Sayt test rejimida ishlamoqda

Искендеров Ахмед Махсетбаевичнинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Паст навли галитлардан кальцинацияланган сода олиш тежамкор технологияси ва унинг чиқиндиларини қурилиш материаллар ҳамда тозалаш воситаларига қайта ишлаш», 02.00.15–Силикат ва қийин эрийдиган нометалл материаллар технологияси, 02.00.13–Ноорганик моддалар ва улар асосидаги материаллар технологияси (техника фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.2.DSc/Т12.

Илмий маслаҳатчилар: Атакузиев Темиржон Азим ўғли, техника фанлари доктори, профессор; Эркаев Актам Улашевич, техника фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент кимё-технология институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент кимё-технология институти, DSc.27.06.2017.Т.04.01 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.

Расмий оппонентлар: Намазов Шафоат Саттарович, техника фанлари доктори, профессор, академик; Тулаганов Абдуқобил Абдунабиевич, техника фанлари доктори, профессор; Дадаходжаев Абдулла Турсунович, техника фанлари доктори, профессор.

Етакчи ташкилот: Тошкент давлат техника университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II.Тадқиқотнинг мақсади: паст навли галитлардан кальцинацияланган сода олиш ҳамда унинг суюқ ва қаттиқ чиқиндиларидан фойдаланиб, юқори сифатли қурилиш материаллари ва тозалаш воситалари олиш технологияларини ишлаб чиқишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

галит туз чўкмаларининг кристалланиш давомийлигига боғлиқ ҳолда кимёвий таркиби ва механик кўрсаткичларининг ўзгариши аниқланган;

Борсакелмас ва Қораумбет конлари паст навли ош тузларини 250С ва 450С ҳароратда Ca2+, 2Na+//2Cl-, SO42--H2O тўрт компонентли ўзаро алмашинувчи тизим эрувчанлик изотермасини назарий таҳлил қилиш асосида дистиллер суюқлик иштирокида тозалаш жараёнининг оптимал шароитлари аниқланган;

паст навли ош тузининг эриш ва туз эритмаси шламларининг чўкиш тезлигига технологик омилларнинг таъсири исботланган;

тозалаш воситалари олиш таркибига кирадиган компонентлар таркиби ва характерига боғлиқ ҳолда олдиндан берилган хоссаларга эга таркиби яратилган;

туз эритмаси шламидан олинган тозалаш воситаларининг физик-кимёвий ва товар хоссалари аниқланган;

Хўжакўл ва Белтоу конлари табиий бентонитлари ва кремний, алюминий, магний, темир оксидлари, уларнинг турли бирикмаларининг чўкмалар заррачалари шаклланиши, чўкиш тезлиги ва чўкмалар зичлиги асосида чўкиш фаоллик қатори тузилган;

кальцинацияланган сода ишлаб чиқаришнинг таркибида хлор бўлган чиқиндиларининг карбонат микротўлдирувчилари бўлган цементларнинг гидратацияси ва қотиш интенсификатори сифатидаги таъсири аниқланган;

дистиллер суюқликдан фойдаланган ҳолда паст навли галитлар эритмасини тозалаш, туз эритмасини тозалаш шламлари ва кальцинацияланган сода ишлаб чиқариш чиқиндиларидан кальцинацияланган сода, тозалаш воситалари ва боғловчи материаллар олиш технологиялари ишлаб чиқилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Паст навли галитлардан кальцинацияланган сода олиш ва унинг чиқиндиларини қурилиш материаллари ҳамда тозалаш воситаларига қайта ишлаш технологиясини ишлаб чиқиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:

Борсакелмас ва Қораумбет конлари паст навли ош тузлари эритмасини кальцинацияланган сода ишлаб чиқариш чиқиндиси дистиллер суюқликдан фойдаланиб тозалашда ҳосил бўладиган шламдан олинган тозалаш воситасига корхона стандарти «Ўзстандарт» агентлиги томонидан тасдиқланган (TS15510698-04:2016). Натижада яратилган тозалаш воситасини ишлаб чиқиш имконини берган;

паст навли ош тузлари туз эритмасини дистиллер суюқлиги иштирокида тозалашнинг оптимал технологик параметрлари «Қўнғирот сода заводи» УКнинг «2019-2021 йилларда амалиётга жорий этиш бўйича истиқболли ишланмалар рўйхати»га киритилган («Қўнғирот сода заводи» УКнинг 2018 йил 13 июлдаги 1570-01-сон маълумотномаси). Натижада хомашё захирасини 15–20% ошириш ва маҳсулот миқдорини 5%га кўпайтириш имконини берган;

Борсакелмас ва Қораумбет конлари паст навли ош тузлари эритмасини кальцинацияланган сода ишлаб чиқариш чиқиндиси дистиллер суюқликдан фойдаланиб тозалаш технологияси «Қўнғирот сода заводи» УКнинг «2019-2021 йилларда амалиётга жорий этиш бўйича истиқболли ишланмалар рўйхати»га киритилган («Қўнғирот сода заводи» УКнинг 2018 йил 13 июлдаги 1570-01-сон маълумотномаси). Натижада натрий хлоридини ишлатиш коэффициентини 0,5–2,0% га ошириш ва сув ҳамда оҳак сарфини 3–8% га камайтириш имконини берган;

Борсакелмас ва Қораумбет конлари паст навли ош тузлари эритмасидан кальцинацияланган сода ишлаб чиқариш суюқ ва қаттиқ чиқиндилари асосида яратилган цемент «EURO BETON» МЧЖ корхонасида ишлаб чиқаришга жорий қилинган («EURO BETON» МЧЖнинг 2018 йил 10 майдаги 173/1-сон маълумотномаси). Натижада бетон маҳсулотлари физик-механик хоссаларини 37,2–39,5%га ошириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish