Sayt test rejimida ishlamoqda

Қодирова Феруза Муҳаммаджоновнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Пахтани майда ифлосликлардан тозалаш машинаси ишчи барабанининг самарали конструксиясини ишлаб чиқиш” 05.02.03 – Технологик машиналар. Роботлар, мехатроника ва робототехника тизимлари (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2023.4.PhD/Т4215.
Илмий раҳбар: Саримсаков Олимжон Шарипжанович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Наманган муҳандислик-қурилиш институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Наманган муҳандислик-технология институти ҳузуридаги илмий даражалар берувчи PhD.03/30.09.2023.Т.66.01 рақамли илмий кенгаш
Расмий оппонентлар: Джўраев Шерзод Собиржонович, техника фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент; Эргашев Жамолиддин Саматович, техника фанлари доктори (DSc), профессор.
Етакчи ташкилот: Фарғона политехника институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: пахтани майда ифлосликлардан тозалаш ускунаси ишчи барабанининг конструксиясини такомиллаштириш орқали пахта тозалаш жараёни самарадорлигини оширишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
пахта хомашёсини тозалаш жараёни математик моделининг таҳлили асосида ишчи барабан қозиқчалари кесим ўлчамининг ўзгариши пахта массасига бериладиган куч импулсининг ўзгаришига олиб келишини ҳисобга олган ҳолда пахта тозалаш ускунаси ишчи барабанининг қирралари пахтага зарба берувчи тишлар шаклида тайёрланган слиндрсимон, квадрат дисклардан иборат конструксияси ишлаб чиқилган;
тозалагич энергия сарфи ва тозалаш самарадорлиги пахтанинг ифлослик даражаси ва ишчи цилиндр айланиш тезлигига боғлиқлиги асосида, пахта тозалаш қурилмасининг пахтадаги ифлослик даражасига кўра ишчи цилиндр тезлигини ростловчи СCАДА тизими ишлаб чиқилган;
ускуна тозалаш самарадорлигининг пахтага зарба берувчи тишлар, тишлар билан тўрли сирт орасидаги масофанинг боғланиш регрессия тенгламалари асосида ишчи цилиндр дисклари, тишлар учи билан тўрли сирт орасидаги масофанинг рационал параметрлари аниқланган;
ускуна тозалаш самарадорлигининг пахтага зарба берувчи тишлар тезлик параметрлари ва пахта ҳаракати қонуниятларига боғлиқлиги асосида, тозалаш жараёнида пахта ҳаракатини таҳлил қилувчи дастурий таъминот ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Пахта тозалаш қурилмасининг самарадорлигини ошириш бўйича олиб борилган  назарий ва амалий тадқиқотларда олинган натижалар асосида:
квадрат пўлат диск қирралари диагонали бўйлаб чиқарилган тишга эга бўлган тозалаш цилиндрлари ўрнатилган пахта тозалаш ускунаси “Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари” уюшмаси тасарруфига кирувчи корхоналарда, жумладан “Косонсой пахта тозалаш” корхонасида ишлаб чиқаришга жорий этилган (“Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари” уюшмасининг 2024 йил 13 февралдаги 03/22-90 сон маълумотномаси). Натижада пахта толасидаги ифлослик ва нуқсонли аралашмаларнинг массавий улуши пасайган, тола сифати бир синф юқорига кўратилган, ҳамда пахта тозалаш машинаси самарадорлигини 53% дан 61% га ошириш имконияти яратилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish