Sayt test rejimida ishlamoqda

Назаров Шербек Улуғбек ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Тадбиркорлик субектларининг ер участкаларига бўлган мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш», 12.00.03 – Фуқаролик ҳуқуқи. Тадбиркорлик ҳуқуқи. Оила ҳуқуқи. Халқаро хусусий ҳуқуқ (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2023.2.PhD/Yu1053.
Илмий раҳбар: Азизов Худойқул Тожиевич, юридик фанлар номзоди, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Судялар олий кенгаши ҳузуридаги Судялар олий мактаби.
Илмий кенгаш фаолият кўрсатаётган муассаса номи, Илмий кенгаш рақами: Ўзбекистон Республикаси Судялар олий кенгаши ҳузуридаги Судялар олий мактаби, PhD.37/27.02.2020.Yu.107.01.  
Расмий оппонентлар: Бабакулов Сотиболди Бабаназарович, юридик фанлар доктори, профессор; Қаландарова Маликахон Пирназаровна, юридик фанлар номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази.
Диссертациянинг йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади тадбиркорлик субектларининг ер участкаларига бўлган мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ илмий-назарий ва амалий муаммоларни аниқлаш ҳамда мазкур муаммоларни ҳал этишга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
мулкий ҳуқуқлар ҳимоясини янада кучайтириш мақсадида мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши, ер участкаси хусусий мулк бўлиши мумкинлигига оид нормаларни конституциявий даражада мустаҳкамлаш зарурияти асослантирилган;
ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомилларини қонун даражасида мустаҳкамлаш, ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши мумкин бўлган ҳолатларнинг аниқ ва тугал рўйхатини белгилаш, ҳуқуқ эгасига компенсация берилмагунга қадар кўчмас мулк обектларини бузишга ёʻл қўйилмаслиги, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи КенГЭСининг, маҳаллий Кенгашларнинг ер участкасини олиб қўйиш, шунингдек кўчмас мулк обектини бузиш тўғрисидаги қарори устидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкинлиги, олиб қўйилган ер участкаларидан мақсадсиз фойдаланилишига ёʻл қўйилмаслиги лозимлиги асослаб берилган;
“Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурияти, олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк обектларини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарор фақат адлия органларининг ижобий хулосаси мавжуд бўлганда қабул қилиниши, ҳокимлик ва ҳуқуқ эгаси ўртасида тузиладиган, компенсациянинг миқдори, тури ва уни бериш муддати назарда тутиладиган келишув мажбурий равишда нотариал тартибда тасдиқланиши, ерга нисбатан эгалик қилиш, фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқлари низоли ҳолларда фақат суд тартибида бекор қилиниши кераклиги асосланган;
ерга оид низоларни кўришда қонунчилик нормаларини тўғри ва бир хилда қўллаш, ягона суд амалиётини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарорини қабул қилиш орқали ер билан боғлиқ низоларнинг судловга тааллуқлилигини, сабабий боғланишдаги зарар тушунчасини аниқлаштириш, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларига оид ваколатлари қисқартирилиши билан боғлиқ қоидаларни амалиётда тўғри қўлланилишига доир судларга тушунтиришлар берилиши лозимлиги асослантирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Тадқиқот иши бўйича олинган илмий натижалардан қуйидагиларда фойдаланилган:
хусусий мулк дахлсизлигини, мулкий ҳуқуқлар ҳимоясини кучайтиришга ва ер участкаси хусусий мулк бўлиши мумкинлигига оид, жумладан уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланиши, мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмаслигини белгилаш ҳақидаги таклифлар янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 47, 65, 68-моддаларида ўз ифодасини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Коррупсияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2023-йил 24-октябрдаги 04/2-09/4107-сон далолатномаси). Ушбу нормаларнинг киритилиши тадбиркорлик субектларининг ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқини конституциявий даражада мустаҳкамлаган;
ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомилларини қонун даражасида мустаҳкамлаш, ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши мумкин бўлган ҳолатларнинг аниқ ва тугал рўйхатини белгилаш, ҳуқуқ эгасига компенсация берилмагунга қадар кўчмас мулк обектларини бузишга ёʻл қўйилмаслиги, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи КенГЭСининг, маҳаллий Кенгашларнинг ер участкасини олиб қўйиш, шунингдек кўчмас мулк обектини бузиш тўғрисидаги қарори устидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкинлиги, олиб қўйилган ер участкаларидан мақсадсиз фойдаланилишига ёʻл қўйилмаслигини белгилаш ҳақидаги таклифлар 2022-йил 29-июндаги “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонуннинг 4, 21, 30, 33, 35, 36-моддаларида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг 2022-йил 1-ноябрдаги 08-сонли далолатномаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2022-йил 10-ноябрдаги 23/1-1/56-сон далолатномаси). Мазкур таклифнинг амалиётга жорий этилиши ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишнинг мулкдорлар манфаатларига мувофиқ бўлган тартиб-таомилларини белгилаб, тадбиркорлик субектларининг ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтирган;  
“Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш, олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк обектларини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарор фақат адлия органларининг ижобий хулосаси мавжуд бўлганда қабул қилиниши, ҳокимлик ва ҳуқуқ эгаси ўртасида тузиладиган, компенсациянинг миқдори, тури ва уни бериш муддати назарда тутиладиган келишув мажбурий равишда нотариал тартибда тасдиқланиши, ерга нисбатан эгалик қилиш, фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқлари низоли ҳолларда фақат суд тартибида бекор қилиниши лозимлигини, хусусий мулк бўлган ер участкаси мулкдордан фақат жиноят-процессуал қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда суд қарори асосида олиб қўйилиши (мусодара қилиниши) мумкинлигини белгилаш ҳақидаги таклифлар 2022-йил 29-июндаги Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ–782-сон Қонуннинг 5, 13 ва 18-моддаларида, 2020-йил 23-декабрдаги ЎРҚ–656-сон Қонуннинг 1–3-моддаларида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 24-августдаги ПФ–198-сон Фармонининг 1, 6–7-бандларида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Коррупсияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2021-йил 13-октябрдаги 06/1-11/1128-сон далолатномаси, Олий Мажлис Сенатининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг 2022-йил 1-ноябрдаги 07-сон далолатномаси ҳамда Адлия вазирлигининг 2022-йил 10-ноябрдаги 23/1-1/57-сон далолатномаси). Ушбу таклифнинг амалиётга жорий этилиши олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк обектларини ноқонуний бузиб ташлаш ҳолатларини олдини олишга ва мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилган;
ерга оид низоларнинг маъмурий, иқтисодий ва фуқаролик ишлари бўйича судлар ўртасида судловга тааллуқлилигини, сабабий боғланишдаги зарар тушунчасини аниқлаштириш ҳақидаги, шунгдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларига оид ваколатлари қисқартирилиши, Ҳукуматнинг индивидуал хусусиятга эга бўлган ер муносабатларига оид ҳужжатлари маъмурий судларда низолашилиши билан боғлиқ қоидаларни амалиётда тўғри қўлланилиши таъминлаш юзасидан таклифлар Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023-йил 20-ноябрдаги “Судларда ерга оид низоларни кўришда қонунчилик ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалар тўғрисида”ги 28-сонли қарорининг 4, 6 ва 7-бандларида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2024-йил 30-январдаги 08/95-24-сон далолатномаси). Мазкур таклифнинг амалиётга жорий этилиши судлар томонидан тадбиркорлик субектларининг ер участкаларига бўлган мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилинишига оид амалиётни янада такомиллаштиришга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish