Sayt test rejimida ishlamoqda

Эшчанов Баходир Худайбергановичнинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Конденсирланган муҳитлардаги молекулалараро таъсирлашув спектроскопияси ва релаксацион жараёнлар кинетикаси»,  01.04.05–Оптика (физика-математика фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.DSc/FM29.

Илмий маслаҳатчи: Отажонов Шавкат, физика-математика фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Миллий университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ион-плазма ва лазер технологиялари институти, DSc.30.05.2018.FM/T.65.01.

Расмий оппонентлар: Ташкенбаев Улугбек Неъматович, физика-математика фанлари доктори, профессор; Дорошенко Ирина Юрьевна, физика-математика фанлари доктори; Нематов Шерзод Қаландарович, физика-математика фанлари доктори.

Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.

Диссертация йўналиши: амалий ва назарий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: метил ва галоид бирикмалар киритилган ароматик углеводородларда структуравий ўзгаришларни аниқлаш ва таҳлил қилишнинг оптик усулларини ривожлантириш ҳамда молекулалараро таъсирлашувнинг нурланиш спектрида намоён бўладиган релаксацион жараёнларининг физикавий механизмларини аниқлашдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

углеводородлар ва уларнинг галоидалмашинган ҳосилаларида ёруғликнинг молекуляр (0-200 см-1 соҳада) ва комбинацион (50-5000 см-1) сочилиш спектрлари олинган;

конденсирланган муҳитлар физикасининг молекулалараро таъсирларини ва мураккаб молекулаларнинг турли фазовий ҳолатлардаги физик-кимёвий хоссаларини очиб берувчи муҳим молекуляр параметрларни аниқлаш усули ишлаб чиқилган;

илк бор суюқликларда нейтронларнинг сочилиши бўйича спектроскопик усулнинг модификацияси асосида ёруғликнинг молекуляр сочилиш интенсивлигини динамик ҳисоблашнинг назарий усули ишлаб чиқилган;

метил ва галоид бирикмалар киритилган ароматик углеводородларда ёруғлик молекуляр сочилиши ноқутбланган қисмининг «тор» ва «кенг» таркибий контурлардан иборат бўлиши аниқланган;

модданинг «анизотроп суюқлик–изотроп суюқлик» фазовий ўтиш температураси (критик температура) яқинида ёруғликнинг анизотроп сочилиш спектри кенглигининг торайиш динамикаси Френкель назариясига мос эмаслиги исботланган;

галоидалмашинган бензолларда потенциал чуқурликларнинг қийматларини яримэмпирик ёндашув орқали ҳисоблашнинг усуллари ишлаб чиқилиб, молекулалараро таъсирлашувни инобатга олган квант-кимёвий ҳисоблашлар асосида спектрал-структуравий корреляциялар аниқланган;

молекулалар қайта ориентацияланишининг потенциал чуқурлиги температурага боғлиқлиги ва алоҳида атомлар гуруҳининг айланма тебранишлари ёруғликнинг комбинацион сочилиш спектрлари қуйи частоталарида намоён бўлиши аниқланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Конденсирланган муҳитлардаги молекулалараро таъсирлашув спектроскопияси ва релаксацион жараёнлар кинетикаси натижалари асосида:

ёруғликнинг молекуляр сочилиши ноқутбланган компонентаси контурини молекулаларнинг эркинлик даражасига мос ҳолда таркибий қисмларга ажратиш усуллари 14-022 RG/MATHS/AS_G  ̶̶ UNESCO FR: 324028610 рақамли «Nonlinear evolution equations and transport on metric graphs arising from mesoscopic physics» Халқаро фанлар академиясининг халқаро грантида тармоқланган соҳаларда сочилган тўлқинларнинг улушини аниқлашда фойдаланилган (Фан ва технология агентлигининг 2017 йил 26 декабрдаги ФТА-02-11/1358-сон маълумотномаси). Илмий натижалардан фойдаланиш содда тармоқланган системаларда дисперсион жараёнларни соддалаштириш имконини берган;

ёруғликнинг молекуляр ва комбинацион сочилиши бўйича тўпланган катта миқдордаги маълумотлар Бенгкулу университетида сувни, машина мойларини тозалашда, озиқ-овқат рафинировкасида ва минералларни идентификациялашда қўлланилган (Индонезия Бенгкулу университетининг 2018 йил 12 июндаги  196104011986031001-сон маълумотномаси). Илмий натижалардан фойдаланиш турли хилдаги суюқликлар ва суюқ фазалардаги аралашмаларни аниқлашнинг самарасини ошириш имкониятини яратган;

ёруғликнинг комбинацион сочилиш спектрлари, фарқли ёндашувлар асосида ёруғликнинг турли молекуляр параметрларини ҳисоблашнинг квант-кимёвий усули А-7-23 рақамли “Маҳаллий сорбентлар ёрдамида мис ионларини оқава сувларидан ажратиб олиш технологияси” лойиҳасида оқава сувлар таркибида углеводородлар ва уларнинг галоидалмашинган бирикмалари мавжудлигини ҳамда ионалмашинувчи материаллар таркибидаги фунционал гуруҳларга технологик эритмалардаги мис ионларининг кимёвий боғлар орқали бирикиш эҳтимоллигини аниқлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 31 июлдаги 89-03-2779-сон маълумотномаси). Илмий натижалардан фойдаланиш оқава сувлар таркибидаги бирикма ва мис ионларини аниқлашнинг самарадорлигини оширган ва ионитларга мис ионларининг бирикишини олдиндан аниқлаш имкониятини яратган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish