Sayt test rejimida ishlamoqda

Акбарова Холисхон Маҳмудовнанинг
 фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): “Асқад Мухтор ижодида соҳавий атамалар лингвопоетикаси”, 10.00.01 – Ўзбек тили (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2023.2.PhD/Fil3247.
Илмий раҳбар: Жамолиддинова Дилноза Мирхожиддиновна, филология фанлари доктори (ДСc), профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қўқон давлат педагогика институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи: Қўқон давлат педагогика институти, PhD.03/04.06.2021.Fil.132.01.
Расмий оппонентлар: Азимов Иномжон, филология фанлари номзоди, доцент; Лутфуллаева Дурдона Эсоновна, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Андижон давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади лингвопоетиканинг назарий ва амалий масалаларини ёритиш, Асқад Мухтор асарларида қўлланган касбий атама ва фан соҳаларига оид терминларнинг бадиий-эстетик вазифаларини аниқлаш, уларнинг бадиий услубий хосланиши масаласини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ўзбек бадиий матнларида лингвопоетик мақсадга эришишда индивидуал ўхшатиш қурилмаларининг касбий атама ва терминлар воситасида ҳосил бўлиши мумкинлиги Асқад Мухтор асарлари лексик тизими мисолида далилланган;
ижодкор асарларида турли соҳа атамалари ва терминларининг ижодкор топилмалари сифатида хусусий муаллиф  ҳамда анъанавий метафорик маъно ифодалаши, улар орқали бадиий матнда тилнинг эстетик вазифавий имкониятларининг намоён бўлиши асосланган;
жаҳон тилшунослигининг лингвопоетика соҳасида эришилган назарий ва амалий ютуқлар асосида Асқад Мухтор насрий ва назмий асарларида қўлланилган терминологик бирликларнинг лингвопоетик-ҳосилавий хусусиятлари аниқланган;
Асқад Мухтор асарлари мисолида ўзбек тилидаги айрим касбий атамалар ҳамда турли фанлар терминларининг бадиий услубга хосланиш имконияти ва бу борадаги ижодкор маҳорати лингвопоетик жиҳатдан очиб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Асқад Мухтор ижодида касбий атама ва терминлар лингвопоетикаси таҳлили бўйича олинган илмий натижалар қуйидаги ишларда жорий қилинган:
жаҳон тилшунослигининг лингвопоетика соҳасида эришилган назарий ва амалий ютуқлар асосида Асқад Мухтор насрий ҳамда назмий асарларида қўлланган терминологик бирликларнинг лингвопоетик-ҳосилавий хусусиятларининг акс этиши ҳақидаги хулосалардан 2017-2020-йилларда амалга оширилган ФЗ-2016-0908165532 рақамли “Қорақалпоқ тилининг янги алфавити ва имло қоидаларига мувофиқ она тили ва адабиётини ривожлантириш методикаси” мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий тадқиқот институтининг 2023-йил 18-сентябрдаги 18.09.2023-сон маълумотномаси). Натижада ушбу лойиҳа доирасида касбий атама ва терминларнинг тил ўрганишдаги семантик аҳамияти янги қарашлар билан бойитилган;
ижодкор асарларида турли соҳа атамалари ва терминларининг хусусий-муаллиф (ижодкор топилмалари) ҳамда анъанавий метафорик маъно ифодалаши, улар орқали бадиий матнда тилнинг эстетик функсияси намоён бўлиши бўйича берилган хулосалардан ФА-А1-Г007-рақамли “Қорақалпоқ нақл-мақоллари лингвистик тадқиқот обекти сифатида” мавзисидаги амалий лойиҳада фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий тадқиқот институтининг 2023-йил 28 декабрдаги 28.12.2023-сон маълумотномаси). Натижада мазкур лойиҳада баён этилган назарий хулосалар тилшуносликнинг тадқиқ обектлари доирасини янада кенгайтиришга хизмат қилган; ¬
Асқад Мухтор асарлари мисолида ўзбек тилидаги айрим касбий атамалар ҳамда турли фанлар терминларининг бадиий услубга хосланиш имконияти ва бу борадаги ижодкор маҳорати ҳақидаги хулосалардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон телерадиоканали”да “Таълим ва тараққиёт”, “Ўзбекистон ёшлари”, “Адабий жараён” дастурлари ссенарийларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон телерадиоканали” давлат муассасасининг 2024-йил 9-январдаги 04.36-47-сон маълумотномаси). Натижада ушбу радиодастурларда Асқад Мухтор ижодига оид муҳим назарий маълумотлардан самарали фойдаланилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish