Sayt test rejimida ishlamoqda

Маматкулов Илхом Ибрагимовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Дон жўхорининг “Массино” навини экиш муддати ва туп сонини ўсиш, ривожланиши ҳамда ҳосилдорликка таъсири”, 06.01.08-Ўсимликшунослик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.2. PhD/Qx576.
Илмий раҳбар: Телляев Рихсивой Шамахамадович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат аграр университети, Озуқа экинлари илмий-тажриба станцияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти, DSc.05/30.12.2019.Qx.42.01.
Расмий оппонентлар: Остонақулов Тоштемир Эшимович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Бўриев Салимжан Самеджанович, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади дон жўхори “Массино” нави ўсимлигидан юқори сифатли уруғлик ва товар дон ҳосили етиштиришда мақбул экиш муддати, меъёри, схемаси, туп сонларини аниқлаш ҳамда дон ва ем-хашак етиштириш ҳажмини ошириш орқали қишлоқ хўжалигида иқтисодий самарадорликка эришишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Тошкент вилоятининг типик бўз тупроқлари шароитида дон жўхорининг “Массино” нави ўсимлигидан юқори сифатли уруғлик дон етиштиришнинг мақбул экиш муддати (10.04), меъёри (3,9 кг/га), схемаси 70×16-1, ўсимлик сони гектарига 90 минг/дона, товар дон етиштириш учун эса экиш муддати (20.04), меъёри (4,3 кг/га), схемаси 70×14-1, ўсимлик сони гектарига 100 минг/дона эканлиги аниқланган;
жўхорини дон учун мақбул экиб етиштириш муддати кечиккан ҳолатда (30.04) экиш меъёри (4,8 кг/га), схемаси 70×13-1, ўсимлик сони гектарига 110 минг/дона парваришланиб, куз қулай келса товар дон, бўлмаса чорвачилик учун юқори дон ҳосили ҳамда қимматли озуқа қуруқ ем-хашак 12,07 т/га етиштириш (4097 т/га озуқа бирлиги) имкони аниқланган;
“Массино” навини мақбул экиш муддати (10.04), меъёри (3,9 кг/га) схемаси 70×16-1 ва туп сони гектарига 90 минг бўлганда ўсимлик ўсиши ва ривожланиши жадаллашиб, бўйи 125,3 см, барг сатҳи 99300 м2/га, барг сони ўртача 16,3 дона, фотосинтетик соф маҳсулдорлиги гуллаш фазасида 648,7 см2/ўсимлик, бўғим сони 0,22 донага ортиб фаолияти яхшиланиши эвазига 71,2 ц/га сифатли ҳосил олиниши ҳамда рўвакдаги донлар сони бўлиқ бўлиши билан дон ҳосили ўртасида ўртача даражада корреляцион боғлиқлик (корреляция коэффициенти y=1,0464х+54,303) борлиги исботланган;
дон жўхори “Массино” навининг мақбул экиш муддат, меъёр, схема ва туп сонларида етиштириш самарали эканлиги аниқланиб, уруғлик дон учун экилганда 58500000 сўм/га, товар дон учун экилганда 22753024 сўм/га ва дон учун кечиккан муддатда озуқа сифатида фойдаланилганда 20836980 сўм/га соф фойда олиниб, қўшимча юқори сифатли уруғлик, товар дон ҳамда ем-хашак етиштириш мумкинлиги исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Дон жўхорининг “Массино” навини экиш муддати, меъёри, схемаси, туп сонини ўсиш, ривожланиш ва ҳосилдорликка таъсирини ўрганиш бўйича олиб борилган тадқиқотлар натижалари асосида:
“Жўхори навларини етиштириш агротехникаси” ҳамда “Дон жўхорининг “Массино” навини етиштириш бўйича тавсиялар” тасдиқланган (Қишлоқ хўжалиги билим ва инновациялар миллий марказининг 2024 йил 27 мартдаги 05/01-05/02-05/04-04-101-сон маълумотномаси). Натижада, мазкур тавсиялар жўхори етиштирадиган деҳқон ва фермер хўжаликлари, кластерлар ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият олиб бораётган мутахассислар томонидан қўлланма сифатида фойдаланиб келинмоқда;
дон жўхорининг “Массино” навидан дон олиш учун ҳамда бошланғич уруғчилик синови ишлари Тошкент вилоятининг Озуқа экинлари илмий-тажриба станциясининг тажриба майдонларида 10 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги билим ва инновациялар миллий марказининг 2024 йил 27 мартдаги 05/01-05/02-05/04-04-101-сон маълумотномаси).  Натижада, апрель ойининг иккинчи декадасида, 70×14-1 схемада экилганда, дон жўхорининг “Массино”  нави – ўртача 63,5-70,4 ц/га, андоза сифатида олинган “Ўзбекистон-5” навига (51,9-54,1 ц/га) нисбатан 11,6-16,3 ц/га юқори уруғлик дон ҳосили берганлиги қайд этилган. Ишлаб чиқаришда “Массино” нави уруғлик дон йўналишида етиштирилганда гектаридан 6,9-9,8 млн сўм қўшимча соф фойда ҳамда рентабеллик даражаси 63-89% олишга эришилган;
“Массино” нави бўйича тадқиқотлар Чимбой тумани Қорақалпоғистон деҳқончилик илмий-тадқиқот институтининг тажриба майдонларида жами 5,0 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги билим ва инновациялар миллий марказининг 2024 йил 27 мартдаги 05/01-05/02-05/04-04-101-сон маълумотномаси). Натижада, май ойининг биринчи декадасида, 70×14-1 схемада экилганда, “Массино” навидан ўртача 61,3-63,4 ц/га, андоза сифатида олинган “Бойжугари” навига (55,7-57,6 ц/га) нисбатан 5,6-5,8 ц/га юқори уруғлик дон ҳосили олинганлиги ва тўлиқ пишиш даври 11-13 кунга қисқарганлиги аниқланган. Ишлаб чиқаришда “Массино” нави уруғлик дон йўналишида етиштирилганда, ҳар бир гектардан 3,4-3,5 млн сўм қўшимча соф фойда, рентабеллик даражасини 31-33% олишга эришилган;
дон ва ем-хашак ҳосилдорлигига таъсирини ўрганиш Сирдарё  вилояти Янгиер шаҳар “Энергия Насл Чорва” фермер хўжалигида 30 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги билим ва инновациялар миллий марказининг 2024 йил 27 мартдаги 05/01-05/02-05/04-04-101-сон маълумотномаси). Натижада, дон жўхорининг “Массино” навида ўсимлик қалинлиги 90 минг бўлганда – 112 кунда дон тўлиқ пишиб етилиб, ҳосилдорлик - 58,9 ц/га, 100 минг бўлганда – 115 кунда дон тўлиқ пишиб етилиб, ҳосилдорлик - 65,2 ц/га, 110 минг бўлганда – 117 кунда дон тўлиқ пишиб етилиб, ҳосилдорлик 67,7 ц/га.ни ташкил этиб, гектаридан 8,8-10,1 млн.сўм соф фойда, рентабеллик даражаси 23,7-57,1 фоизга эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish