Sayt test rejimida ishlamoqda

Ғозиев Козимбек Жовлон ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи “Ўзбекистон Республикасида олий таълим ташкилотлари фаолиятини бошқариш ва тартибга солишнинг ташкилий ҳуқуқий жиҳатлари”, 12.00.02 – Конституциявий ҳуқуқ. Маъмурий ҳуқуқ. Молия ва божхона ҳуқуқи (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.4.PhD/Yu842.
Илмий раҳбар: Бабаев Халимбай Бабаевич, Ўзбекистон фан арбоби, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат юридик университети, DSc.07/30.12.2019.Yu.22.02.
Расмий оппонентлар: Якубов Шуҳрат Умматалиевич, юридик фанлар доктори, профессор; Асадов Шавкат Ғайбуллаевич, юридик фанлар доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети.
Диссертациянинг йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Ўзбекистон Республикасида олий таълим ташкилотлари фаолиятини бошқариш ва тартибга солишнинг ташкилий-ҳуқуқий жиҳатларини такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ваколатли давлат органларининг эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда бакалавриат ва магистратурада ўқиш мутахассисликлари ҳамда йўналишлари бўйича малака талаблари, ўқув режалари ва дастурларини мустақил равишда ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш олий таълим ташкилотининг академик мустақиллигини таъминлаши асослантирилган;
пулли хизматлар кўрсатиш, шунингдек, вақтинча бўш турган бюджетдан ташқари маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштириш орқали даромад олишдан тушадиган маблағлар, васийлик кенгаши таркибига кирувчи давлат органлари томонидан ажратиладиган бюджетдан ташқари маблағлар, миллий ва халқаро грантлар маблағлари олий таълим ташкилотининг молиявий мустақиллигини таъминлашга хизмат қиладиган манбалар эканлиги асослаб берилган;
фаолиятнинг лицензияланаётган тури, таълим фаолияти йўналишлари рўйхати, ариза тўлдириш сабаби (янги лицензия олиш, қайта расмийлаштириш), лицензия талабгорининг лицензия талаб ва шартларига риоя қилишга розилиги нодавлат олий таълим ташкилотининг фаолиятини йўлга қўйиши учун зарурий шарт сифатида хизмат қилиши асослантирилган;
Эндоwмент жамғармаси маблағларидан фойдаланиш бўйича ҳисоб ва ҳисоботлар таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари бошқа маблағларидан алоҳида, бюджет ташкилотлари учун бюджетдан ташқари маблағлар бўйича юритилиши лозимлиги асослаб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Тадқиқот иши бўйича олинган илмий натижалардан қуйидагиларда фойдаланилди:
ваколатли давлат органларининг эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда бакалавриат ва магистратурада ўқиш мутахассисликлари ва йўналишлари бўйича малака талаблари, ўқув режалари ва дастурларини мустақил равишда ишлаб чиқиш ва тасдиқлаши ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 18-ноябрдаги “Жиноятларни тергов қилиш соҳасида малакали кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги ПФ-257-сонли Фармонининг 9-банди “в” кичик бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг 2023-йил 20-февралдаги 27/2-43-23-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалиётга жорий этилиши олий таълим ташкилотининг академик мустақиллигини таъминлашга хизмат қилган;
пулли хизматлар кўрсатиш, шунингдек, вақтинча бўш турган бюджетдан ташқари маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштириш орқали даромад олишдан тушадиган маблағлар, васийлик кенгаши таркибига кирувчи давлат органлари томонидан ажратиладиган бюджетдан ташқари маблағлар, миллий ва халқаро грантлар маблағлари орқали молиялаштириш ҳақидаги таклифдан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 18-ноябрдаги “Жиноятларни тергов қилиш соҳасида малакали кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги ПФ-257-сонли Фармонининг 10-бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг 2023-йил 20-февралдаги 27/2-43-23-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалиётга жорий этилиши олий таълим ташкилотининг молиявий мустақиллигини таъминлашга хизмат қилган;
фаолиятнинг лицензияланаётган тури, таълим фаолияти йўналишлари рўйхати, ариза тўлдириш сабаби (янги лицензия олиш, қайта расмийлаштириш), лицензия талабгорининг лицензия талаблари ва шартларига риоя қилишга розилиги нодавлат олий таълим ташкилотининг фаолиятини йўлга қўйиши учун хизмат қилиши ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022-йил 5-октябрдаги 80-сон қарори билан тасдиқланган Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги ягона низомнинг нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш паспортининг 5-бандини ишлаб чиқишда инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ахборот-таҳлил ва юридик таъминлаш департаментининг 2024-йил 19-апрелдаги 12/15-28-сон далолатномаси). Ушбу таклифнинг амалиётга жорий этилиши нодавлат таълим ташкилотларининг фаолиятини тартибга солишга хизмат қилган;
Эндоwмент жамғарма маблағларидан фойдаланиш бўйича ҳисоб ва ҳисоботлар таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари бошқа маблағларидан алоҳида, бюджет ташкилотлари учун бюджетдан ташқари маблағлар бўйича юритилиши ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019-йил  17-апрелдаги 321-сон қарори билан тасдиқланган “Таълим муассасаларида уни битириб, юксак ютуқларга эришган номдор шахсларнинг ҳомийлик хайрия маблағлари ҳисобига шакллантириладиган битирувчилар жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги низомнинг 20-бандини такомиллаштиришда инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ахборот-таҳлил ва юридик таъминлаш департаментининг 2023-йил 28-августдаги 12/15-61-сон далолатномаси). Ушбу таклифнинг амалиётга жорий этилиши хайрия фондлари маблағлари эвазига таълим соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, энг аввало, унинг молиявий мустақиллигини оширишга хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish