Абдинабиев Отаёржон Бахтиёр ўғлининг
Фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Итлар дирофиляриозининг эпизоотологияси, даволаш ва олдини олиш чораларини ишлаб чиқиш (Самарқанд вилояти мисолида)”, 03.00.06-Зоология (ветеринария фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2024.1.PhD/V109.
Илмий раҳбар: Сафаров Алишер Абдуқаҳор ўғли, биология фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети, DSc.06/30.12.2019.V.12.01.
Расмий оппонентлар: Расулов Ўткир Илашович, ветеринария фанлари доктори, доцент; Ғоипова Мўтабар Эргашевна, ветеринария фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Ветеринария илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Самарқанд вилоятининг шаҳар ва қишлоқ ҳудудларида тарқалган итлар дирофиляриозини эпизоотологик ҳолатини баҳолаш, касаллик қўзғатувчиларининг биоэкологик хусусиятларини ўрганиш ва қарши кураш чораларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Самарқанд вилояти шаҳар ва қишлоқ ҳудудларида итларда тарқалган дирофиляриознинг эпизоотологияси ўрганилган ва касаллик қўзғатувчилари сифатида D. immitis ва D. repens нематода турлари аниқланган;
итлар дирофиляриозининг тарқалиши паразитар тизим компонентларининг биоценотик муносабатлари ва Самарқанд вилоятининг ўзига хос экологик ҳамда функционал ҳусусиятларига боғлиқ эканлиги аниқланган;
итлар ўртасида дирофиляриознинг эпизоотологик ҳолати баҳоланган ҳамда Ургут (55,5%), Жомбой (42,8%) ва Пайариқ (42,2%) туманлари носоғлом ҳудудлар сифатида белгиланган;
итларда аниқланган дирофиляриоз қўзғатувчиларидан D. immitis ва D. repens нематода турлари молекуляр-генетик жиҳатдан таҳлил қилинган ва халқаро GenBank базасида сақлаш учун жойлаштирилган;
илк бор итлар дирофиляриозининг клиник белгилари рўйхати ишлаб чиқилган ва касалликка ташхис қўйиш мақсадида Кнотт тест усули ташхислашнинг мақбул усули эканлиги асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Итлар дирофилариозининг эпизоотологияси, даволаш ва олдини олиш чораларини ишлаб чиқиш (Самарқанд вилояти мисолида) бўйича олиб борилган илмий тадқиқот илмий натижалари асосида:
“Итлар дирофиляриози эпизоотологияси, даволаш ва олдини олиш бўйича тавсиялар” ишлаб чиқилган ва Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари ИИБ ППХ ва ЖТСБ кинология хизматига қарашли хизмат итларига жорий қилинган. (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг 2024 йил 4 июндаги №02/23-388-сон маълумотномаси). Натижада Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларининг хизмат итларида дирофиляриоз касаллигини сезиларли даражада камайтиришга ҳамда уларнинг бош сонини сақлаб қолинишига эришилган;
итлар дирофиляриозини даволашда “ДирофенR” препарати 1 таб/20 кг, “Гельминтол” суспензияси 2 мл/10 кг оғиз орқали биргаликда қўллаш, олдини олишда “Гельминтол” суспензиясидан 2 мл/10 кг ҳар чоракда бир марта оғиз орқали қўллашга асосланган усуллар ишлаб чиқилиб ветеринария амалиётига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг 2024 йил 4 июндаги № 02/23-388-сон маълумотномаси). Натижада итлар дирофиляриозини самарали даволаш ва олдини олишга ҳамда ҳудудда эпизоотик барқарорликни таъминланишига эришилган;
итлар дирофиляриозини ўз вақтида аниқлаш мақсадида Кнотт тест усули ташхислашнинг мақбул усули эканлиги асосланган ва Республика ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази амалиётига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг 2024 йил 4 июндаги № 02/23-388-сон маълумотномаси). Натижада итларда дирофилариозни яширин даврларида аниқлаш имконияти яратилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish