Муталов Отабек Баҳром ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри: “Рақамли фуқаролик муомаласида смарт контрактларнинг ҳуқуқий табиати”, 12.00.03 – Фуқаролик ҳуқуқи. Тадбиркорлик ҳуқуқи. Оила ҳуқуқи. Халқаро хусусий ҳуқуқ (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2021.1.PhD/Yu476.
Илмий раҳбарнинг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони: Рузиназаров Шухрат Нуралиевич, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Судялар олий кенгаши ҳузуридаги Судялар олий мактаби.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Судялар олий кенгаши ҳузуридаги Судялар олий мактаби, PhD.37.27.02:2020.Yu.107.01.
Расмий оппонентлар: Рахимов Дониёр Бахтиёрович, юридик фанлар доктори, профессор; Қаландарова Маликахон Пирназаровна, юридик фанлар номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади фуқаролик ҳуқуқи доирасида смарт контрактлар билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш, ҳуқуқий тартибга солишга қаратилган тавсия ва таклифларни ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
моддий элтувчи воситада битим мазмунини ўзгаришсиз ифодалаш имконини берадиган электрон ёки бошқа техник воситалар ёрдамида тузилган битим ёзма шаклга риоя қилган ҳолда тузилган ҳисобланиши, бунда ўз хоҳиш-иродасини ифодалаган шахсни ишончли аниқлаш имконини берадиган ҳар қандай усулдан фойдаланилган бўлса, имзонинг мавжуд бўлиши тўғрисидаги талаб бажарилган бўлиши асослантирилган;
қонунда бошқача ҳол назарда тутилган бўлмаса, рақамли пул (криптовалюта)нинг эркин муомаласи, бегоналаштирилиши ёки бошқа тасарруф этилиши фақат ахборот тизимида амалга оширилиши асослаб берилган;
битим асосида рақамли ҳуқуқнинг бошқа шахсга ўтишида ушбу рақамли ҳуқуқ бўйича мажбуриятни зиммасига олган шахснинг розилиги талаб қилинмаслиги асослантирилган
олди-сотди шартномасини тартибга солувчи қоидаларнинг рақамли ҳуқуқларни сотишга нисбатан ҳам қўлланилиши асослаб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Тадқиқот иши бўйича олинган илмий натижаларидан қуйидагиларда фойдаланилган:
моддий элтувчи воситада битим мазмунини ўзгаришсиз ифодалаш имконини берадиган электрон ёки бошқа техник воситалар ёрдамида тузилган битим ёзма шаклга риоя қилган ҳолда тузилган ҳисобланиши, бунда ўз хоҳиш-иродасини ифодалаган шахсни ишончли аниқлаш имконини берадиган ҳар қандай усулдан фойдаланилган бўлса, имзонинг мавжуд бўлиши тўғрисидаги талаб бажарилган бўлиши ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирда қабул қилиниши режалаштирилган Фуқаролик кодексининг 92-моддаси иккинчи қисмини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан 2022-йил 1-мартда 14-сон билан берилган далолатнома). Ушбу таклифнинг жорий этилиши электрон ёки бошқа техник воситалардан фойдаланган ҳолда тузилган битимни ёзма шаклда тузилган битимга тенглаштиришга хизмат қилган;
қонунда бошқача ҳол назарда тутилган бўлмаса, рақамли пул (криптовалюта)нинг эркин муомаласи, бегоналаштирилиши ёки бошқа тасарруф этилиши фақат ахборот тизимида амалга оширилиши ҳақидаги таклифи Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирда қабул қилиниши режалаштирилган Фуқаролик кодексининг 166-моддаси учинчи қисмини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан 2022-йил 1-мартда 14-сон билан берилган далолатнома). Ушбу таклифнинг жорий этилиши смарт-контрактларнинг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда криптовалюталарнинг тасарруф этилиши қонунда бошқача ҳол белгиланмаса, ахборот тизимида амалга оширилишини тартибга солишга хизмат қилган;
битим асосида рақамли ҳуқуқнинг бошқа шахсга ўтишида ушбу рақамли ҳуқуқ бўйича мажбуриятни зиммасига олган шахснинг розилиги талаб қилинмаслиги ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирда қабул қилиниши режалаштирилган Фуқаролик кодексининг 167-моддаси тўртинчи қисмини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан 2022-йил 1-мартда 14-сон билан берилган далолатнома). Ушбу таклифнинг жорий этилиши қонунчиликда рақамли ҳуқуқларнинг смарт-контракт асосида бошқа шахсга ўтказилишини ҳуқуқий тартибга солишга хизмат қилган;
олди-сотди шартномасини тартибга солувчи қоидалар рақамли ҳуқуқларни сотишга нисбатан қўлланилиши ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирда қабул қилиниши режалаштирилган Фуқаролик кодексининг 446-моддаси тўртинчи қисмини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан 2022-йил 1-мартда 14-сон билан берилган далолатнома). Ушбу таклифнинг жорий этилиши рақамли ҳуқуқларни айирбошлаш шаклидаги муносабатларга олди-сотди шартномаси қоидаларини қўллашни назарда тутган.