Зубайдов Фазлиддин Файзиевичнинг
фалсафа доктори (PhD) Диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида ҳайвонлар қутуриш касаллиги эпизоотологиясининг ўзига хос хусусиятлари”, 16.00.03-Ветеринария микробиологияси, вирусологияси, эпизоотологияси, микологияси, микотоксикологияси ва иммунологияси (ветеринария фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2021.3.PhD/В53
Илмий раҳбар: Салимов Ҳаит Салимович, ветеринария фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ветеринария илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ветеринария илмий-тадқиқот институти, PhD.06/29.10.2021.В.139.01.
Расмий оппонентлар: Ҳамдамов Ҳабибулло Облокулович, ветеринария фанлари доктори, профессор; Ҳатамов Акбар Ҳудойбердиевич, ветеринария фанлари бўйича фалсафа доктори.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат аграр университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Қорақалпоғистон Республикасининг туманлари ҳудудларида ҳайвонлар қутуриш касаллиги тарқалишининг ўзига хос хусусиятларини, унинг эпизоотологиясида табиий ўчоқларнинг (ёввойи ҳайвонлар) ролини ўрганиш асосида унга қарши курашишнинг илмий асосланган комплекс тадбирлар тизимини яратиш ҳамда қутуриш вирусига қарши гетероген гипериммун қон зардобининг ҳайвонларда профилактик самарадорлигини аниқлашдан ва касалликни иммунодиффузия реакциясида диагностика қилиш учун мономахсус гипериммун қон зардоби тайёрлаш ва унинг самарадорлигига баҳо беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Қорақалпоғистон Республикаси туманлари ҳудудларида қутуриш касаллиги сўнгги 17 йил (2006-2022 йй.) давомида энг кўп итларда (78,43%), қорамолларда (11,76%), нисбатан камроқ ёввойи ҳайвонлар (3,92%) ва мушукларда бўлиши (3,92%), энг кам касаллик эшакларда (1,96%) учраши, туя ва отлар орасида умуман қайд қилинмаганлиги аниқланган;
Қорақалпоғистон Республикасининг барча туманларида кейинги йилларда (2011-2022 йй.) қутуришга қарши ишлаб чиқилган илмий-амалий тавсиялар ва илмий асосланган тизимни мунтазам амалиётга жорий қилиш асосида илгари ўта мураккаб эпизоотик вазият кузатилган минтақада яхши ва барқарор соғлом эпизоотик вазият барпо қилишга ва 2006-2010 йилларга нисбатан 2 марта касалликни камайишига эришилган;
илк бор Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида ёввойи ҳайвонлардан ажратилган 4 та эпизоотик вирус штаммларининг барча тур ҳайвонлар учун патогенлиги бир хил эмаслиги ва уларнинг вирулентлиги бевосита уларни мойил ҳайвонга пассаж қилиш муддатига боғлиқлиги итларда ўтказилган ўткир тажрибаларда аниқланган;
илк бор қутуриш касаллигига қарши эшакларни қутуриш вируси антигени билан гипериммунлаш асосида гетероген гипериммун қон зардоби ишлаб чиқариш технологияси яратилган;
қутуриш эпизоотик вируси билан зарарлантирилгандан 3, 5 ва 7 кундан кейин тери остига 1 мл/кг дозада гетероген гипериммун қон зардоби юборилган қуёнларда касалликка қарши профилактик самарадорлик етарли бўлиши ва аксинча, вирус юборилгандан 9 ва 11 кун кейин эса, профилактик самарадорлик умуман бўлмаслиги қуёнлардаги тажрибаларда аниқланган;
қутуриш эпизоотик вируси юборилгандан 3, 5 ва 8 кундан сўнг тери остига 1мл/кг дозада гетероген гипериммун қон зардоби юборилган ит ва қўйларда касалликка қарши профилактик самарадорлик етарли бўлиши ва аксинча вирус билан зарарлантирилгандан 10 ва 12 кун кейин эса, профилактик самарадорлик умуман бўлмаслиги ит ва қўйларда ўткир тажрибаларда исботланган;
илк бор қутуриш касаллигини иммунодиффузия реакциясида диагностика қилиш учун қуёнларни вакцина ва вирус фихе антигенлари билан махсус схема асосида гипериммунлаш асосида мономахсус гипериммун қон зардоби олишга эришилган ва унинг диагностик самарадорлигига баҳо берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Қорақалпоғистон Республикасидаги қутуриш бўйича носоғлом ҳудудларда барча тур ҳайвонлар орасида қутуриш касаллиги эпизоотологиясининг ўзига хос хусусиятлари, унинг диагностикаси ва унга қарши  курашиш чораларини такомиллаштириш йўналишларида олиб борилган тадқиқотлар натижасида:
“Ҳайвонларнинг қутуриш касаллигига қарши такомиллашган курашиш тадбирлари бўйича Тавсиянома” тасдиқланган ва амалиётга жорий этилган (Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг 2024-йил 4-январидаги 02/23-04-сон маълумотномаси). Натижада ушбу тавсиянома ветеринария амалиётида кенг қўлланилмоқда;
“Ҳайвонларнинг қутуриш касаллигига қарши кураш тадбирларининг илмий асосланган тизими” тасдиқланган ва амалиётга жорий этилган. (Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг 2024-йил 4-январидаги 02/23-04-сон маълумотномаси). Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида барча тур ҳайвонлар орасида қутуриш касаллигини кескин камайишига эришилган. Қорақалпоғистон Республикасида ҳайвонлар орасида қутуриш кейинги 17 йил (2006-2022 йй.) давомида 2 баробар камайишига эришилган. Ушбу Республика ҳудудларида 2022 йилдан буён қутуриш касаллиги рўйхатга олинмаган. Қўйлар қутуриш касаллигининг олдини олишда гетероген гипериммун қон зардобининг иқтисодий самарадорлиги бир сўм харажатга 9,45 сўм соф фойдани ташкил этган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish