Sayt test rejimida ishlamoqda

Тораходжаева Икболхон Джураевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): “Ўзбекистон Республикасида божхона назоратининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш”, 12.00.02 - “Конституциявий ҳуқуқ. Маъмурий ҳуқуқ. Молиявий ва божхона ҳуқуқи” (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.3.PhD/Yu400.
Илмий раҳбар: Хамедов Исо Ахлиманович, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви Академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети, DSc.32/30.12.2020.Yu.74.01.
Расмий оппонентлар: Юсупов Сардор Баходирович, юридик фанлар доктори, профессор; Ҳамидов Анвар Музафарович, юридик фанлар номзоди.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Ўзбекистон Республикасида божхона назоратининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
қонун ҳужжатларида белгиланган тегишли талабларга жавоб берадиган юридик шахсларга божхона назорати ва расмийлаштирувини соддалаштирилган тартибда амалга ошириш ҳуқуқини берувчи ваколатли иқтисодий оператор мақомини яратиш зарурати асослаб берилган;
“божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисида”ги Киото конвенсияси нормаларига мувофиқ, божхона ҳудудидан ташқарида (ҳудудида) товарларни қайта божхона режимига жойлаштиришга рухсатнома олиш тартибини жорий этиш зарурати асослаб берилган;
божхона транзити режимида товарларни расмийлаштириш тартибини “божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисида”ги Киото конвенсияси нормаларига мувофиқлаштириш бўйича транзит декларацияси тушунчасини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш зарурати асослаб берилган;
автомобил, темир йўл ва авиа чегара божхона постлари орқали товар ва транспорт воситаларининг божхона назорати ва расмийлаштирувини енгиллаштириш мақсадида автомобил, темир йўл ва авиа чегара божхона постларида хавфни бошқариш тизимини жорий этиш зарурати асослаб берилган;
темир йўл транспорти орқали ташиладиган товарларнинг божхона назорати ва расмийлаштируви самарадорлигини ошириш мақсадида темир йўл транспорти орқали ташиладиган товарлар тўғрисидаги маълумотларни олдиндан электрон шаклда божхона органларига тақдим этиш амалиётини жорий қилиш зарурати асослаб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Тадқиқот иши бўйича олинган натижаларидан қуйидагиларда фойдаланилган:
божхона назоратини амалга оширишда қонунчиликда белгиланган талабларга жавоб берадиган юридик шахларга нисбатан махсус соддалаштирилган тартибдан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган таклиф Ўзбекистон Республикасининг 2022-йил 1-февралдаги 748-сонли “Ўзбекистон Республикасининг божхона кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунининг 71-моддасини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитасининг 2022-йил 14-июлдаги 3/05-22-00614-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг жорий этилиши қонун ҳужжатларида белгиланган тегишли талабларга жавоб берадиган юридик шахсларга ваколатли иқтисодий оператор мақомини олишга ҳуқуқий асос яратган;
божхона ҳудудида ва ҳудудидан ташқарисида товарларни қайта ишлаш режимининг ташкилий-ҳуқуқий жиҳатларини такомиллаштиришга оид таклиф Ўзбекистон Республикасининг 2022-йил 1-февралдаги 748-сонли “Ўзбекистон Республикасининг божхона кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунининг 134-моддасини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитасининг 2022-йил 14-июлдаги 3/05-22-00614-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг жорий этилиши божхона ҳудудида ва ҳудудидан ташқарисида қайта ишлаш режими талабларини халқаро стандартларга мослаштирилишига хизмат қилган;
божхона транзити режимида товарларни расмийлаштириш жараёнларини такомиллаштиришга оид таклиф Ўзбекистон Республикасининг 2022-йил 1-февралдаги 748-сонли “Ўзбекистон Республикасининг божхона кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунининг 257-моддасини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитасининг 2022-йил 14-июлдаги 3/05-22-00614-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг жорий этилиши божхона транзитини ташкил этилишини халқаро стандартларга мослаштиришга ва мазкур жараёнларни соддалаштиришга ҳуқуқий асос яратган;
чегара божхона постларида божхона назорати самарадорлигини оширилишига оид таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020-йил 5-июндаги 6005-сон “Ўзбекистон Республикаси божхона бошқарувини ислоҳ қилиш ва давлат божхона хизмати фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитасининг 2022-йил 14-июлдаги 3/05-22-00614-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг жорий этилиши автомобил, темир йўл ва авиа чегара божхона постларида хавфни бошқариш тизимини жорий этишга хизмат қилган;
темир йўл транспорти орқали ташилаётган юкларнинг божхона назоратини соддалаштиришга оид таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 27-апрелдаги 122-сон “Божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитасининг 2022-йил 14-июлдаги 3/05-22-00614-сонли маълумотномаси). Ушбу таклифнинг жорий этилиши темир йўл транспортида ташиладиган товарлар тўғрисида дастлабки электрон ахборот алмашиш тизимини яратишга хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish