Sayt test rejimida ishlamoqda

Абатов Достон Рўзимурод ўғлининг
 фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Қашқадарё халқ достонлари ономастикаси (Қора бахши Умиров, Умир шоир Сафаров, Қодир бахши Раҳимов достонлари мисолида)”, 10.00.01 – Ўзбек тили (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.2.PhD/Fil2363.
Илмий раҳбар: Эшпўлат Жабборов, филология фанлари номзоди, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қарши давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Қарши давлат университети, DSc.03/30.12.2021.Fil.70.01.
Расмий оппонентлар: Абузалова Меҳринисо Кадировна, филология фанлари доктори, профессор; Ҳусейин Байдемир, филология фанлари доктори (DSc), профессор.  
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Қашқадарё халқ достонларида қўлланган ономастик бирликларнинг семантик, структур ва лингвопоетик хусусиятларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
“Ойпарча”, “Нурали ва Семурғ”, “Келиной ёки Норгулой”, “Ойчинор” ва “Жорхун мастон” сингари достонлар матнидаги ономастик бирликлар луғавий қатламларининг соф туркий (ўзбек) (Эргаш, Гали, Тўқсон), араб (Муҳаммад, Мансур, Ражаб), форс-тожикча (Дониш, Чори, Шодмон), аралаш: арабча+ўзбекча (Омонгелди, Ҳазратқул), арабча+форсча (Соқибулбул, Оловхўжа), форс-тожикча+арабча (Норали, Шерали, Хўжамаҳмуд), ўзбекча+форсча (Бекмирзо, Ойпарча, Ойпари) моделлардан ташкил топганлиги аниқланган;
“Ойпарча”, “Нурали ва Семурғ”, “Келиной ёки Норгулой”, “Ойчинор” ва “Жорхун мастон” достонларидаги ономастик бирликларнинг ясалишида композиция, усулининг фаоллиги ҳамда аффиксация усулининг нофаоллиги Хол+дор (инсон номи), Гул+зор (кўча номи), Чарм+гар (маҳалла номи), Гурж+истон (мамлакат номи) Туя+чи (қишлоқ номи) (аффиксация усули), Калла+тош, Ой+чинор, Оқ+бет, Кўк+булоқ (композиция усули) сингари ономастик бирликлар асосида исботланган;
Қашқадарё халқ достонларидаги, ономастик бирликлар таркибий тузилишига кўра от+от (Консой, Зарчашма, Ойтўти), феъл+от (Келдиёр, Бердиёр), от+феъл (Худойберди), сифат+от (Оқбош, Кўкбулоқ), сон+от (Олтиёр) моделли қолиплардан иборатлиги асосланган;
Қашқадарё халқ достонларида қўлланилган ономастик бирликлар, шундан 177 та антропоним, 94 та топоним, 4 та этноним, 18 та зооним, 6 та астроним ва бошқа тур бирликлар аниқланиб, уларнинг туркий (ўзбек), араб, форс-тожик тиллардаги луғавий маънолари, номланиш тамойиллари ҳамда уларнинг матндаги тасвирни тиниқлаштириш, ономастик метафорани шакллантириш сингари лингвопоетик хусусиятлари очиб берилган.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Қашқадарё достонларида қўлланган ономастик бирликларни тадқиқ этиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
“Ойпарча”, “Нурали ва Семурғ”, “Келиной ёки Норгулой”, “Ойчинор” ва “Жорхун мастон” достонларидаги ономастик бирликларнинг луғавий-маъновий гуруҳлари, ясалиш усуллари, грамматик тузилиши ва структурал моделлари, этимологик хусусиятлари тўғрисидаги хулосалардан ФА-Ф1-Г003 “Ҳозирги қорақалпоқ тилида функсионал сўз ясалиши” ҳамда ФА-А1-Г007 “Қорақалпоқ нақл-мақоллари лингвистик тадқиқот обекти сифатида” мавзуларидаги фундаментал ва амалий-илмий лойиҳаларда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг 2023-йил 2-июндаги 17.01/75-сон маълумотномаси). Натижада ономастик бирликларнинг ясалиш усуллари, модел типлари, оддий сўз ясалиши ҳамда атаб қўйилган номларнинг ясалишидаги фарқли жиҳатларни такомиллаштириш имконини берган;
    Қашқадарё халқ достонларидаги, ономастик бирликлар таркибий тузилишига кўра от+от (Консой, Зарчашма, Ойтўти), феъл+от (Келдиёр, Бердиёр), от+феъл (Худойберди), сифат+от (Оқбош, Кўкбулоқ), сон+от (Олтиёр) моделли қолиплардан иборатлиги асосланганига оид илмий хулосаларидан Қашқадарё вилояти телерадиокомпаниясининг “Ўзлигимиз тимсоли”, “Нажот билимда”, “Менинг қаҳрамоним”, “Бир осмон остида” каби мавзулардаги радиоешиттиришларининг ссенарийларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Қашқадарё вилояти телерадиокомпаниясининг 2023-йил 16-майдаги 17-05/89-сон маълумотномаси). Натижада келтирилган маълумотлар радиоешиттиришларнинг мазмунли бўлишига, тақдим этилган маълумотларнинг илмий манбалар билан бойитилишига ва уни кенг жамоатчилик ўртасида тарғиб этиш имконини берган;
Қашқадарё халқ достонларида қўлланган  ономастик бирликлар,  антропоним,  топоним,  этноним, зооним,  астроним ва бошқа тур бирликлари аниқланиб, уларнинг туркий (ўзбек), араб, форс-тожик тиллардаги луғавий маънолари, тарихий-этимологик қатламлари, семантик хусусиятлари, номланиш тамойиллари билан боғлиқ илмий хулосалардан “Қашқадарё халқ достонлари ономастик бирликларининг қисқача изоҳли луғати” (ИСБН 978-9910-9727-5-1)ни тайёрлашда фойдаланилган. Натижада ўзбек тилидаги халқ достонлари ономастик бирликларининг қўлланилишига аниқлик киритилган ва луғатнинг изоҳли вариантини яратиш имконини берган. 

Yangiliklarga obuna bo‘lish