Тиллабоева Муваззам Бахтиёровнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбекистон Республикасида давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг жамият ва фуқаролар олдида масъуллигининг конституциявий-ҳуқуқий асослари”, 12.00.02 – Конституциявий ҳуқуқ. Маъмурий ҳуқуқ. Молия ва божхона ҳуқуқи (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.3.PhD/Yu788.
Илмий раҳбар: Дауменов Бердақ Аймуратович, юридик фанлар номзоди, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қорақалпоқ давлат университети,
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Қорақалпоқ давлат университети, PhD.03/30.12.2019.Yu.20.02.
Расмий оппонентлар: Юсупов Сардор Баҳодирович, юридик фанлар доктори, профессор; Алламбергенов Сапарбай Даулетбаевич, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD).
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг жамият ва фуқаролар олдида масъуллигини таъминлашда уларга нисбатан  конституциявий-ҳуқуқий жавобгарлик чораларини қўллаш самарадорлигини ошириш йўллари ва усулларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
депутатга нисбатан унинг ваколатининг муддатидан илгари тугатилишига оид конституциявий-ҳуқуқий жавобгарлик чораларини қўллашда умумий ғоявий мазмундаги асослар билан бирга аниқ ўлчовли мезонларга эга бўлган баҳолаш асосларни белгилаш зарурлиги асослаб берилген;
ишончни йўқотганлиги асосида сайловчиларга ҳам депутатни бевосита чақириб олиш бўйича ташаббус кўрсатиш ҳуқуқини бериш мақсадга мувофиқлиги асослантирилган;
депутатни чақириб олиш асосларига оид  “депутатнинг уни депутатликка номзод қилиб кўрсатган сиёсий партия олдидаги ўз мажбуриятларини бажармаганлиги” тўғрисидаги, шунингдек “депутатни чақириб олиш масаласини кўриш учун, уни депутатликка номзод қилиб кўрсатган сиёсий партиянинг таклифи асос бўлиши мумкинлиги” ҳақидаги ҳуқуқий механизмни такомиллаштириш ва амалдаги қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек бу борадаги қонуности ҳужжатларни қонунларга мос келтириш зарурлиги асослантирилган;
фуқаролар вакиллари ўз ваколатини фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) навбатдаги сайлови бошланганлиги эълон қилинадиган вақтга қадар амалга ошириши  мақсадга мувофиқлиги асослантирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Тадқиқот иши бўйича олинган илмий натижалардан қуйидагиларда фойдаланилган:
депутатга нисбатан унинг ваколатининг муддатидан илгари тугатилишига оид конституциявий-ҳуқуқий жавобгарлик чораларини қўллашда умумий ғоявий мазмундаги асослар билан бирга аниқ ўлчовли мезонларга эга бўлган баҳолаш асосларни белгилаш зарурлиги тўғрисидаги таклифдан “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддасини такомиллаштиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 2023 йил 31 июлдаги 23-сон далолатномаси). Мазкур таклифнинг жорий этилиши  депутатга нисбатан конституциявий-ҳуқуқий жавобгарлик чораларини қўллашнинг таъсирчан механизмларини яратишга хизмат қилган;
ишончни йўқотганлиги асосида сайловчиларга ҳам депутатни бевосита чақириб олиш бўйича ташаббус кўрсатиш ҳуқуқини бериш мақсадга мувофиқлиги ҳақидаги таклифдан Ўзбекистон Республикасининг “Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши депутатини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатини ва Сенати аъзосини чақириб олиш тўғрисида”ги  2004 йил 2 декабрдаги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишида эътиборга олинган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 2023 йил 31 июлдаги 23-сон далолатномаси). Мазкур таклифнинг жорий этилиши депутатни чақириб  олиш ташаббусига эга субъектлар доирасини аниқлаштиришга хизмат қилган;
депутатни чақириб олиш асосларига оид  “депутатнинг уни депутатликка номзод қилиб кўрсатган сиёсий партия олдидаги ўз мажбуриятларини бажармаганлиги” тўғрисидаги, шунингдек “депутатни чақириб олиш масаласини кўриш учун, уни депутатликка номзод қилиб кўрсатган сиёсий партиянинг таклифи асос бўлиши мумкинлиги” ҳақидаги ҳуқуқий механизмни такомиллаштириш тўғрисидаги таклифдан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг  Одоб-аҳлоқ комиссиясини тузиш тўғрисида”ги 2023-йил 11-май 3161–ИВ-сонли қарорининг 8 ва 22-бандларини такомиллаштиришда инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 2023 йил 31 июлдаги 23-сон далолатномаси). Мазкур таклифнинг жорий этилиши депутатни чақириб  олишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга хизмат қилган;
фуқаролар вакиллари ўз ваколатини фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) навбатдаги сайлови бошланганлиги эълон қилинадиган вақтга қадар амалга ошириши мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги таклифдан Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонунини такомиллаштиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 2024 йил 31 январдаги  7-сон далолатномаси). Мазкур таклифнинг жорий этилиши фуқаролар вакилларининг ваколат муддатининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish