Идирисов Камалатдин Абатбай улининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Орол денгизи қуриган тубининг жанубий-шарқий қисми тупроқ-грунтлари экологик-мелиоратив ҳолатини баҳолаш”, 03.00.13 –Тупроқшунослик (Қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2023.4.PhD/Qx1237
Илмий раҳбар: Бобомуродов Шухрат Мехрибонович, биология фанлари доктори, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, PhD.03/5.05.2023.B/Qx.01.17.
Расмий оппонентлар: Абдрахманов Тохтасин, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, профессор; Саидова Муниса Эргашевна, биология фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Қорақалпоқ давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Орол денгизи қуриган туби тупроқ-грунтларинининг хосса-хусусиятларини аниқлаш, мелиоратив-экологик ҳолатига ўсимликлар таъсирини баҳолаш орқали уларни яхшилашга, тупроқ-грунтларидан самарали фойдаланишга доир тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Орол денгизининг қуриган туби тупроқ-грунтлари шаклланишининг ўзига хос хусусиятлари, саҳроланиш ва глобал иқлим ўзгариши шароитида эволюсион ўзгаришларнинг содир бўлаётганлиги, тупроқ ҳосил бўлишнинг гидроморф сув режимидан автоморф сув режимига ўтиши, шунга мутаносиб равишда саҳро минтақасига мос қумли чўл тупроқлари ва шўрхоклар майдонларининг кенгайиб бораётганлиги аниқланган;
шўрланиш-шўрсизланиш жараёнларининг интенсивлик даражаси, тупроқ қатламларидаги умумий ва заҳарли тузлар миқдори, шўрланиш даражаси ва типлари, гипслашганлиги ва карбонатлашганлиги асосланган;
0-1 метрлик қатламдаги сувда эрувчан умумий ва заҳарли тузлар заҳираларини аниқлаш асосида массив тупроқ-грунтларининг экологик- мелиоратив ҳолати баҳоланган;
тупроқ-грунтларининг шўрланиш даражаси ва шўрланиш химизмга боғлиқ ҳолда доминант ва субдоминант галофит ўсимликлар тарқалиш ареаллари аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Орол денгизи қуриган тубининг жанубий-шарқий қисми тупроқ-грунтлари экологик-мелиоратив ҳолатини баҳолаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
«Қуриган Орол денгизи жанубий-шарқий қисми тупроқ-грунтларининг замонавий тупроқ-экологик ҳолати ва уларни яхшилашга доир тавсиялар» ишлаб чиқилган ва амалиётга жорий этилган (Қорақалпоғистон Республикаси Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг 2024 йил 11-январдаги №01/18-134 сонли маълумотномаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитасининг 2024 йил 11-январдаги №1-13 сон маълумотномаси). Натижада, Орол денгизи қуриган тубининг жанубий-шарқий қисми тупроқ-грунтлари экологик-мелиоратив ҳолатини яхшилашда фитомелиоратив тадбирларни, яъни галофит ва ксерофит ўсимликларни жойлаштиришда қўлланма сифатида хизмат қилган.
«Ақбеткей» массиви ерлари тупроқ грунтларининг 1:50000 миқёсдаги «Механик таркиби харитаси» ишлаб чиқилган ва 71570 гектар майдонларда амалиётга жорий қилинган (Қорақалпоғистон Республикаси Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг 2024 йил 11-январдаги №01/18-134 сон маълумотномаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитасининг 2024 йил 11-январдаги №1-13 сон маълумотномаси). Натижада, тупроқ-грунтлари механик таркибини ҳисобга олган ҳолда ўсимликларни экиш усуллари ва муддатларини аниқлаш ҳамда агротехник тадбирларни тўғри белгилашга имкон берган;
Орол денгизи қуриган туби «Ақбеткей» массиви ерларининг тупроқ-грунтлари 1:50000 миқёсдаги «Тупроқ шўрланиш картограммаси» ишлаб чиқилган ва 71570 гектарга амалиётга жорий қилинган (Қорақалпоғистон Республикаси Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг 2024 йил 11-январдаги №01/18-134 сон маълумотномаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси 2024 йил 11-январдаги №1-13 сон маълумотномаси). Натижада, тупроқ-грунтлари шўрланиш даражасини ҳисобга олган ҳолда фитомелиорант ўсимлик турларини белгилаш ва уларни тўғри жойлаштириш орқали массив ерларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича тадбирлар белгилаш имконини берган.