Sayt test rejimida ishlamoqda

Бозоров Холмурод Махмудовичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Жиззах вилоятининг ўтлоқилашиб бораётган бўз тупроқлари шароитида кузги буғдойдан юқори дон ҳосили етиштириш агротадбирларини такомиллаштириш», 06.01.01–Умумий деҳқончилик. Пахтачилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.1.PhD/Qx255.

Илмий раҳбар: Халиков Баҳодир Мейликович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти, DSc.27.06.2017.Qx.42.01.

Расмий оппонентлар: Ўразматов Назиржон, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим; Худойқулов Жонибек Назарович, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, доцент.

Етакчи ташкилот: Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: Жиззах вилоятининг ўтлоқилашиб бораётган бўз тупроқлари шароитида кузги буғдойнинг мақбул экиш муддати ва суғориш тартибини белгилаш ҳамда азотли ўғитнинг йиллик меъёрини кузги буғдойнинг ривожланиш даврларида турли меъёрларга бўлиб қўллашнинг самарадорлигини аниқлашдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

илк бор ўтлоқилашиб бораётган бўз тупроқлар шароитида кузги буғдойдан юқори ва сифатли дон ҳосили етиштириш агротадбирлари такомиллаштирилган;

кузги буғдойни мақбул экиш муддати, суғориш муддатлари ва меъёрлари, мавсумий сув сарфи, азотли ўғитнинг йиллик меъёрини кузги буғдойнинг ривожланиш даврларида турли меъёрларга бўлиб қўллашнинг самарадорлиги аниқланган;

тупроқнинг агрофизикавий ҳамда агрокимёвий хоссаларига экиш муддатлари, маъдан ўғитлар меъёри ва суғориш тартибларининг таъсири аниқланган;

ўрганилган тупроқ-иқлим шароитида мақбул экиш муддати, суғориш тартиби ва озиқлантиришнинг кузги буғдойни униб чиқиши, кўчат қалинлиги, қишлаш даражаси, ўсиши-ривожланиши, бир бошоқдаги дон сони, бир бошоқдаги дон вазни ва 1000 дона дон вазни, озиқа элементларини ўзлаштириши, тупроқда қолдирган илдиз ва анғиз қолдиқлари миқдори, дон ҳосилдорлиги ҳамда сифат кўрсаткичларига таъсири аниқланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Жиззах вилоятининг кучсиз шўрланган ўтлоқилашиб бораётган бўз тупроқлари шароитида кузги буғдойдан юқори дон ҳосили етиштириш агротадбирларини такомиллаштириш бўйича тадқиқот натижалари асосида:

кузги буғдойдан юқори дон ҳосили етиштириш агротадбирларини такомиллаштиришборасида “Жиззах вилоятининг ўтлоқилашиб бораётган бўз тупроқлари шароитида кузги буғдойдан юқори дон ҳосили етиштириш агротадбирлари бўйича тавсиялар” ишлаб чиқилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 7 майдаги 07/021-8-сон маълумотномаси). Мазкур тавсиянома вилоят қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари, ғалла етиштирувчи деҳқон, фермер хўжаликларида қўлланма сифатида кенг қўлланилган;

Жиззах вилоятининг ўтлоқилашиб бораётган бўз тупроқлари шароитида кузги буғдойдан юқори дон ҳосили етиштириш агротадбирлари Пахтакор туманидаги фермер хўжаликлари далаларида 403 гектар ҳамда ПСУЕАИТИ Жиззах илмий тажриба станциясида 10 гектарда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 7 майдаги 02/021-8-сон маълумотномаси). Натижада кузги буғдой 1-10.10 муддатда экилиб, экиш-майсалаш даврида 30 кг/га, туплашда 50 кг/га, найчалашда 60 кг/га ва бошоқлаш даврида 40 кг/га меъёрда азотли ўғитлар билан озиқлантириб, суғоришни ЧДНСга нисбатан 65-75-60 % тартибида суғориб парваришланганда 50,2 ц/га дон ҳосили олишга эришилган;

кузги буғдойдан юқори дон ҳосили олишнинг мақбул агротадбирлари Арнасой туманининг ўтлоқилашиб бораётган бўз тупроқлари шароитида 315 гектар майдонга жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 7 майдаги 02/021-8-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида кузги буғдойдан юқори дон ҳосили олишга эришилган ҳамда рентабеллик даражаси 22,3 фоизни ташкил этган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish