Раҳматова Малохат Жумаевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Alcea nudiflora ва Alcea rosea ўсимликларининг нейтрал моддалари», 02.00.10–Биоорганик кимё (кимё фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.4.PhD/K82.
Илмий раҳбар: Хидирова Назира Қудратовна, кимё фанлари номзоди, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўсимлик моддалари кимёси институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Фарғона давлат университети, PhD.27.06.2017.K.05.01.
Расмий оппонентлар: Гафуров Махмуджон Бакиевич, кимё фанлари доктори, катта илмий ходим; Максудов Музаффар Салимжонович,кимё фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Наманган давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Alcea nudiflora ва Alcea rosea ўсимликлари экстрактлари нейтрал моддаларини ажратиб олиш, уларнинг кимёвий таркиби ва фармакологик хоссаларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Alcea nudiflora ўсимлиги экстрактининг нейтрал моддалари йиғиндиси таркибида 28 та, Alcea rosea ўсимлигида эса 18 та ушбу ўсимликлар учун янги терпеноидлар аниқланган;
Alcea nudiflora ва Alcea rosea ўсимликлари нейтрал моддаларининг асосий компонентларидан бири биологик фаол полипреноллар эканлиги, улар ўз молекуласида 8–14 гача изопрен звеноси тутган фикапренол типидаги полипренолларга мансублиги аниқланган;
Alcea nudiflora ва Alcea rosea ўсимликларининг нейтрал моддалари йиғиндиси, полипреноллар, фитол, сквален, ά-токофероллар, стеринлар, нонакозанол, гексакозанол, гептакозан, пентакозан, трикозанлар ажратиб олинган ва полипреноллар олиш усули такомиллаштирилган;
Alcea nudiflora ўсимлиги полипренолларининг ва улар асосидаги “Преналон” доривор воситасининг фармакологик фаоллиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Alcea nudiflora ва Alcea rosea ўсимликлари экстрактлари нейтрал моддаларини ажратиб олиш, уларнинг кимёвий таркиби ва фармакологик фаоллиги бўйича олинган илмий натижалар асосида:
терида алмашинув жараёнини яхшиловчи восита олиш усулига Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган (№IAP 04396, 2011 й.). Натижада полипреноллар ва нейтрал моддалар йиғиндисидан тиббиёт ва косметологияда теридаги моддалар алмашинувини яхшиловчи воситалар яратиш имконини берган;
Alcea nudiflora L. нейтрал моддалари йиғиндиси асосида яратилган Преналон воситаси косметологияда биологик фаол қўшимча сифатида қўллаш, теридаги метаболизмни яхшилаши ва юз териси учун самарали кремлар тайёрлашда “Bioline kosmetiks” Ўзбекистон–Буюк Британия қўшма корхонасида ишлаб чиқаришга жорий қилинган (Bioline kosmetiks” Ўзбекистон–Буюк Британия қўшма корхонасининг 2018 йил 15 мартдаги 15/18-сон маълумотномаси). Натижада юз териси учун самарали кремлар яратиш имконини берган;
Alcea nudiflora ўсимлиги нейтрал моддалари йиғиндисининг асосий моддаси бўлган полипреноллардан ФА-А11-Т029 рақамли “Маҳаллий хомашё полифеноллари ва изопреноидлари асосида радиопротектор воситаларни ишлаб чиқиш” мавзусидаги лойиҳада Alcea nudiflora ўсимлиги полипренолларининг радиопротекторлик фаоллигини таққослашда фойдаланилган (Фан ва технологиялар агентлигининг 2017 йил 18 декабрдаги ФТА-02-11/1321-сон маълумотномаси). Натижада полипренолларни радиопротекторлик фаоллигини аниқлаш имконини берган.