Sayt test rejimida ishlamoqda

Уралов Азамат Бегнаровичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида

I.Умумий маълумотлар.
“Ўзбек тили морфологик шакллари тизимида номутаносиблик”, 10.00.01 – Ўзбек тили (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2021.2.DSc/Fil309.
Илмий маслаҳатчи: Мирзакулов Турсунали Утаевич, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Гулистон давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети, DSc.03/30.12.2019.Fil.02.03.
Расмий оппонентлар: Хайруллаев Хуршид Зайниевич, филология фанлари доктори, профессор; Худойберганова Дурдона Сиддиқовна, филология фанлари доктори, профессор; Искандарова Шарифа Мадалиевна, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Бухоро давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади морфологик бирликларнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши, ўзаро муносабати, аналитик, синтетик ва кенгайган шаклларнинг лисоний ўрнини аниқлаш, морфологик бирликлардаги номутаносибликнинг юзага келиши ва турларини очиб беришдан иборат.
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
эгалик, келишик, сон, замон, шахс-сон, майл каби морфологик шаклларнинг диахрон ва синхрон кўринишлари асимметрик дуализм, конверсия, транспозиция ҳамда тежаш тамойилларига кўра шакл ва мазмун жиҳатдан номутаносиблиги очиб берилган;
морфологик шакллар тизимида номутаносибликнинг маъно жиҳатига кўра кўп маънолилик, шаклдошлик ва шакл жиҳатига кўра маънодошлик, тежаш тамойили, алломорф, инвариантлар ҳамда вазифа жиҳатига кўра кўп вазифалилик, кўчиш юзага чиқишида тил ривожининг  ижтимоий ва ички қонуниятларига мослиги асосланган;
агглютинация ва фузия жараёнлари ўзбек тили морфологик шакллари ривожида ижтимоий онг, ижтимоий тафаккур қонуниятлари билан узвий боғлиқликда эканлиги, морфологик бирликларнинг шакл, мазмун ҳамда вазифа мувофиқлигидаги мутаносиблик диахроник ҳамда синхроник сабабга кўра нисбий эканлиги исботланган;
тил тизимида аффиксоидларнинг шаклланиши, тегишли мавқега эга бўлиши тил эгалари онгида муайян лингвистик қийматнинг умумийлиги ва фарқланиши натижасида тил андозалари қолип, модел каби рақобати билан боғлиқ жараёнлар ифодаси эканлиги Азимхон, Нодирахоним, Жамолхон, акахон каби мисоллар асосида очиб берилган;
морфологик шакллар тизимида турли синхрон даврларнинг бирликлари ўзаро муносабатда мавжуд бирликлардан янги бирликларнинг ҳосил бўлиши, кенгайган шакллар ва қўшма аффикслар структур жиҳатдан ўхшашлиги, лекин таркибий қисмларининг мазмун жиҳатидан фарқли томонларга эгалиги “Бобурнома”, “Муҳокаматул луғатайн” каби тарихий ва “Ўткан кунлар”, “Абадият оралаб” сингари бадиий асарлар орқали аниқланган;
тилнинг ҳозирги синхрон тизимида қўшма таркибга эга бўлган аналитик морфем шаклларнинг миқдори белгиланиб, уларнинг мақоми қўшма аффикслар, мураккаб ва кенгайган шакллар доирасидаги ўзаро ўхшашлик ва фарқли томонлар тушунча майдонлари ёки функсионал-семантик майдон тамойиллари асосида синтетик, аналитик шаклардаги номутаносибликлар далилланган.
IV.Тадқиқот натижаларнинг жорий қилиниши. Ўзбек тили морфологик шакллар тизимида номутаносибликларни ўрганиш асосида:
морфологик бирликларни аниқлаш, ўзбек тили таълимий корпусини яратишда морфологик шакллардан ахборот базаси сифатида фойдаланиш имкониятини ёритиш, ўзбек тилининг изоҳли, энциклопедик луғатларидан мураккаб ҳамда морфологик кенгайган шакллар ахборотларини олиш усули ва воситаларини кўрсатиш, ўзбек тилининг морфем луғатидан морфемалар тизимидаги агглютинация ва фузия муносабатини таълимий корпусда акс эттириш ва маълумотлар базасини шакллантиришда Давлат илмий-техник дастурлари доирасидаги 2020–2022-йилларга мўлжалланган АМ – Ф3-201908172-рақамли “Ўзбек тилининг таълимий корпусини яратиш” номли амалий грант лойиҳасида фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2023-йил 15-февралдаги 01/4-311-сон маълумотномаси). Натижада луғатларда юзага келадиган айрим сўзларнинг ёзилиши ҳамда тарихий шаклланиши юзасидан муаммолар ҳал этилган;
ўзбек тили морфология илмининг тадрижий тараққиёти, бунда сўз туркумлари, ҳар бир туркумга хос грамматик шакллар, грамматик шаклларнинг зоҳирий белгилари, яъни сўзларга қўшилиш, уларни бириктириш жараёнидаги аниқ сезилиб турувчи маъно ва вазифалари нутқий хусусиятларини тадқиқ этишга ҳамда тил тарихида сўзларнинг келиб чиқиши, термин ва сўзларнинг этимологик томонидан очиқланиши, ўзбек тилининг тарихий тараққиёти давомида туб сўзлар ва ўзлашма сўзларни аниқлашда туркий ва суғдий сўзлардан фойдаланишда диссертациянинг илмий натижалари ва материалларидан Давлат илмий-техник дастурлари доирасидаги 2017–2021-йилларга мўлжалланиб, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида бажарилган ФЗ-2016-0914124453: “Ўзбек давлатчилиги тарихида суғдий тил ва ёзувининг тутган ўрни (милоддан аввалги ИИ милодий ХИИ асрлар)” мавзусидаги фундаментал грант лойиҳасида фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2023-йил 15-февралдаги 04/1-297-сон маълумотномаси). Натижада тарихий сўзларнинг келиб чиқиши, морфем бирликларнинг шаклланиши ҳамда ривожланиши юзасидан лойиҳа материаллари бойиган;
ясама сўзларнинг деривацион хусусиятлари, морфем бирликлар таркибидаги структур ўзгаришлари, аффиксоидлар ва улардаги номутаносибликлар, мураккаб ва морфологик кенгайган шакллар ҳақидаги илмий натижалар ва материаллардан Давлат илмий-техника дастурлари доирасида 2021–2023-йилларга мўлжалланган ПЗ-202004165 рақамли “Умумий ўрта таълимнинг бошланғич синф ўқувчиларида оғзаки ва ёзма нутқий компетенсияларни ривожлантирувчи электрон платформа яратиш” мавзусидаги амалий грант лойиҳасида фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2023-йил 15-февралдаги 01/4-312-сон маълумотномаси). Натижада лойиҳа янги манбалар билан бойиган ҳамда сўзларнининг келиб чиқиши ва бугунги ҳолатдаги имло меъёрига мослиги аниқлаштирилган;
морфологик бирликларнинг пайдо бўлиш йўллари ҳамда турлари, бойиш манбаларини кўрсатиш ва далиллаш, функсионал транспозиция ҳодисалари юзасидан маълумотларни қиёслаш ҳамда морфем бирликларда кўчиш ҳолатларни кўрсатиш, тил тараққиётида морфем бирликлар таркибидаги ўзгаришларга асосланиб, морфологияда тежаш тамойилининг ўрнини кўрсатиш, кенгайган шаклларнинг тарихий жараёнлари, тил тизимидаги ўрни ва айрим турларини кўрсатиш ҳамда унинг қўшма аффикслардан фарқли томонларини белгилаш ҳақидаги масалаларнинг ёритилиши ҳақидаги назарий хулосаларидан “Ўзбекистон” телерадиоканалида намойиш этилган “Муносабат”, “Ойдин ҳаёт – ливе” кўрсатувларининг ссенарийсини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон телерадиоканали давлат муассасасининг 2023-йил 23-февралдаги 02-13-303-сон маълумотномаси). Натижада кўрсатув самараси ошган, сўзларнинг ишлатилиши ва ёзилиши борасида янгиликлар ўзлаштирилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish