Sayt test rejimida ishlamoqda

Ўразбоев Абдулла Дурдибаевичнинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Огаҳийнинг тарихий асарлари лексикаси”, 10.00.01–Ўзбек тили (филология фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.2.DSc/Fil67.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Урганч давлат университети.

Илмий маслаҳатчи: Дўсимов Зариббой, филология фанлари доктори, профессор.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, DSc.27.06.2017.Fil.19.01.

Расмий оппонентлар: Аширбоев Самихон, филология фанлари доктори, профессор; Дадабоев Ҳамидулла Арипович, филология фанлари доктори, профессор; Ҳусанов Нишонбой Абдусатторович, филология фанлари доктори.

Етакчи ташкилот: Тошкент давлат шарқшунослик институти.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: Огаҳий тарихий асарларидаги лексик бирликларнинг мавзуий-семантик гуруҳларини  тавсифлаш,  ўз ва ўзлашма қатламга мансуб айрим сўзларнинг тарихий-этимологик ҳамда таркибий таҳлилини амалга ошириш, луғавий бирликларнинг лингвоэстетик жиҳатларини очиб беришдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

Огаҳий тарихий асарлари лексикасида мавжуд сўзларнинг ўзбек тилига ўзлашишгача бўлган тарихий ва семантик тараққиёти ҳамда тарихий сўз ва ибораларнинг диалектологик жиҳатлари очиб берилган;

Огаҳий тарихий асарлари лексик бирликлари таркибий реконструкция қилинган ва уларнинг функционал таҳлили луғат таркибидаги субстрат қатлам муаммоси билан алоқадор эканлиги далилланган;

ўзбек тилининг қариндош бўлмаган тилларга таъсири масаласига оид янги фактлар берилган;

ўзбек тилига араб тили ва эроний тиллардан ўзлашган кўплаб сўзларнинг тарихий-этимологик таҳлили берилган, мўғулча ёки турк-мўғул параллеллари дейилган айрим сўзларнинг асл туркий сўзлиги исботланган;

Огаҳий тарихий асарларининг жанр хусусиятлари уларнинг лексик таркибига боғлиқ равишда очиб берилган;

мутахассислар томонидан эроний тиллар ёки хитой тилига алоқадор деб топилган баъзи сўзларнинг туркий қатламга мансублиги далилланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Огаҳий тарихий асарлари лексикаси бўйича олинган илмий натижалар асосида:

Огаҳий томонидан форс тилидан ўзбек тилига таржима қилинган «Ахлоқи муҳсиний» асарини нашрга тайёрлаш ва чоп этишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Матбуот ва ахборот агентлигининг 2018 йил 16 июлдаги 01-2535-сон маълумотномаси). Натижада асар матнининг ўқувчиларга тушунарлилиги ошган, тушунилиши қийин сўзларга матн остида лексикографик изоҳлар берилган;

диссертациядаги арабий ва форсий сўзларнинг маъноларига доир хулосалар, этимологик тавсифлардан Маҳмуд Замахшарийнинг «Муқаддимат ул-адаб» асарини ўзбек тилидаги изоҳи билан нашр қилишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 17 март 49-сон баённомаси доирасида нашр қилинди). Натижада эски туркий ва эски ўзбек тилидаги арабий ва форсий сўзларнинг маъновий тавсифлари мукаммаллашган, ўзбекча муқобиллари аниқлаштирилган ҳамда манбанинг илмийлиги таъминланган;

диссертацияда келтирилган сўзларнинг тарихий-этимологик тавсифи, лексик-семантик хусусиятлари борасидаги хулосалардан «Mumtoz adabiy asarlar lug‘ati» (18, 20, 27, 47, 49, 51, 58, 223, 242, 286-бетлар)ни тайёрлаш жараёнида назарий асос сифатида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Матбуот ва ахборот агентлигининг 2018 йил 16 июлдаги 01-2535-сон маълумотномаси). Натижада сўзларга берилган изоҳларнинг илмий-манбавий асослари кучайган;

Огаҳий тарихий асарларида қўлланган 20 дан ортиқ сўз (корзор, коргоҳ, жавлон, жавлонгоҳ, расул, кордон, ком, комрон, мардум, алам, балорак, зирғом, ғазанфар, қоқум, ҳафт кишвар, мурасалот, пешкаш, қонун, оҳанг)нинг этимологияси, семантик ва услубий хусусиятлари, уларни далилловчи материаллардан «Алишер Навоий асарларининг изоҳли луғати»ни яратиш лойиҳасида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2018 йил 13 июндаги 311255-1587-сон маълумотномаси). Илмий натижалар асосида луғавий бирликларнинг маънолари бойиган, изоҳлари мукаммаллашган;

«Хоразм давлатчилиги тарихи (энг қадимги даврлардан 1924 йилгача)» мавзусидаги лойиҳада Хива хонлиги давлат қурилиши мавзусини ёритишда диссертацияда кенг таҳлил қилинган ижтимоий-сиёсий терминларга мурожаат қилинган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2018 йил 13 июндаги 311255-1587-сон маълумотномаси). Илмий натижанинг амалиётга татбиқ этилиши Хива хонлиги солноманавислиги ривожланиш тарихини архив ва қўлёзма манбалардан олинган маълумотлар асосида очиб беришга хизмат қилган;

Хоразм телерадиокомпанияси «Мунаввар кун», «Хоразмнома», «Навозанда» кўрсатувларида Огаҳий тарихий асарларида қўлланган сўзларнинг маънолари билан боғлиқ хулосаларидан фойдаланилган (Хоразм телерадиокомпанияси 2018 йил 2 майдаги 10-18/134-сон маълумотномаси). Натижада кўрсатувларнинг илмий-оммабоплиги таъминланган, кўрсатув сценарийларининг илмий-манбавий савияси бойиган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish