик даражаси илмий асосланган;
стрессга чидамлилик даражаси паст-ўртача бўлган Ўзбекистон-18 ва Қорабош навларини сув стресси омиллари таъсири нисбатан кучсиз ҳудудларга экиб юқори яшил масса ҳамда сув стрессига чидамлилик даражаси юқори бўлган Массино, Самурай, Ўзбекистон паканаси навларидан юқори дон ҳосили олиш мумкинлиги исботланган;
илк бор Бухоро вилоятининг сув танқис ва шўрланган тупроқ шароитида жўхорининг морфофизиологик ва маҳсулдорлик кўрсаткичлари асосида навларнинг стрессга чидамлилик ва ҳосилдорлик даражаси тажриба-синовдан ўтказилиб, стрессга чидамлилик даражалари навлар кесимида беш баллик шкала асосида баҳоланган;
Бухоро вилоятининг сув танқис ва шўрланган тупроқ шароитида жўхори навларининг озуқавийлик хусусиятлари ва озуқабоп экин сифатида фойдаланиш мумкинлиги асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Бухоро воҳаси тупроқ ва иқлим шароитида жўхори навларининг экофизиологик асослари бўйича олинган натижалар асосида:
Жўхори навларининг сув танқис ва шўрланган тупроқлар шароитида стрессга чидамлилик даражалари навлар кесимида беш баллик шкала асосида баҳоланган ва физиологик-биокимёвий кўрсаткичлари, ҳосилдорлик хусусиятлари юқори бўлган навлар Жондор туманидаги “Машҳура – Муножот” фермер хўжалигига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2024 йил 27 майдаги 05/05-02-355-сон маълумотномаси). Натижада, стрессга чидамлилик даражаси паст-ўртача бўлган Ўзбекистон-18 ва Қорабош навларини экиш ҳисобига бошқа навларга нисбатан 20-25 фоиз юқори яшил масса ҳосили олиш имконияти яратилган;
Бухоро вилоятининг сув танқис ва шўрланган тупроқ шароитида сув стрессига чидамлилик даражаси юқори бўлган жўхорининг Массино, Самурай, Ўзбекистон паканаси навлари вилоятнинг иссиқ шамоллар кузатиладиган ҳудудларига жорий этилган (Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг 2024 йил 30 апрелдаги 01/03-768-сон маълумотномаси). Натижада, сувдан самарали фойдаланиш коеффициенти юқори бўлган Массино, Самурай ва Ўзбекистон паканаси навларини сув танқис ва иссиқ шамоллар кузатиладиган ҳудудларга экиш ҳисобига бошқа навларга нисбатан 10-15 фоиз юқори дон ҳосили олиш имконини берган.